islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Сунани Термизий: Таҳоратсиз намоз қабул бўлмаслиги боби

الحمد لله و الصلاة و السلام على رسول الله و على آله و صحبه و من والاه. أما بعد:

Биз ҳадис илмига муқаддима дарсларида шуни таъкидлаб келмоқдамизки, ҳадис илмида китоб соҳиблари, хусусан Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насаъий, Имом Ибн Можа ва у зотлардан олдинги ҳамда кейингиларнинг ҳолати, яъни китобларини бобларга, китобларга, таржиматул бобларга тартиблаш синоати(илми) бу – етук бўлган зотларнинг ишидир. Шубҳасиз, бу таъкидимиз ортидан бир савол туғилади:

«Аввалги ўтган имомлар, муҳаддисларда биз номларини зикр қилаётганлар учун бу синоат бобида бирор ўрнак борми ёки баҳс қилаётганимиз йўналишнинг тамал тошлари айни кутутби ситта соҳибларими?»

Бу саволга берилажак тўғри ва ягона жавоб эса: «Албатта, аввалгиларда бу кишилар учун ўрнак бор», деб айтишдир. Жавобни шу тариқа тақдим этиш билан бирга бу намуна кам сонли бўлганини ҳам эътибордан қочирмаслигимиз зарур. Жавобга қилаётган «… лекин кам сонли бўлишган», деган иловамиз кетидан нима учун деган савол ўртага ташланиши, табиий.

Нимага шундай? Чунки уларнинг шиори «إلا حديث رسول اللهﷺ » бўлган. Аввалгилар учун китобга туширганлари ҳолда ҳам Росулуллоҳнинг ҳадислари билан бир қаторда бошқа нарса бўлмаслиги керак эди. Ҳатто саҳобанинг сўзи ҳам ҳадис билан бир сафдан жой эгалламаган. Тобеиннинг сўзлари ҳам… Шундай бўлганидан кейин китоб соҳибининг сўзи ҳақида оғиз жуфтламаса ҳам бўлаверади. Росулуллоҳ алайҳиссолату васалламнинг ҳадислари билан бирга Имом Моликнинг фатволари жойланган «الموطأ» асари борасида гап-сўз бўлгани ҳам айни шундан. Имом Муҳаммаднинг ривояти билан-ку, ҳол тамомила даҳшатли сурат касб этган. Чунки имом Муҳаммад Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳунинг далилларини ҳам зиёда қилиб:

«و به نأخذ, هذا قول أبي حنيفة»

«و به قال أبو حنيفة رحمه الله», деб кетарди.

Муҳаддислар бу каби ҳолатларни ҳазм қила олишмас эди. Бу марҳала ҳижрий 2 ва 3аср орасига тегишли ҳисобланиб, олдингиларда уни учратмаймиз. Бу ҳадис илми борасидаги янги босқич. У даврлар муҳаддисларнинг гапи гап, жарҳ ва таъдил шавкати учиб турган бир пайт эди. Вазиятни теранроқ англашимиз учун, келинг яхшиси, воқеъликка тарих ойнаси орқали назар ташлаймиз:

Тарсус(Тарихи ҳақида кейинги дарсда айтилади). Ҳозирги Туркия ҳудуди. У ерда Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ бир гал ҳадис мажлисида эди. У зот «Зуҳд ва Рақоиқ» номли китоб ёзган. Ҳадис соҳиби бўлган киши. У кишининг қўлида китоблари бўлиб, ундаги ҳадислар мавзулаштирилган, бобларга ажратилганди:

Саловатнинг фазли ҳақидаги боб;

Тавба ҳақидаги ҳадислар ва ҳоказо;

Муҳаддислар оммаси буни қабул қила олмади ва мажлисдан ўтиб кетаётган машҳур муҳаддис Абу Усома Абдуллоҳ ибн Муборакка қарата: “Бу нима қилганингиз?”, деди. Вазиятни англаяпсизми?! Кимсан суннат соҳиби бўлган, машҳур муҳаддиснинг қилаётган иши бидъат деб аталадиган бўлса, қолганларнинг ҳаракати нима бўлди?! Саволдан таажжубланган ибн Муборак:

Нима қилибман?!

Бизнинг шайхларимиз тутмаган йўсинда иш кўряпсиз. Таснифда ҳадисларни бобларга ажратганингизга рози эмасмиз!

Муҳаддислар бобларга ажратиш, китобларга бўлиш амалиётини ўзининг ишига моҳир бўлган ҳадис синоатининг вакиллари тарафидан қабул қила олишмаган бўлса, ҳудди шу иш асҳоби раъй, мутакаллимлар, аҳли тариқат тарафидан бажарилса, уёғини тушунаверасиз! Тасаввур қилаверасиз! Бу борадаги энг қизғин ўринни айтадиган бўлсам… имом Шофеъий… Муҳаммад ибн Идрис – ривоят билан дироятнинг орасини жамлаган зот. Имом ўзининг давридаги шайхлар билан бир сафар араб адабиёти борасида музокара қилиб, Ҳижоз аҳлининг машҳур балоғат ва фасоҳатли лаҳжаси – Ҳузайлдаги шеърларни айтиб ўтирганди суҳбат якунига етгач, ҳаммажлисига: «Илтимос, буни муҳаддислардан сир тутинг. Улар буни кўтара олишмайди», деди. Тўғри-да! Муҳаддислар Шофеъийнинг шеър айтиб юрганини эшитиб қолса борми… Бундай бўлиши мумкин эмас!!! Фақат ва фақат ҳадис бўлиши зарур. Бошқаси қабул қилинмайди! Фиқҳул ҳадис ҳам бошқаси ҳам ҳеч бири ҳазм қилинмаган, ҳадисдан бошқасини кўтара олишмаган. Бу босқич, давр тақозосини билган имом Шофеъий шунинг учун сир тутишини сўради.

Яна бир жонли мисол: Имом Аҳмад. У киши ҳам китобларда ҳадисдан бўлак нуқтани қабул қилмаган. Саҳобанинг фатвосими ёки тобеъинникими ё бўлмаса китоб соҳибининг гапими – барини рад этиб юрганлар. Ҳадисларни китоб келтиришга саҳиҳ услубни танлайсанми ёки мусаннаф шаклидан фойдаланасанми барибир фақат ҳадис бўлсин! Имом Аҳмад ҳам бу қоидадан аввалда маҳкам турган бўлсалар ҳам кейинги босқичларда рухсат берди, ўзи ҳам қабул қилди. Ҳадис илмига кираётган талаба бу жараёнлар билан яхши таниш бўлиши зарур. Бундан бошқача бўлиши мумкин эмас. Боб ва китобларга ажратиш ишида энг илғор йўналиш сунан эканини ҳам билиб олиш фойдадан ҳоли бўлмайди. Бу тартиб ҳадисларни жамлаш ҳар муҳаддиснинг ҳам қўлидан келавермайди. Боиси шариат ҳукмларининг амалий жамланмасидир. Сунан услуби энг юқори кўриниш. Хусусан, имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ бу йўналишнинг энг юқорисида эканини таъкидлаб келяпмиз. Бунинг сабаби эса У зот танлаган таржиматул боблар – у кишинингнг фиқҳи, ўша ҳадисдан олган ҳукмидир.

 

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси

Ўқитувчиси Халилуллоҳ Юсуф

415110cookie-checkСунани Термизий: Таҳоратсиз намоз қабул бўлмаслиги боби

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: