Кўз ҳам Аллоҳ таолонинг бандаларига туҳфа этган энг азиз неъматларидан бири. Борлиқни кўра олиш, у ҳақида тафаккур юритиш, неъматларни билиб, унинг шукрини адо этиш ҳам бандалари орасидан ақл эгаларига насиб қилган. Кўз эса қалб эшиги. Агар эшик доим ҳаммага очиқ бўлса, уй фасод бўлади. Аллоҳ таоло мўмин-у мўминаларга хитоб қилиб номаҳрамларга назар солмасликка буюрди.
قُلْ لِلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ وَيَحْفَظُوا فُرُوجَهُمْ ۚ ذَٰلِكَ أَزْكَىٰ لَهُمْ ۗ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا يَصْنَعُونَ
“Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир” (Нур, 30).
وَقُلْ لِلْمُؤْمِنَاتِ يَغْضُضْنَ مِنْ أَبْصَارِهِنَّ وَيَحْفَظْنَ فُرُوجَهُنَّ وَلَا يُبْدِينَ زِينَتَهُنَّ إِلَّا مَا ظَهَرَ مِنْهَا ۖ
“Сен мўминаларга айт: Кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар, магар зоҳир бўлган зийнатлар бўлса (майли)” (Нур, 31).
Ибн Касир: “Бу Аллоҳнинг мўмин бандаларга ҳаром қилинган нарсаларга қарамаслик ҳақидаги буйруғидир. ”Улар фақат ўзларига мубоҳ бўлган нарсаларга қарасин. Номаҳрамлардан кўзларини тийсин. Кўзлари ҳаром қилинган нарсаларга хоҳламай тушиб қолишидан қўрқсалар, тезда кўзларини ундан бурсинлар“. (“Тафсири Ибн Касир“, 6/40). Ушбу оятдан бир қанча нозик ҳикматлар олинади.
قُلْ لِلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ وَيَحْفَظُوا فُرُوجَهُم
“Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар”.
- мўмин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган ишларни бажариши ҳамда у зотнинг одоблари билан хулқланиши.
ذَٰلِكَ أَزْكَىٰ لَهُم
“Ана шу улар учун покдир”.
- кўзни номаҳрамлардан тўсиш қалбни покловчироқ экани;
- кўзни сақловчиларга яхшиликлар борлиги.
Аллоҳ ҳамма вақт бандаларини яхшиликка чақиради. Кўзни сақлаш эса хотиржамлик ва қалб поклигига олиб боради.
إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا يَصْنَعُون
“Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир”.
Зеро,
يَعْلَمُ خَائِنَةَ الْأَعْيُن
“У зот кўзларнинг хиёнатини билади” (Ғофир, 19).
Эркак киши ўзининг аҳли аёли ва маҳрамларидан бошқаларга қараши ҳалол бўлмайди. Бехосдан қараш бирор кишига қасдсиз кўз тушишидир. Қасд бўлмаганидан бундай кўз тушишида гуноҳ бўлмайди. Назар солиш кишининг ихтиёри ва қасди билан бўлмаса, унга гуноҳ йўқлиги ҳақида Набий алайҳиссалом шундай дейдилар: “Эй Али, назарга назарни эргаштирма, биринчиси сенга зарар бермаса ҳам, иккинчиси ундай эмас”.
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бехосдан қараш ҳақида сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кўзингни четга бур!“ дедилар” (Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоятлари).
Имом Муслим, Абу Довуд, Насаий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Зинодан одам боласига улуши белгиланган. Унга шубҳасиз етади. Қараш икки кўзнинг зиноси, эшитиш икки қулоқ зиноси, сўз тилнинг зиноси, ушлаш қўлнинг зиноси, юриш оёқ зиносидир. Қалб мойил бўлади ва орзу қилади. Уни фарж тасдиқ қилади ё бекорга чиқаради”.
Мўмин номаҳрамлардан кўзини бургани учун ажрга эришади. Чунки у Раббисининг буйруғига итоат қилган ва унга “лаббай” деб жавоб берганлар сирасидан бўлади. Имом Бухорий, Муслим ва Абу Довуддан ривоят қилинади: “Қайси бир муслим бир аёлнинг гўзаллигига кўзи тушиб, ундан кўзини сақласа, Аллоҳ эвазига қалбида ҳаловатини топадиган ибодат беради”.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан риёят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан йўлнинг ҳаққи ҳақида сўралди. “Кўзни тийиш, озор бермаслик, саломга жавоб бериш, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш”, дедилар.
Хабарларда келишича, назар иблиснинг заҳарланган ўқларидан бири. Ким кўзини сақласа, Аллоҳ унинг қалбига ҳаловатни жойлайди. Ҳаким зотлардан шундай нақл қилинади: “Кўзини ман қилинган нарсалардан сақлаган кишининг назарини Аллоҳ нурли қилади”.
Зеро, ҳар бир аъзо қиёмат кунида сўроқ қилинади.
إِنَّ السَّمْعَ وَالْبَصَرَ وَالْفُؤَادَ كُلُّ أُولَٰئِكَ كَانَ عَنْهُ مَسْئُولًا
“Албатта, қулоқ, кўз ва дил — ана ўшалар, масъулдирлар” (Исро, 36).
“Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси
Исломхон Убайдуллаев