islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

КЎЗ ҚАРОҒИНГИЗДАН АЖРАЛДИНГИЗМИ?

(Давоми)

Нурафшонга айланган тунлар…

Муолажалар тугаши арафасида жисмоний ва руҳий изтиробларим туфайли уйқумни деярли йўқотдим. Бир куни ўзимни мажбурлаб ётоқдан турдим ва таҳорат олиб, таҳажжуд намози ўқий бошладим. Ё Раббим! Мен ҳеч қачон мана шу ибодат пайтидагидек ўзимни Aллоҳга яқин ҳис қилмагандим! Одатда, тўсатдан йиғлай бошлаганимда, эрим, онам ёки қайнонам менга тасалли беришарди. Лекин бу сафар умуман бошқача бўлди. Ич-ичимдан қуйилиб келаётган йиғидан ўзимни тўхтата олмадим, кўз ёшларим бетўхтов жойнамоз устига оқиб тушар ва негадир бу жараён менга беқиёс тасалли барарди. Назаримда, асл бандалигимни эътироф этиб, шўрлаган манглайимни ерга қўйганим ҳамоно, Меҳрибон ва Раҳмли Оламлар Эгаси томонидан йўналтирилган илоҳий нур бемисл тафтини борлиғим узра ташлади-ю, руҳимни кемириб ётган изтироб музтоғлари раббоний илиқликка дош беролмасдан кўзёшлари шаклида танамни бирин-кетин тарк эта бошлагандек… Айни дамда мени қамраб олган ғалати туйғу таърифига тил ожизлик қилар даражада ўзига хос жуда ажойиб руҳий ҳамда жисмоний бир ҳол эди. Ибодат қалбимни қай йўсин ва қанчалик хотиржам қилиб қўйганини ҳатто тасаввур ҳам қилолмайсиз. Жойнамоз устидаги сокинлик, саждадаги маънавий лаззат, худди қалбимдаги бор-будимни тўғридан-тўғри Аллоҳга тўкиб солаётгандек ва ички қийноқларимни ёлғиз Меҳрибонимга айтиб бераётгандек эдим гўё. Ўйлаб қарасам, ўзи аслида ҳам ҳақиқатан шундай экан. Хуллас калом,  тунги ибодат менинг ҳиссиётларимни тиклашдаги энг муҳим қадамларимдан бири бўлди, десам, асло муболаға қилмаган бўламан.

Дуоларла зийнатланган ҳаёт…

Намоздан ташқари, мен Роббим билан боғланиш учун дуога шўнғидим. Қўлларимни кўтариб, Ўта Раҳмли Эгамга илтижо қилар ҳамда қайғуим, алам ва ғамларимни ёлғиз Ўзигагина тўкиб солардим. Ёқуб алайҳиссалом сингари: “Албатта мен дарду-ҳасратимдан фақат Аллоҳга шикоят қилмоқдаман” (Юсуф сураси, 86-ояти), дердим тинмасдан.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) марҳамат қилганлар: » Аллоҳ таолонинг наздида дуодан кўра мукаррамроқ нарса йўқ (Термизий, 3370-ҳадис).

Яратган Эгам аввало ўзимга жисмоний, ҳиссий ва маънавий куч-қувват бағишлаши, келажакда соғлом ҳомиладорлик насиб қилиши, турмуш ўртоғимнинг ҳам қайғуларини аритишини сўрадим. Қолаверса, худди ўзимга сўраганим каби бундай мусибатни бошидан кечирган бошқа муслима аёллар учун ҳам айнисини ато этишини Парвардигоримиздан ёлвориб илтижо қилдим. Эсон-омон қўлимга ололмаган “миттигина фариштам” билан жаннатларда юзма-юз учрашиш, тўйиб-тўйиб бағримга босишимни сўрадим Бемисл Қудрат Соҳибидан. Ҳамма нарса учун дуо қилдим. Инчунун, дуо – тўшакда бемажол ётган ҳолимда қилишим мумкин бўлган ягона чора эди ва мен ушбу раҳмат чашмасидан қониб-қониб симириш учун қўлимдан келганича талпиндим.

(Давоми бор…)

Нигора УСМОНОВА, Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси

Нилуфар КАБУЛОВА, репродуктолог, гинеколог, нутрицолог

462680cookie-checkКЎЗ ҚАРОҒИНГИЗДАН АЖРАЛДИНГИЗМИ?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: