islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Шайх Жамолиддин Ҳошим: “Мен ҳанафий мазҳабидаман ва шу йўлда собит тураман, бу мазҳаб ҳақ, дейиш мутаассиблик эмас!”

Тошкент ислом институтида “Январь – Фиҳқий фанлар ойлиги” муносабати билан, шунингдек, талабаларнинг қишки таътил даврини мазмунли ўтказиш мақсадида онлайн интеллектуал викториналар ҳамда профессор-ўқитувчилар томонидан маърифий суҳбатлар ташкил этилмоқда.
Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси томонидан мисрлик уламолар, Ҳадис илми мактаби ўқитувчилари Шайх Жамолиддин Ҳошим ва Шайх Маҳмуд Абдуллоҳ институтга таклиф этилди.
Ал-Азҳар шайхлари профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар учун “Ҳанафий мазҳабини ўрганишда билишимиз зарур бўлган муҳим жиҳатлар” мавзусида оффлайн-онлайн шаклида илмий суҳбат қилиб берди.
Суҳбат асносида бугунги кунда Ҳанафий мазҳабининг тутган ўрни, хоссатан, бизнинг диёримизда бу мазҳабнинг нақадар муҳимлиги борасида тўхталиб ўтди ҳамда ҳанафий мазҳабининг ҳукмларни олишдаги услуби ва унинг бошқа мазҳаблардан устунлигига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, “Мен ҳанафий мазҳабидаман ва бу йўлда собит тураман, бу мазҳаб ҳақ” дейиш мутаассиблик ҳисобланмайди. Балки, ҳақ нарсани билиш ва бошқаларга билдириш динга хизмат қилишнинг бир туридир. Сиз каби устоз ва олимларга ушбу мазҳабни ўргатгандан кейин талабаларингизнинг қалбига унинг тўғрилигини сингдиришингиз лозим бўлади. Ҳанафий мазҳаби фиқҳ, усулул фиқҳда, тафсирда ва ақидада ҳам мукаммаллигини илмий асосда сингдириш керак. Ҳозирги замонимиздаги иддаолар – мазҳаб мумкин эмас, мен Пайғамбаримизнинг мазҳабидаман деган киши асли ўзининг жаҳолати билан иш қилаётган бўлади. Чунки соғлом ақл ва салоҳиятли илм эгаси бу қарашнинг хатолигини дархол англайди.
Аслида мазҳабга амал қилиш, бу шариатга, Қуръон ва суннатга амал қилиш деганидир. Балки, хозирги уламолар мазҳабга амал қилишни эътироф этадилар. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга қилинган тухматлардан бири бу – у зот муҳаддис бўлмаган дейишади. Бу нотўғри тушунча. Тўғри, у зот ривоят учун илмий давра ташкил қилмаган бўлсалар ҳам дироят учун илмий мажлис қилганлар. Барча шогирдларига ҳадис ва фиқҳ илмини етказганлар. Китоб таълиф қилишда эса, Имом Муҳаммад, Имом Абу Юсуф каби шогирдлари кўплаб хизмат қилганлар. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ катта фақиҳ ҳисобланадилар. Фақиҳ бўлган шахс одатда ҳадис илмини пухта билади. Манбаларда ҳадис илмини билмасдан ўзига фақиҳ нисбатини берадиган олимлар ҳақида: “Фақиҳ киши ҳадис илмидан хабари бўлмаса, бундай инсон кўзи бору кўра олмайди”, дейилган.
Ҳанафийларнинг муҳаддис олимларига яққол мисол қилиб Абу Жаъфар Таҳовийни мисол қилиб олишимиз мумкин. Бу олимнинг даражаси “Сиҳоҳи ситта” соҳибларининг даражасидан кам эмас ва буни барча эътироф этади. Ҳозирги кунда бизлар учун муҳим бўлган омилни ҳам келтирди. Яъни, араб тилини мукаммал ва пухта билиш. Зеро, Қуръон араб тилида нозил бўлган, Пайғамбаримизнинг тиллари араб, исломнинг барча масдарлари араб тилига асосланган. Араб тилини билмасдан туриб, бу мазҳаб хато, бу олимнинг фикри нотўғри дейиш жоҳилликдан бошқа нарса эмас.
Меҳмонлар суҳбат якунида саволларга жавоб бердилар. Шайх Жамолиддин Ҳошим ва Шайх Маҳмуд Абдуллоҳ устоз ва талабалар хақларига самимий дуо қилдилар.

 ТИИ Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси

ўқитувчиси Алибек Тўхтаев

269520cookie-checkШайх Жамолиддин Ҳошим: “Мен ҳанафий мазҳабидаман ва шу йўлда собит тураман, бу мазҳаб ҳақ, дейиш мутаассиблик эмас!”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: