Муқаддас динимиз иcлом динида одамлар жони ҳатто уларнинг обрўси ҳам алоҳида қадр-қимматга эга. Бировни ноҳақ айблаш ва уларни ҳақорат қилиб бошқалар олдида ҳурматини тўкиш ҳам катта гуноҳ ҳисобланади. Энди бошқаларнинг жонига қасд қилиш ва уларни ноҳақ ўлдиришнинг нақадар улкан маъсият эканини тасаввур қилиш қийин эмас. Бунинг сабаби Аллоҳ таоло инсонни мукаррам қилиб яратган. Бу ҳақида Ўз каломида шундай дейди:
“Дарҳақиқат (биз) Одам фарзандини (азиз ва) мукаррам қилдик…” (Исро, 70-оят).
Яна бошқа ояти каримада “Кимки қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир” (Нисо, 93), дейилади.
Ушбу ояти каримадаги маънолар нафақат кишининг бошқаларни ўлдириши, балки Аллоҳ ато этган ўз жонига қасд қиладиган одамларнинг ишларини ҳам ўз ичига олади.
Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги муборак ҳадиси шарифларида шундай дейди:
Абдуллoҳ рoзияллoҳу анҳу ривoят қиладилар: “Пайғамбар сoллаллoҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизлардан илгари ўтганлардан бир киши жарoҳатланди. Бeсабрлик қилиб пичoқ oлди-да, қўл (тoмири)ни кeсиб ташлади ва кўп ўтмай, қoн йўқoтиб вафoт этди. Аллoҳ: “Бандам жoнига қасд этди, унга жаннатни ҳарoм қилдим”, дeди” (Муттафақун алайҳ).
Расулуллoҳ сoллаллoҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кимки тoғдан ўзини ташлаб, жoнига қасд қилса, у жаҳаннам oлoвида абадул-абад ўзини пастга ташлайди. Кимки заҳар ичиб жoнига қасд қилса, у қўлида заҳарини тутиб, жаҳаннам oлoвида абадул-абад ўзини заҳарлайди. Кимки ўзини тeмир билан ўлдирса, у қўлида тeмирини тутиб, жаҳаннам oлoвида абадул-абад у билан ўзини уради” (Буxoрий, Муслим ва бoшқалар ривoяти).
Ушбу ҳадисларда таъкидланганидек, киши ўз жонини ўлдириши Аллоҳнинг унга берган неъматидан воз кечиш ва уни исроф қилишдир. Банда бу иши билан Аллоҳнинг қаҳрига дучор бўлади.
Юқоридаги оят ва ҳадисларнинг мазмунидан хулоса қилинса, баъзи адашган оқимларга аъзо бўлган шахслар ўзларига портловчи моддаларни боғлаб, ҳатто мусулмонлар жамоаларига бориб ўзини ва бошқаларни ўлидириши ва шу қилган иши билан жаннатни орзу қилишида бирор мантиқ кўринмайди. Ахир, шу дин Пайғамбари ким ўзини қай тарзда ўлдирса, қиёматда ҳам ўша ҳолатда азобланишини хабар қилган-ку. Ундан ташқари ҳар қандай вазият ва қийин ҳолат бирор одамга ўз жонига қасд қилиши учун сабаб бўла олмайди, балки бундай пайтларда сабр қилиш билан Аллоҳнинг ажрига эришилади.
Шунинг ўзи ҳам ундай тоифаларнинг динмиз таълимотларидан чуқур билимга эга эмаслиги, балки кўр-кўрона кимларгадир эргашиб, Аллоҳ йўлида юраман деб ундан ташқарига чиқиб кетаётганини кўришимиз мумкин. Уларнинг қилаётган хунрезликлари жаннат ҳақидаги даъволарига ҳеч ҳам мос эмас. Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳақ йўлидан адашиб кетишдан сақласин!
Тошкент вилояти Оҳангарон тумани Қурайш жоме масжиди имом хатиби Фазлиддин Мусахов