islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Бидъат тушунчасига ислом уламоларининг берган таърифлари

Бидъат янги пайдо қилинган иш бўлиб, дин камолига етгандан сўнг унга янги иш киритишдир. Бидъат бу шариатда унга ишора қиладиган асоси бўлмаган бирон ишни биринчи бўлиб янгидан пайдо қилинган ишдир. Шариатда унга далолат қиладиган асоси бўлса, у луғат жиҳатдан бидъат дейилсада, шаръий бидъат бўлмайди .

Бидъат таърифи ва тушунчасини чегараси борасида уламолар кўплаб фикрлар билдирганлар:

Ибн Ражаб айтади: “Бирор инсон олдин содир бўлмаган янги ишни яратиб уни динга боғласа ва динда бу иши учун бирон асос бўлмаса, у залолатдир. Диннинг бу ишга алоқаси йўқдир» .

Имом Молик айтади: “Бу уммат ичидан олдин бўлмаган янги ишни яратган кимса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам динга хиёнат қилди деб ҳисоблаган бўлади. Чунки Аллоҳ Таоло Моида сурасининг 3-оятида шундай дейди: “Бугунги кунда Мен сизнинг динингизни мукаммал қилиб бердим”. Ўша вақтларда дин бўлмаган иш, бугун ҳам дин бўлмайди. Чунки Аллоҳ таоло шариат Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотидан олдин мукаммаллик даражасига етказилганлигини хабар бермоқда. Шу сабаб бир инсон келиб шариатда бирон иш ўйлаб топса унинг бу иши тасаввурга сиғмайди. Динга қўшимча (бидъат) киргизиш Аллоҳ Таолонинг ишига тўғирлаш киритиш ҳисобланади. У шариат ноқис (мукаммал эмас) деб даъво қилаётган бўлади. Бу эса Аллоҳ Таолонинг Китобида келган нарсага зид келмоқда.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу: “Барча бидъат залолатдир. Гарчи инсонлар уни яхши деб ҳисобласаларда”. Байҳақий ривояти.

Хасан Басрий роҳимаҳуллоҳ: “Бидъатчи фосиқ билан ўтирма, акс ҳолда, қалбинг унинг гапига мойил бўлади ва натижада ҳалок бўласан. Унга қарши чиққан тақдирингда, қалбингга мараз киради” деганлар. Яҳё ибн Касир эса: “Агар йўлда бидъатчига йўлиқиб қолсанг, бошқа йўлга бурилиб кет!” деб айтганлар.

Имом Аҳмад: “Бизнинг наздимизда суннатнинг асли Расулуллоҳнинг саҳобалари юрган йўлни маҳкам ушлаш, уларга эргашиш ва бидъатни тарк қилишдир. Ҳар бир бидъат залолатдир”.

“Таблису иблис” китобининг муаллифи айтади: “Оиша розияллоҳу анҳудан баъзи сўзлар марфуъ тарзда ривоят қилинади: “Оиша розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам айтади: “Ким бидъатчини ҳурматини жойига қўйса, исломни бузилишига ёрдам берибди”.

Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ривоят қилади. У Саид ал-Каририйдан ривоят қилади: “Сулаймон Таймий касалга чалинди. Касал ҳолида ётар экан қаттиқ йиғлади. Унга: “Сизни нима йиғлатмоқда? Ўлимдан қўрқяпсизми?”-дейишди. У: “Йўқ. Лекин мен бир қадарийни олдидан ўтаётиб унга салом бергандим. Шу сабаб Аллоҳим мени шу ишим учун ҳисоб сўрашидан қўрқмоқдаман”.

Айюб ас-Сахтаёнийдан Ҳишом бин Ҳассон ривоят қилади: “Бидъатчи бир бидъатни кўпайтирар экан, Аллоҳдан янада узоқлашаверади”.

Ворид бўлган ҳадис ва ривоятлар шариатдаги бидъат қораланганига ишора қилади. Шу сабаб мусулмонлар улардан сақланишлари лозим. Чунки янги пайдо бўлган эътиқодларни динга боғлиқ жойи йўқ. Динга боғлиқ бўлмаган нарсани динга кириши динга зарар етказади. Бу ниҳоятда хатарли ва Аллоҳнинг ғазабини келтирувчи ишдир. Шу сабаб бу ишни қилганлардан ислом уламолари юқоридаги каби муносабатда бўлишган. Инсон бу каби эътиқодлардан узоқ бўлиши ва атрофдагиларни огоҳ этиши лозим.

 4курс талабаси 

Сайфуддинова Маҳфуза

38960cookie-checkБидъат тушунчасига ислом уламоларининг берган таърифлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: