islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳикматли насиҳат

Саъид ибн Мусайябдан ибн Абу Дунё ривоят қилади:

Луқмони ҳаким бир куни ўғлига насиҳат қилиб: “Эй, ўғилчам! Ҳаётингда ўзинг рози бўлган ёки ёқтирмаган неки иш бошинга тушмасин, бу ишда албатта мен учун яхшилик бор, деб билгин” деди. Ўғли ҳайрат билан: “Отажон, сиз айтган ҳолатни ўз кўзим билан кўрсам, кейингина иймоним комил бўлади”, деди. Отаси: “Ҳой, болакай! Аллоҳ таоло пайғамбарларни бежиз юбормаган. Мен билан юрсанг, бунга ўзинг ҳам гувоҳ бўласан”, деди. Ўғли: “Хўп отажон!”  дея отаси билан аввалдан режалаштирилган сафарга чиқишга рози бўлди.

Сафарда зарур бўладиган нарсаларини эшакка ортиб, ота-бола йўлга тушдилар. Бир неча кун йўл юрганларидан кейин бир саҳрога келишди. Саҳрода Аллоҳ истаганча юришди. Йўл олислигидан сувлари ҳам озуқалари ҳам тугаб, машаққатлари ортиб борарди. Саҳронинг жазирама иссиғи ўз кучини кўрсатар, чанқоқ ва очлик уларнинг тинка-мадорини қуритган эди. Уловларини ҳам олдларига солиб аранг ҳайдаб боришарди. Кўзланган манзилга етай деб қолишган эди. Луқмони ҳаким диққат билан қарасалар, узоқдан ниманингдир қораси ҳамда тутун кўринди. “Ҳа! Дов-дарахт, тутун, одамлар – манзилга етиб қолдик. Машаққатдан қутуламиз!” деб ич-ичидан суюнди. Шу пайт ўғли ногаҳон бир суякни босиб олди. Суякнинг учқур томони оёқни тешиб ўтган эди. Оғриқнинг зўридан беҳуш йиқилди. Ота бечора келиб ўғлини бағрига босди. Ханжардек қадалиб турган суякни тишлари билан зўрға суғуриб олди.

Боланинг аҳволи жуда аянчли эканидан боласининг бошларини силаб юм-юм йиғлади. “Йиғлаяпсизми ота?! Бу кўргулик мен учун яхшиликмикан? Сув ҳам овқат ҳам тугади. Қаерларда қолиб кетдик, ахир. Мени ташлаб кетсангиз, бир умр виждон азобида қоласиз. Мен билан қолсангиз, иккимиз ҳам бу кимсасиз саҳрода нобуд бўламиз…” деди ўғил. Ўғлининг сўзларидан  насиҳатига шубҳа қилаётгани  яққол сезилиб турарди. Луқмони ҳаким оталарча меҳрибонлик ва мулойимлик билан: “Отангман ахир, азобларингга чидолмай йиғлаяпман, болам. Манзилга етолмай бундай ётишинг балки бирор яхшилик белгисидир. Бу қийинчилик сендан буриб юборилган даҳшатли офат олдида арзимасдир, балки?” деб уни юпатди.

Юраги тилка-пора бўлган ота бояги тарафга эътибор қилса, на тутун бор, на дов-дарахт. Ҳайрон бўлиб бўй чўзган эди, ўша томондан чиройли отда бир киши шу томонга келаётганини кўрди. Оппоқ кийимли ва оппоқ салла кийган жуда хушсурат киши отини елдек учириб, уларга яқинлашди. Чавандоз диққат билан кузатиб турган Луқмони ҳакимга яқин қолганда юзини беркитиб олди ва: “Сен Луқмонмисан?” деди. “Ҳа”, деди. “Сени Луқмони ҳаким дейишади, тўғрими?” деб такрор савол берди отлиқ. “Ҳа, шундай” деб жавоб қилди Луқмони ҳаким. “Ўғлинг сенга нима деган эди?” деб сўради отлиқ яна. Луқмони ҳаким: “Аллоҳ хайрингизни берсин, биродар. Кимсиз? Овозингизни эшитяпман-у, юзингизни кўра олмаяпман” деди. Отлиқ жавоб қилиб: “Мен Жаброилман! Роббим менга мана шу шаҳарни ва ундаги ким бўлса, барини ер билан яксон қилишни буюрди. Шу шаҳарни қасд қилиб кетаётганингиздан хабар топиб, Роббимдан сизларни тўхтатиб туришини сўрадим. Бу боланинг оёғига суякнинг кириши шундан. Шаҳарга кирганингизда, нобакорлар билан ҳалок бўлардингиз!” деди. Кейин отидан тушиб, боланинг оёғини силаган эди, жароҳат битиб, йигит ўрнидан турди. Идиш ва хуржун ҳам силаши билан сув ва озуқага тўлди. Уловлари ҳам ётган жойидан ирғиб туриб кетди. Машаққатли, шу билан бирга ибратга тўла бу муборак сафардан кейин омонликда ўз манзилларига етиб олишди.

Жалолиддин Суютийнинг “Ад-дурр ул-мансур”

  китоби асосида

Тошкент ислом институти талабаси

Мирзақулов Лутфуллоҳ

тайёрлади

414420cookie-checkҲикматли насиҳат

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: