Нақшбандия тариқати таълимоти нуқтаи назаридан туриб масаланинг методологик жиҳатларини ўрганиш унинг келажакда ривожланиши учун муҳим аҳамият касб этади. Биз қуйида тасаввуфни тадқиқ қилишнинг хусусий ёки махсус методологик тамойил ва қоидаларни кўриб чиқамиз.
Маълумки, мамлакатимизда нақшбандиягача мавжуд бўлган кўплаб тариқатлар (кубравия, яссавия, қодирия ва ҳ.) бугунги кунгача етиб келмади, тарих саҳифаларида муҳрланиб қолди. Нақшбандия тариқати эса бугунги кунда ҳам нафақат мамлакатимизда, балки бутун дунёда фаолият кўрсатиб келмоқда. Бунинг сабаблари нимада? Бу саволга жавоблар кўп бўлиши мумкин. Бироқ биз методологик нуқтаи назаридан туриб жавоб берадиган бўлсак, мазкур тариқатнинг методологик тамойиллари аслида тўғри қўйилганида, мазкур тамойилларнинг ҳар қандай тузум ва замонлар оша ўз аҳамиятини йўқотмаганида, ҳар қандай даврда ҳам уларни ҳаётда қўллаш мумкинлигида, қолаверса, “Қуръон” ва ҳадисларда илгари сурилган ғоялар билан муштараклигида ётади.
Шу ўринда муҳим бир нарсага эътиборни қаратмоқчимиз. Эътиқод масаласи исломда марказий тушунчалардан бири ҳисобланади. Шу масала мўъминни кофир ёки мунофиқдан ажратиб туради. Исломий эътиқоднинг энг юксак чўққиси тавҳиддир. Тавҳид исломни бошқа барча диний эътиқодлардан ажратиб туради ва унинг тўғри эътиқод эканлигини исботлайди. Умуман айтганда, эътиқод бўйича чиқарилган ҳар қандай ақоидий қоидалар тасаввуф психологиясини ўрганиш учун методологик аҳамият касб этади. Бу фикримизни битта мисол билан исботлашга ҳаракат қиламиз. Тасаввуфда “ҳулул” деган тушунча бор. Баъзи мутасаввифлар Аллоҳ авлиёга ҳулул этади деган фикрни билдиришади. Баъзида авлиё руҳи Аллоҳ билан қўшилиб кетади дейишади. Шу ўринда Туркиялик профессор Иброҳим Огоҳ Чубукчининг “Ҳаллож” мақоласидаги қуйидаги сатрларга эътиборни қаратиш лозим:”Ҳалложнинг тасаввуфий қарашлари орасида қуйидаги хусуслар диққатга сазовордир. 1. Тангри инсонга ҳулул этади, яъни инсоннинг ичига киради. Бошқача айтганда, лоҳут носутга киради. Бу дегани илоҳий зот инсоний зотга кириши мумкин…”[1]. Агар шу даъво тўғри бўлса, Ҳалложнинг эътиқодий масаладаги катта хатога йўл қўйганлиги аён бўлади. Бундай ғояларнинг барчаси ботилдир.
Султонмурод Олимнинг қуйидаги фикрига эътиборимизни қаратамиз:”…комил инсонлар пировардида, шубҳасиз, Оллоҳ васлига мушарраф бўладилар, руҳан тангри билан бирлашиб кетадилар, ваҳдат, яъни бирликка эришадилар”[2]. Агар юқоридаги гаплар инсоний тасаввурда айтилган бўлса, ҳулулга яқин ҳолат бўлиб қолади ва у ҳам ботилдир. Аллоҳга инсоний сифатларнинг берилиши эътиқод илми бўйича нотўғри саналади.
Сўфи Оллоёр ўзининг”Сабот ул-ожизин” асарида шундай деб ёзади:
“На этса эрки бору қудрати бор,
Қўли бирла яратти дема зинҳор.
Тилингни сақла бундоқ қавли баддин,
Худовандим муназзаҳдур жасаддин”[3].
Бу ҳақда нақшбандия тариқатининг пирларидан бири Аҳмад Зиёуддин ал-Кумушхонавий ҳазратлари шундай деб ёзади: ”Тасаввуф аҳлининг баъзиларининг сўзларидан ҳулул ва иттиҳод (бирлашиш) маъноси англашилади. Аммо бу хато тушунчадир. Аллоҳ баъзи дўстларига (валий бандаларига) кароматлар беради, аммо бунинг на иттиҳодга, на ҳулул қилишга ва на ваҳдати вужудга алоқаси бор – ҳеч бирига ҳеч қандай алоқаси йўқ”[4]. Эътибор бериб қаралса, муҳим эътиқодий масала бевосита тасаввуф таълимоти билан узвий алоқада экан. Тасаввуф таълимотининг шу масаладаги оғиб кетиши уни ботил таълимотга айлантириб қўйиши мумкин экан. Демак, бу ўринда умумий методологик ҳолат кузатилаяпти.
Аҳмад Зиёуддин ал-Кумушхонавий ҳазратлари бошқа бир ўринда мазкур масала тўғрисида бунданда батафсилроқ фикр юритади:”… баъзи мутасаввифлар ҳам:”Солик ғояга (мақсадига) етгач, ёш ниҳолга сув ҳулул этганидек, Аллоҳ ҳам унга ҳулул этади, ажратиш мумкин бўлмайди, шунда:”Мен Уман, У мендир” дейиши мумкин…” дейишади. Уларнинг фикрича, бу қўшилув, ё иттисол (боғланиш), ё ижтимоъ (жамланиш), ёки истиҳола (ҳолдан қайтиш) йўли билан билан бўлади. Аллоҳ бу каби ҳоллардан муназзаҳдир. Булар даъво қиладиган иттисол ва ижтимоъ каби ҳоллар аслида Аллоҳнинг нури соликнинг қалбида акс этмоғидан иборат. Улар буни ҳулул деб (кириб ўрнашиш) деб ўйлайдилар. Сувга қараган бир бола ўзининг аксини кўрганда, “Шу қуёш” дегани каби бу…”[5]. Тасаввуфдаги ҳулул масаласини бунданда мукаммал қилиб тушунтириш қийин. Дарҳақиқат, инсон ўзини ўзи тарбия қилиб, лаззат ва шаҳватларга берилмай сабр қилса, айбу нуқсонларидан покланса илоҳий нур унинг руҳига сингади. Ҳулулнинг чегараси шу ерда тугайди. Шунинг ўзи ҳам ўта юқори мартаба ҳисобланади. Бу ўринда бизнинг насибамиз нимада? Масалан, ҳулул масаласидаги эътиқодий тўғри ечим методологик аҳамиятга эга. Бошқача айтганда, тасаввуф психологиясидаги барча ҳоллар учун умумий ахлоқий қоида ҳисобланиб, солик бундай ҳолларни бошидан кечирганда куфрга юз тутмаслигининг олдини олади, тўғри йўлдан кетиш имконини беради.
Шу нуқтаи назардан, эътиқод масаласини ўрганадиган ақоид илми тасаввуф психологияси учун методологик аҳамият касб этади. Агар солик ёки тасаввуф психологиясини тадқиқ этаётган тадқиқотчи эътиқодий қоидаларни методологик тамойил сифатида қабул қилса, шу тамойиллардан келиб чиққан ҳолда тасаввуфга кирса ёки тасаввуфнинг психологик жиҳатларини тадқиқ этса, албатта адашмайди, йўлини тўғрилаб олади.
Эътиқод илмининг тасаввуфни тадқиқ қилишда методологик тамойил бўлишлиги масаласида Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний ўзининг “Васиятнома” рисоласида шундай деб ёзади:”Юрагинг ғамгин, тананг салқи ва қувватсиз, кўзинг ёшли, ишинг риёдан холи, кийиминг жулдур, дилинг пок, дўстларинг дарвиш, хонақонг – масжид, асосинг – эътиқод илми (таъкид бизники – Х.А.), зийнатинг – дунё неъматларидан тийилиш, ҳамсуҳбатинг мудом Аллоҳ бўлмоғи даркор”[6]. Бу ўринда Ҳазрат Абдухолиқ Ғиждувоний тариқатнинг асосини эътиқод илмида кўраяпти. “Асосинг” деганда у киши тариқат таълимотининг методологик жиҳатини назарда тутмоқда.
Энди нақшбандия тариқатининг яшовчанлиги масаласини кўриб чиқайлик. Мазкур масалани ойдинлаштириш баробарида муҳим методологик тамойилларга етиб келамиз. Маълумки, нақшбандия тариқатининг энг муҳим талабларидан бири ҳалолликдир. Бу бошқа тариқатларда ҳам мавжуд. Бироқ нақшбандияда бу масала юксак даражада тараннум этилади. Ҳалоллик тариқатнинг кейинги босқичлари учун пойдевор вазифасини ўтайди. Кейинги барча қоидалар мана шу пойдевор устига қурилади. Бу ҳақда Амир Кулолнинг машҳур гаплари бор:”Билгинки, дил ва тилнинг поклиги луқмаи ҳалолдандир. Одамнинг ошқозони худди ҳовуз кабидир, унга тоза сув қуймоқ лозимдир. Бу пок сув ва тупроқдан ҳосил бўлган ҳар бир гул ва мева албатта пок ва фойдали бўлур”[7]. Амир Кулолнинг мазкур сўзларини шарҳлар экан, М.Раҳмонова шундай деб ёзади:”… бу ерда мутасаввиф “дил ва тилнинг поклиги луқмаи ҳалолдандир” деб таъкидлаш билан луқмаи ҳалол инсон маънавий ва аҳлоқий поклигининг белгиларидан бири, деб ҳисобламоқда. Иккинчидан, пок сув ва тупроқдан ҳосил бўлган ҳар бир гул ва мева фойдали бўлади, деб ҳалол луқма инсонни жисмоний жиҳатдан ҳам покиза этишга ишора қилмоқда. Учинчидан, фақат луқмаи ҳалол истеъмоли билан кун кечирган инсонлардагина қалб кўзи очилиши имконияти бўлишини таъкидламоқда[8]”. Ҳалоллик тўғрисида бунданда зиёдароқ қилиб гапириш қийин. Демак, ҳалоллик ҳам методологик қоида ҳисобланади, яъни шу қоидани сақламасдан йўлга чиқиш беҳуда, ноҳалоллик соликни ботил йўлларга оғиб кетишига сабаб бўлади.
Бундан кейинги нақшбандия тариқатининг муҳим методологик қоидаларидан бири машҳур “Дил ба ёру, даст ба кор” қоидаси. Фикри ожизимизча, айнан мана шу методологик қоида мазкур тариқатни ўзга тариқатларга нисбатан яшовчан қилиб қўйди. Бу қоида инсоннинг шу фоний дунёда қандай яшамоғи кераклиги тўғрисидаги “Қуръон” ва ҳадисларда баён этилган қоидаларга жуда ҳам мос тушади. Нақшбандия тариқати инсонларни ҳалол меҳнат қилиб, қалбидаги нуқсонларни йўқотиб, Аллоҳни унутмасдан, доим Унинг зикрида бўлиб ҳаёт кечиришликни тарғиб қилиб келган. Мутаасибчилик, дарвишчиликни, узлатга чекиниб, оила, бола-чақани боқишдан узоқлашиб юришликни танқид остига олади. Одатда бу қоидани қўл меҳнатда бўлиши керак, дил Аллоҳ ёди билан бўлиши керак, деб жўн тушунадиганлар ҳам бор. Аслида булар иккаласи ўртасидаги алоқани ҳеч қачон эсдан чиқармаслик керак, яъни Аллоҳни ёд этиб бирорта иш қилинадиган бўлса, бу иш баракотли бўлади, ривож топади. Тарихчи олим Зокиржон Қуттибоевнинг қуйидаги гаплари билан қўшилмасдан иложимиз йўқ:”Нақшбандия тариқатнинг яна бир қоидасига Хожа Аҳрор доимо риоя қилди. У ҳам бўлса, “Даст ба кору, дил ба ёр!”, яъни қўлинг иш билан, қалбинг Аллоҳ билан бўлсин! тамойили. Тариқатнинг мана шу тамойили Хожа Аҳрор томонидан янада ривожлантирилди, чунки Аллоҳни ёд этиб қилинган ишда ривож, барака ва самара бўлади”[9]. Дарҳақиқат, Аллоҳни дилда сақлаган ҳолда, доимий ёд қилган ҳолда меҳнат қилиш нақшбандия тариқатининг энг муҳим нуқтаси ҳисобланади. Бундай мақомга оддий меҳнаткашлар ҳам етиши мумкинлиги мазкур тариқатни оммалаштириб юборди ва унинг яшовчанлигини таъминлади.
Нақшбандия тариқатининг яна бир муҳим психологик жиҳати зикр масаласидир. Маълумки, доимий ҳолда Аллоҳни ёдда тутиш, яъни зикрда юриш мазкур тариқатнинг асосий устунларидан бири ҳисобланади. Аксарият тариқат аҳли “зикри алонияни”, яъни жаҳрий зикрни ўз амалиётларида қўллашар эдилар. Масалан, Хожа Аҳмад Яссавий тариқатида “зикри арра” қўлланилар эди. Бу зикр жаҳрий зикрнинг бир кўринишларидан биридир. Қолаверса, баъзи сўфийлар самоъ, яъни зикр қила туриб рақсга ҳам тушардилар. Бундай йўлни, масалан, Жалолиддин Румий томонидан асос солинган мавлавия тариқатида тутишар эди. Улар Аллоҳ исмини ёки тавҳид калимасини овозларининг борича қўшиқ қилиб айтишар ва рақсга тушишардилар. Жаҳрий зикр, рақсу самоъ ҳар қандай жойда шуғилланиш имконияти нуқтаи назаридан халқ учун бир қадар қийинчилик туғдирар эди.
Нақшбандия таълимотида эса зикри хуфия жорий қилинган эди. Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари шундай дер эдилар:”Ҳазрати Азизондан икки хил зикр нақл қилинади. Унга Аллоҳнинг раҳмати ва ризолиги бўлсин. Бири – жаҳр ва бири – хуфя. Хуфя зикри кучли ва авло бўлгани учун биз уни ихтиёр қилдик”[10]. Мурид исми зот (Аллоҳ)ни ва нафйи исботни (ло илоҳа иллаллоҳ)ни дилида хуфя ҳолда, нафйи исботни тоқ сонда айтиши кераклигини Абдухолиқ Ғиждувоний ҳазратларига Хизр алайҳиссалом таълим берган эди. Бироқ кейинги пирларимизда қайтадан зикри жаҳрияга ўтилган эди. Ҳатто Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ўз пири Амир Саййид Кулолдан зикри алониядан воз кечишни сўраганда, рад жавобини олади. Бу ҳақда филология фанлари доктори, профессор Ҳожи Исматуллоҳ Абдуллоҳ шундай маълумот беради:”Нақшбандия амалиётининг асосий қисми ичида, яъни қалб билан махфий зикр қилиш (Аллоҳ номини эслаши, такрорлаш)дир. Бу тариқатнинг кўпчилиги афзал ҳисоблайдиган овоз чиқариб (жаҳрий) зикр қилишдан фарқ қилади. Махфий зикрни пайғамбар ғорда бирга бўлганлари Абу Бакрга ўргатганлар, овоз чиқариб зикр қилишни эса Ҳазрати Алига айтганлар, шунинг учун нақшбандиянинг баъзи жамоаларида бу кейингисига ҳам йўл қўйилади”[11].
Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ўз даврида зикри хуфияни жорий қилди. Бунинг устун томонлари шунда эдики, инсонлар меҳнат қилаётганда ҳам, ўтирганда-турганда ҳам, бир жойга тўпланмаган ҳолда ҳам, шовқин сурон кўтармасдан, рақсу самоъ қилмасдан исми зот (Аллоҳ), нафйи исбот (ло илоҳа иллоллоҳ) ни хуфия айтиши мумкин эди. Бошқача айтганда, мусулмонлар доимий зикрда бўлиш имкониятига эга бўлдилар. Нақшбандия тариқатидаги бу қоида ҳам таълимотни яшовчан қилиб қўйди ва омма орасида кенг тарқалишига сабаб бўлди. Зикри ҳуфия тўғрисида Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд шундай деганлар:”Хуфия зикрга машғул бўлганимда сирримдан огоҳлик ҳосил бўлди. Бу “сирр”нинг асли учун талабда бўлдим. Мавлоно Ориф билан ўттиз йил мана шу боради қидириш ва изланишда бўлдик. Икки марта Ҳижоз сафарига борилди. Бурчагу гўшаларда кездик. Киши бормики, ўзи тиззама тизза ўтирса-ю, сайрда осмонлардан ўтса, зоҳирда у ерда бўлса-ю, ботинда бу ерда машғул бўлса!”[12]. Хуфия зикрда солик тезроқ сирдан огоҳ бўлар экан. Сирдан огоҳ бўлиш мақоми тасаввуфда юксак босқичлардан бири ҳисобланади.
Хожагон – Нақшбандия сулуки таълимотининг асосини ташкил этадиган рашҳалар (томчилар) борки, улар ҳам тасаввуф психологиясида ўзига хос методологик тамойиллар бўлиб хизмат қилади. Мазкур рашҳаларни ҳар бир солик ўз амалиётида қўллаши лозим. Шундагина у сафарга тайёр бўлади.
Биринчи рашҳа “Хуш дар дам”деб аталади ва ундан кўзланган мақсад соликни ҳар бир олаётган нафаси учун огоҳликка чақиришдир. “Ҳуш ҳар дам ул турурким, ҳар нафасеким, ичкаридин келур, керакдурким, ҳузур ва огоҳлик юзидин бўлса ва ғафлат онга йўл топмаса”[13]. Ҳар бир олинган нафас аввалом бор Аллоҳнинг инояти билан бўлади. Агар у бўлмаса, кирган нафас чиқмай, чиққан нафас кирмай қолиши мумкин. Яъни ҳар олган ва чиқарган нафасимиз Аллоҳдан. Бас, шундай экан, ҳар бир нафасимизда шу нафасни бераётган Раббимизни ёдлашимиз, Унинг қудратини ҳис қилишимиз лозим.
Иккинчи рашҳа “Назар бар қадам”да соликнинг ҳар босган қадамини назоратда ушлаб турмоғи лозимлиги тушунилади. “Назар бар қадам” улдирки, соликка юрганда ва келгонда шаҳару саҳрода ва барча ерда назари пўшти пойида бўлсун, токим онинг назари пароканда бўлмасун ва дуруст эрмас жойга тушмасун”[14]. Солик юрганда назарини оёқлари остига қаратиб юрсин, нигоҳини атрофга қаратмасин ва муҳими соликнинг назари кераксиз жойларга қаратилмасин ҳамда қадами ножоиз йўлларда бўлмасин.
Учинчи рашҳа “Сафар дар ватан” деб аталади. “Сафар дар ватан” ул турурким, солик табиати башарийда сафар қилур, яъни сифати башарийдин сифати малакийга ва сафоти замимадин сифоти ҳамидага интиқол этар”[15]. Бунда иккита сафар ҳақида гапирилаяпти: ҳам жисмоний сафар, ҳам руҳоний сафар. Жисмоний сафарнинг ҳам ўзига хос жиҳатлари бор, масалан, киши бир юртдан бошқа юртга бориши натижасида кўплаб маънавиятига таъсир кўрсатадиган ҳоллардан огоҳ бўлади, маълум хулосалар чиқариш имкониятига эга бўлади.
Энди руҳоний сафар деганда инсоннинг одамийлик табиатига сафар назарда тутилади. Бошқача айтганда, руҳоний сафарда солик мамлакатлар аро кезмасада, ўз юртида бўлсада, мусофирлар кечирган ҳолларни бошидан кечиради.
Тўртинчи рашҳа “Хилват дар анжуман” деб аталади. “Ойдиларким, “хилват дар анжуман” базоҳир бохалқ ва баботин боҳақ. …ойдиларким, нисбати ботиний бу тариқада ондоғ тушубдурким, дилнинг жамъияти малода ва суврати тафриқа кўброқ ондин турурким хилватда”[16].
Шайх Саййид Абдулқодир Гийлоний ҳазратлари шундай деб ёзади:”Хилват ҳам, узлат ҳам икки шаклда кўрилади: зоҳирий ва ботиний.
Хилват ҳолининг зоҳирдаги маъноси шуки, инсон (ўз) нафсини ўрганган нарсаларидан айириб, маънавий туйғуларнинг очилишига йўл беради; ўринсиз феъллари билан халққа азият етказмаслиги учун ўзини чекка бир жойга олиб, одамлардан узоқлашади”[17].
“Ботиний хилват – қалб (соҳаси)га нафс ва шайтонга оид ҳар қандай фикрнинг кирмаслиги; емоқ, ичмоқ, киймоқ кабиларнинг бунга (яъни қалб учун муҳим қилиб) қўйилмаслиги; бола-чақа, уй-рўзғор ва чорва моллари (от, сигир, қўй ва ҳ.) каби махлуқот севгисининг ҳам ундан узоқ тутилмоғи ила мумкин бўлади”[18].
Бешинчи рашҳа “ёдкард” деб аталади ва тил ёки дил зикри билан боғлиқ масаладир. “Зикрдин мақсад улдирким, кўнгил ҳамиша муҳаббат ва таъзим вазъи била Ҳақ суҳонаҳу ва таъолога огоҳ бўлсун”[19] (Ҳазрати Эшон Убайдуллоҳи Аҳрор). Бу рашҳа ҳақида Мавлоно Саъдиддин Кошғарий шундай фикрни билдирган эканлар:”Зикр таълим беришнинг йўли шуки, шайх аввал дили билан “ло илоҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расулулоҳ” дейди. Мурид эса диққатини жамлаб, кўнглини шайхнинг рўпарасида тутади, кўзини очиб, оғзини маҳкам юмади, нафас олмай, эҳтиром ва эҳтирос билан юқоридаги зикрни айтишга бошлайди. Бу зикрни тили билан эмас, балки кўнгли билан айтади. Ҳибси нафас (нафас олмасдан)да чидасин ва бир нафасда нафас олмасдан уч марта айтсин, токи зикр ҳаловати кўнглига етсин…”[20].
Олтинчи рашҳа “бозгашт” деб аталиб, бунда “ёдкард”дан кейин, яъни калимаи тоййиба зикр этилгандан сўнг “Парвардигорим, менинг мақсудим сенсан” деган сўзни айтиб қўйишдир. “…бу калимаи бозгашт нафий этгувчидирҳар ховотирениким, яхши ва ямондин келур, то анинг зикри холис бўлсун ва онинг сирри мосуводин фориғ ойланур. Ва агар мубтадий бадояти зикри калимаи бозгаштда ўзидин сидқ мавжуд топмаса, керакким, они тарк этмасун, онинг учунким, даража-бадаража сидқнинг асарлари зоҳир бўлур”[21].
Еттинчи рашҳа “нигоҳдошт” бўлиб, (“Нигоҳдошт” – ул иборатдур муроқабайи ховотирдин, ондоғким, бир дамда неча мартаба “калимаи тоййиба”ни ойтурким, ховотири ғайриға ташқари кетмас”) калимаи тоййибани бир нафасда неча марта айтса ҳам, шу давр мобайнида хаёлни бошқа нарсаларга юбормаслик тушунилади. Бу рашҳа ҳақида Саъдудин Кошғарий шундай деб ёзади:”…бу калиманинг маъносида айтадики, бир соат, икки соат ёки ундан кўп вақт, имкони борича, ўзини хаёлу фикрлардан асрасин, шундан сўнггина бошқа нарса ҳақида фикрласин”[22]. Хаёл инсон диққатини бошқа томонга чалғитадиган жараёндир. Зокир эса имкон қадар ташқи муҳитдан ажралиши, диққатини калимада жамлаши, турли туман дунёвий нарсалардан холос этиши лозим бўлади.
Саккизинчи рашҳа “ёддошт” бўлиб, “… ундан мақсад Ҳақ субҳонаҳу ва таолони доимо завқу шавқ билан ёдда тутиб, огоҳ бўлишдир”[23]. Маълум маънода, бу ҳолат “Баъзи ҳақиқат аҳлининг назарида у шундай бир мушоҳададурки, Ҳақ субҳонаҳу муҳаббати кўнгилни тамоман ўзига қамраб олади”[24]. Бу ёддоштнинг ҳосил бўлишининг белгисидир. Бу инсон ўз диққатини бошқара бошлаганини кўрсатадиган муҳим психологик ҳолат.
Тўққизинчи рашҳа “вуқуфи ададий” бўлиб (“Зикри қалбда ададни риоя этмак пароканда бўлған ховотирларни жамъ этмак учун турур” (Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд), бу ҳақда Нақшбанд ҳазратлари шундай деганлиги маълум:”Вуқуфи ададий” (тоқ айтиш) илми ладунийнинг бошланғич поғонасидир”[25]. Ориф Усмон ёзади:”Вуқуф” – тасаввуфий истилоҳ бўлиб, “билим”, “таълимот” маъноларини англатади”[26]. Бунда маълум саноқларда зикр қилиниши қоидаси назарда тутилаяпти. Маълум ададдаги зикр саноғи айтилганда солик руҳида кутилмаганда ўзгариш ясайди.
Ўнинчи рашҳа “вуқуфи замоний” деб номланади ва ундан мурод солик ҳар доим ўз ҳолидан хабардор бўлиб туриши лозим. “…вуқуфи замониким, йўл юргувчиларнинг коргузорандаси турур, ул турурким, банда ўз аҳволиға воқиф бўлсунким, ҳар замонда онинг сифати ва ҳоли не турур: мужиби шукр турурму ё мужиби узр (Баҳоуддин Нақшбанд)”[27]. Бунда калимани бир нафасда уч марта айтиш шарти қўйилади. Агар ҳисоб йигирма бирдан ошганда ҳам бирорта сифат ўзгариши кузатилмаса, ишни янгидан бошлашга тўғри келади. Солик умр деб аталган неъматдан қандай фойдаланганлиги тўғрисида тафаккур қилиши назарда тутилади. Бундай тафаккур соф психологик ҳодисадир.
Ўн биринчи ахлоқий қоида “вуқуфи қалбий” деб аталади. “…вужуди қалбий иборат турур кўнгулнинг жаноби Ҳақ субҳонаҳу таъолоға огоҳ ва ҳозир бўлмағидин, бир важҳеким, кўнгулда Ҳақ субҳонаҳу таъолодин бошқа ҳеч бойисти ва хости бўлмасун”[28](Ҳазрати эшон Убайдуллоҳи Аҳрор). “Вуқуфи қалбий жазаба таъсирини ўзида ҳис қилиш ва бу таъсирнинг қалбдан ўрин олиши учундир. Зикрда ададга риоя қилиш диққатни жамлаш учундир, чунки назар паришондир”[29]. Бу ерда ҳам диққат деб аталган психологик ҳодиса ҳақида гап кетаяпти. Маълумки, диққатнинг учта тури бор. Биринчиси, соликнинг ихтиёрисиз, ташқи муҳитнинг таъсирида пайдо бўладиган диққат. Иккинчиси – соликнинг инон-ихтиёри билан содир этиладиган диққат. Бунда солик ўз ирода кучига таяниб, диққатини мажбуран маълум объектга қаратади. Учинчиси – (бу энг юқори даражадагиси) диққатдан кейинги диққат бўлиб, бунда солик калиманинг мазмуни мушоҳадаси билан дунёдан узилиб, ўзини мажбурламасдан, объектга сингиб кетади. Фикримизча, гап айнан мана шу сўнгги даражага етиш ҳақида кетаяпти. Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари шундай деб ёзади:”…нафй (инкор) пайтида башарият вужуди унитилади, исбот пайтида эса Илоҳият жазабасидан ҳосил бўлган тасарруфлар таъсири ёрқин ҳис этилади”[30]. Бу ўринда эса хотиранинг унитилиш ва эслаб қолиш жараёнлари ҳақида фикр юритилаяпти.
Шундай қилиб, биз юқорида тасаввуф психологиясига хос бўлган муҳим махсус методологик қоидалар тўғрисида ўз фикрларимизни баён этдик. Мазкур психологик қоидаларга таянган ҳолда тасаввуф оламига кирилса ёки тасаввуф таълимоти тадқиқ қилинса бу йўлларда хато кетишлар бўлмаслиги аниқ.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати
- Абдуллоҳ Исматуллоҳ Ҳожи. Баҳоуддин Нақшбанд./ “Ғойиблар хайлидан ёнган чироқлар” китобида. – Т.: “Ўзбекистон”, 1994. 335 бет.
- Абул Муҳсин Муҳаммад Боқир ибн Муҳаммад Али. Баҳоуддин Балогардон/Таҳрир ҳайъати: А.Рустам ва бошқ. Форсийдан тарж. Сўзбоши ва луғат муаллифи Маҳмудхон Махдум Ҳасанхон Махдум ўғли. – Т.: Ёзувчи, 1993. – 208 б.
- Акрам Ботирхон. Ҳазрати Нақшбанд ва Навоий. / “Ғойиблар хайлидан ёнган чироқлар” китобида.- Т.: “Ўзбекистон”, 1994. 335 бет. -203-бет.
- Аҳмад Зиёуддин ал – Кумушхонавий. Жомеъ ул-мутун. – Т.:”Моварауннаҳр”, – 313 б.
- Рашаҳоту айнил-ҳаёт (“Обиҳаёт томчилари”): тарихий-маърифий асар.- Т.: Абу Али ибн Сино номидаги тиббиёт нашриёти, 2004. – 536 бет.
- Сафарова Н. Хожагон тариқати. Т.:Ўзбекистон файласуфлари миллий жамияти, 2003. – 87 бет.
- Султонмурод Олим. Хожа Баҳуддин ҳақиқати. – Наманган. 1994. – 40 бет.
- Сўфи Оллоёр. Сабот ул-ожизин. – Т.:”Меҳнат”, 1991.
- Раҳмонова М. Хожагон – Нақшбандия тасаввуфий таълимотида “ҳалол” тушунчаси. // “Ориф Деггароний – Марказий Осиё тасаввуф таълимотининг буюк валийси” республика илмий-назарий конференция материаллари. – Навоий, 2007. 140 бет.
- Усмон Ориф. Шайх Абдухолиқ Ғиждувоний. (Масъул муҳаррир С.Рафиддинов). Илмий-оммабоп рисола. – Т.: “Мовароуннаҳр”, 2003. – 68 бет.
- Шайх Саййид Абдулқодир Гийлоний. “Сиррул-асрор”, “Мактубот”/ Таржимон, сўзбоши ва луғат-изоҳлар муаллифи Отабек Жўрабоев. – Т.: “Мовароуннаҳр” нашриёти, 2005 йил. – 226 бет.
- Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний. Васиятнома. – Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1993. – 15 бет.
- Чубукчи Иброҳим Огоҳ. Ҳаллож.// “Ғойиблар хайлидан ёнган чироқлар”.- Т.: “Ўзбекистон”, 1994. – 335 бет.
- Қуттибоев З. Хожа Аҳрор Валий маънавияти. – Т.: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси “Фан” нашриёти, 2007. – 193 бет.
[1] Чубукчи Иброҳим Огоҳ. Ҳаллож./ / “Ғойиблар хайлидан ёнган чироқлар”.- Т.: “Ўзбекистон”, 1994. – 335 бет. – 60-бет.
[2] Султонмурод Олим. Хожа Баҳуддин ҳақиқати. – Наманган. 1994. – 40 бет. – 9-бет.
[3] Сўфи Оллоёр. Сабот ул-ожизин. – Т.:”Меҳнат”, 1991. – 95-бет. -12-бет.
[4] Аҳмад Зиёуддин ал – Кумушхонавий. Жомеъ ул-мутун. – Т.:”Моварауннаҳр”, 2000. – 313 б. – 44-бет.
[5] Ўша асар, 121-бет.
[6]Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний. Васиятнома. – Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1993. – 15 бет. – 15-бет.
[7] Сафарова Н. Хожагон тариқати. Т.:Ўзбекистон файласуфлари миллий жамияти, 2003. – 87 бет, -56-бет.
[8] Раҳмонова М. Хожагон – Нақшбандия тасаввуфий таълимотида “ҳалол” тушунчаси. // “Ориф Деггароний – Марказий Осиё тасаввуф таълимотининг буюк валийси” республика илмий-назарий конференция материаллари. – Навоий, 2007. 140 бет, 73-75-бетлар.
[9] Қуттибоев З. Хожа Аҳрор Валий маънавияти. – Т.: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси “Фан” нашриёти, 2007. – 193 бет. – 106-бет.
[10]Абул Муҳсин Муҳаммад Боқир ибн Муҳаммад Али. Баҳоуддин Балогардон/Таҳрир ҳайъати: А.Рустам ва бошқ. Форсийдан тарж. Сўзбоши ва луғат муаллифи Маҳмудхон Махдум Ҳасанхон Махдум ўғли. – Т.: Ёзувчи, 1993. – 208 б. – 84-бет.
[11]Абдуллоҳ Исматуллоҳ Ҳожи. Баҳоуддин Нақшбанд./ “Ғойиблар хайлидан ёнган чироқлар” китобида. – Т.: “Ўзбекистон”, 1994. 335 бет. – 173-бет.
[12]Абул Муҳсин Муҳаммад Боқир ибн Муҳаммад Али. Баҳоуддин Балогардон/Таҳрир ҳайъати: А.Рустам ва бошқ. Форсийдан тарж. Сўзбоши ва луғат муаллифи Маҳмудхон Махдум Ҳасанхон Махдум ўғли. – Т.: Ёзувчи, 1993. – 208 б. -78-бет.
[13]Рашаҳоту айнил-ҳаёт (“Обиҳаёт томчилари”): тарихий-маърифий асар.- Т.: Абу Али ибн Сино номидаги тиббиёт нашриёти, 2004. – 536 бет. – 38-бет.
[14]Рашаҳоту айнил-ҳаёт (“Обиҳаёт томчилари”): тарихий-маърифий асар.- Т.: Абу Али ибн Сино номидаги тиббиёт нашриёти, 2004. – 536 бет. – 39-бет.
[15] Ўша асар, 40-бет.
[16] Ўша асар, 41-42-бетлар.
[17] Шайх Саййид Абдулқодир Гийлоний. “Сиррул-асрор”, “Мактубот”/ Таржимон, сўзбоши ва луғат-изоҳлар муаллифи Отабек Жўрабоев. – Т.: “Мовароуннаҳр” нашриёти, 2005 йил. – 226 бет. – 125-бет.
[18] Ўша асар, 127-бет.
[19] Рашаҳоту айнил-ҳаёт (“Обиҳаёт томчилари”): тарихий-маърифий асар.- Т.: Абу Али ибн Сино номидаги тиббиёт нашриёти, 2004. – 536 бет. – 42-бет.
[20] Абул Муҳсин Муҳаммад Боқир ибн Муҳаммад Али. Баҳоуддин Балогардон/Таҳрир ҳайъати: А.Рустам ва бошқ. Форсийдан тарж. Сўзбоши ва луғат муаллифи Маҳмудхон Махдум Ҳасанхон Махдум ўғли. – Т.: Ёзувчи, 1993. – 208 б. -13-бет.
[21] Рашаҳоту айнил-ҳаёт (“Обиҳаёт томчилари”): тарихий-маърифий асар.- Т.: Абу Али ибн Сино номидаги тиббиёт нашриёти, 2004. – 536 бет. – 43-бет.
[22] Ўша асар, 13-бет.
[23] Ўша асар, 14-бет.
[24] Ўша асар, 14-бет.
[25] Абул Муҳсин Муҳаммад Боқир ибн Муҳаммад Али. Баҳоуддин Балогардон/Таҳрир ҳайъати: А.Рустам ва бошқ. Форсийдан тарж. Сўзбоши ва луғат муаллифи Маҳмудхон Махдум Ҳасанхон Махдум ўғли. – Т.: Ёзувчи, 1993. – 208 б. – 84-бет.
[26] Усмон Ориф. Шайх Абдухолиқ Ғиждувоний. (Масъул муҳаррир С.Рафиддинов). Илмий-оммабоп рисола. – Т.: “Мовароуннаҳр”, 2003. – 68 бет. – 18-бет.
[27] Рашаҳоту айнил-ҳаёт (“Обиҳаёт томчилари”): тарихий-маърифий асар.- Т.: Абу Али ибн Сино номидаги тиббиёт нашриёти, 2004. – 536 бет. – 45-бет.
[28] Ўша асар, 47-бет.
[29] Ўша асар, 86-бет.
[30] Ўша асар, 86-бет.
Психология фанлари номзоди, доцент,
ОЎМТВ ҳузуридаги Бош илмий-методик маркази бўлим бошлиғи,
ТИИ “Ижтимоий фанлар” кафедраси ўқитувчиси
Хўжагелди Алимов