Бутун инсониятга раҳмат ўлароқ юборилган Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир амалларида биз учун гўзал намуна бор. Зеро, Аллоҳга муҳаббатни даъво қилаётган киши биринчи галда Расулуллоҳга эргашмоғи зарур. Жумладан, мисвок ишлатиш ҳам у зотнинг суннатлари сирасига киради.
Истеъмолимизда мавжуд бўлган мисвок қилиш деган истилоҳдан тишни ишқалаб ювиш маъноси тушунилади. Мисвокнинг тарихига назар ташласак, ўша вақтда маълум бир буталарнинг, аниқроғи арок номли бутанинг учи юмшатилган новдалари билан тиш тозаланган ва ана шу мисвок дейилган. Мисвокнинг фазилатлари ҳақида Расулуллоҳдан кўплаб ҳадислар ворид бўлган:
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мисвок оғизни покловчи ва Роббни рози қилувчидир», дедилар».
Ислом бутун оламни жаҳолат зулматидан ҳидоят нури томон чиқариш учун келди ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни покликка ўргатиш баробарида ўзлари ҳам бунга жонли мисол ўлароқ яшаб ўтдилар. Одатда, киши оғзини поклаш орқали шахсий гигиенага амал қилишини мақсад қилади. Бироқ Ислом бу амалиётни ибодат даражасига кўтарди ва «Роббни рози қилувчи» иш сифатида юқори мартабага олиб чиқди. Бундан кўринадики, мусулмон киши учун мисвок қилиш фақатгина новда, қўл ёки тиш ювиш воситасидан фойдаланиб оғизни ишқалаб, чайиб ташлаш деган оддий бир маънони англатмайди. Балки, тишларни пок сақлаш Аллоҳнинг амри, Расулининг суннати, бир сўз билан айтганда, шариат кўрсатмаси экан. Бундан ташқари, бу фармонга оғишмай, ихлос билан амал қилган мусулмон киши мисвок орқали Аллоҳнинг розилигини қўлга киритиши мумкин. Демак, умумий маънода поклик, хос маънода эса оғиз бўшлиғини пок сақлаш диний ҳамда тиббий нуқтаи назардан ҳам алоҳида эътибор қаратиладиган муҳим ишлардан бири саналади. Шу сабабли мавзунинг тиббий нуқтаи назарига бироз тўхталиб ўтамиз.
Одатда, одамнинг оғзи озуқа ҳамда дори воситаларининг организм ичига кириши учун эшик вазифасини ўтайди. Баъзида оғиздан нохуш ҳид анқиб туради. Буни тиббий мутахассислар оғиз бўшлиғининг яллиғланиши, тишларнинг чириши, яхши ўрнатилмаган протез ёки сунъий тишлар, тиш ковакларида овқат қолдиқларининг йиғилиши билан боғлиқ деб изоҳлашади. Бу ҳолатни бир сўз билан шахсий тиббий гигиенага риоя қилмаслик дейиш мумкин.
Маълумки, стоматологик касалликлар кенг тарқалган хасталик туркумига мансуб. Стоматологлар тишларни тозалаш, милкларнинг зарарланишини олдини олиш учун турли тиш ювиш воситалари, гель ҳамда чайиш бальзамлари билан бир қаторда барининг энг яхши давоси сифатида мисвокни тавсия қилишади. Бу эса ўн асрдан ортиқ вақтдан бери ўз хусусиятини йўқотмай келаётган шифо услубидир. Ҳозирги кунда одамларга қулай бўлиши учун арок дарахти моддаларидан олинадиган тиш пасталари ҳам кенг оммалашди. Масалан, атир-упа ишлаб чиқарувчи Россиянинг машҳур «Faberlic» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган тиш пастаси, Ҳиндистоннинг «Hemani» корхонасининг «Miswak» номли тиш пастасининг қора седана қўшилган ҳамда бошқа бир қатор турлари мавжуд.
2021 йилда И.А.Гаврилов томонидан “Оценка антимикробной активности мисвака – Мисвокнинг микробга қарши фаоллигини баҳолаш” мавзусида илмий тадқиқот амалга оширилган ва у Белорус Давлат тиббиёт университетининг расмий саҳифасида эълон қилинган. Шу ва бундан бошқа тадқиқот ҳамда изланишларда арок дарахтидан олинадиган мисвок инсон танасида қон айланишини яхшилаши, турли микробларга қарши курашувчи, бир қатор фойдали моддаларга бой беназир восита экани эътироф этилмоқда. Бир қарашда оддийдек туюлган мисвак таркибида ўттизга яқин фойдали моддалар мавжуд экани аниқланган. Уларнинг баъзисини Гаврилов ҳам ўз илмий ишида ёритиб ўтган. Жумладан, мисвокнинг таркибида фтор моддаси борлиги сабабли у тишларнинг кариесга чалинишида самарали профилактик восита бўлиб хизмат қилади. Бундан ташқари унинг таркибидаги хлор эса тишларнинг сарғайишини кетказади. Бу жараёнда мисвокнинг таркибий компонентларидан бири бўлган силикат моддаси ҳам ёрдам беради.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ислом мисвокни ибодат даражасига кўтарганини теран англаганимиз ҳолда бу ибодатга астойдил бўлишимиз ҳамда фарзандларимизни ҳам суннат руҳида тарбиялашимиз керак бўлади. Бу эса мусулмоннинг улкан вазифасидир.
ТИИ 3-босқич талабаси
Камолов Жасурхон