islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

КЎЗ ҚАРОҒИНГИЗДАН АЖРАЛДИНГИЗМИ?

(Давоми)

Азобларга тўла сабр-бардош…

Оғриқ икки хил бўлади: жисмоний ва ҳиссий. Касаллик − жисмоний оғриққа сабаб бўлса, яқин кишиси, севганини йўқотиш эса ҳиссий оғриқни келтириб чиқаради. Ҳомила тушиб қолишида эса, оғриқнинг ҳар иккала тури ҳам мавжуд. Бу сизга ҳам жисмоний, ҳамда руҳий жиҳатдан бирваракайига азоб келади, демакдир.

Мен ҳиссий оғриқни енгишга ҳаракат қилдим, лекин баъзида жисмоний оғриқнинг ортиши одамни ҳиссий азобларга кўпроқ мойил қилиб қўяркан. Мен оғриқни кўрсатмасликка уриндим, аммо барибир негадир ҳамма нарсани дунёни кўрмасдан нобуд бўлган болам билан боғлайвердим. Барча уринишларимга қарамай, истар-истамас, ҳар сафар бу изтиробларга таслим бўлиб қолавердим. Ётиб қолишни истамасдим, ўқишни ҳам истамасдим, гарчи олдинда имтиҳонларим бўлса ҳам. Ўқишим, ишимга қайтишниҳам хоҳламадим, одамлар орасига чиқишни-ку, хаёлимга келтирсам ҳам даҳшатга тушиб кетардим. Муолажадан кейин уйдан чиққанимда, ким билан кўришсам, ё ҳомиладорлигим тўғрисида сўрашар ёки ҳолимни билиб, ҳамдардлик билдиришарди. Ҳар сафар уларга буни тушунтиришга тўғри келар ва ҳар сафарида ярам янгиланаверарди.

Дарвоқе, ҳамма дарднинг давоси вақт, дейишадику, кунлар ўтгани сари мен ҳам соғая бошладим ва бошимга тушган ушбу мушкулотни тўғри қабул қилиб, кўниб яшашни ўргандим. Энди бирон ҳомиладор аёлни ёки жажжигини ширинтой болани ёхуд дўкондаги чақалоқлар кийимларини кўрганимда йиғламайдиган бўлиб ҳам қолдим. Ҳақиқий бахт нима эканини энди англагандим ва қизиғи, ўзинг истамаган ҳолда, бошқаларга қараб зўраки жилмайишнинг асло ҳожати йўқ экан… Ўз навбатида, бу ҳаммасини унутганимни англатмайди. Қўлимга ололмаган норасидам билан ўтказган бебаҳо ҳафталаримни асло унутолмасам керак, албатта. Уни йўқотганимдан кейин қандай яшашни ўргандим, холос. Шунчаки, бундай оғир савдо бошига тушганларга айтмоқчиман-ки, ҳаётингизда содир бўлган ушбу аламли ҳодисадан жуда қайғудаман ва яқин келажакда Aллоҳ сизга соғлом фарзандлар беришини чин дилдан тилайман. Буларни бошдан ўтказмаган аёлллар учун ҳомиладорликни чиройли ўтказиб, ўз вақтида ширинтойларини енгилгина қўлларига олиб, бағрингизга босиб олишингизни Аллоҳдан дуо қилиб қоламан.

Мусибат келганида, бир нарса мени юпатди – Аллоҳга бўлган имоним ва Унга бўлган таваккулим, таслимиятим. Айнан мана шу маънавий туйғулар менга яна ўз ҳаётимни изга солиш учун туртки берди. Менинг мусулмон эканлигим ва ҳаётим Меҳрибон Яратувчимнинг қўлида эканига ишонганим нақадар олий саодат эканлиги ҳақида ўйладим. Aйнан шундан кейин мен қидирув сатридаги «ҳомила тушишидан кейинги ҳаёт» деб ёзилган жойга «исломда» деган сўзни алоҳида эҳтимом билан қўшиб қўйдим.

Аллоҳга таваккул менга ҳаётимни давом эттириш учун битмас-туганмас баракали қувват ато этди. Олган илмларимда ҳам чўкиб қолмасдан, яна ҳаётимни давом эттиришим кераклигини англашга имкон берадиган ҳидоят маёғи мавжуд эди. Қарасам, исломда бола тушиб қолишига бўлган муносабат масаласини ўрганаётганимда, мен ўзимга тасалли бериш учун илк қадамимни ташлаб бўлган эканман.

(Давоми бор…)

Нигора УСМОНОВА, Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси

Нилуфар КАБУЛОВА, репродуктолог, гинеколог, нутрицолог

462460cookie-checkКЎЗ ҚАРОҒИНГИЗДАН АЖРАЛДИНГИЗМИ?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: