islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Абдураҳмон Жомийнинг ҳаёти ва ижоди

Абдураҳмон Жомий (тахаллуси; асл исм-шарифи Нуриддин Абдураҳмон ибн Аҳмад) (1414.7.11, Жом – 1492.8.11, Ҳирот) — форс-тожик шоири, нақшбандийлик тариқатининг йирик вакили. Жомийнинг ота-боболари асли Даштдан бўлиб, Жомда, кейинчалик Ҳиротда ҳаёт кечиришган. Жомий мадраса ёшидан анча эрта Ҳиротдаги «Дилкаш» (Навоий маълумотига кўра, «Низомия») мадрасасига кириб, ўз даврининг таниқли тил, адабиёт олимлари ва мударрислари қўлида таҳсил олган. Шу даврдаёқ у араб тилини мукаммал ўргана бошлаган. Кейинроқ Жомий ўз билимини ошириш учун Самарқандга келади ва Улуғбек мадрасасида буюк фалакиётшунос Қозизода Румий, Али Қушчи, фиқҳшунос Фазлуллоҳ Абуллайс кабилардан таълим олади. Бу йилларда у тил ва адабиётнигина эмас, риёзиёт, фалакиёт, фалсафа, ҳуқуқшунослик фанлари, дин асослари, ҳадис ва тафсир илмларини ҳам чуқур ўрганади, олимларнинг турли мавзулардаги мунозара ва мубоҳасаларида қатнашиб, етук олимлиги билан танила бошлайди. Жомий Ҳиротга қайтгач, тасаввуф йўлига киришни, ўз билим ва фаолиятини шу йўлга, қолаверса, ижодга, илм-фанга бағишлашни афзал кўради. У ўзига пир қилиб Шайх Саъдиддин Қошғарий (вафоти 1456)ни танлайди, Ҳиротнинг жоме масжидида унинг суҳбатларини тинглайди. Саъдиддин Қошғарий тасаввуфда Муҳаммад Нақшбанд сулукига мансуб эди. Жомий машҳур суфийлар билан яқиндан мулоқотда бўлади. Муҳйиддин ибн ал-Арабийнинг асарларини чуқур мутолаа қилади. Ўзининг мутасаввуфлик фаолиятида Баҳоуддин Нақшбанд ғояларини шу сулукнинг иккинчи бир йирик намояндаси – Хўжа Аҳрор билан яқин муносабатда бўлган ҳолда янада ривожлантирди. Расман ўзини кундалик «Маломатия» тариқатига мансуб деб ҳисобласа-да, асарларида Нақшбандга ихлоси баланд экани кўриниб турарди. Жомий Хуросонда темурийлардан Шоҳрух, Абулқосим Бобур, Абу Саид ва Ҳусайн Бойқаро подшоҳлиги даврида яшади. Хуросонда Ҳирот тахтига темурий Султон Ҳусайн Бойқаро ўтиргандан сўнг Жомийнинг мамлакатдаги мавқеи жуда ортади, чунки Султон Ҳусайн ва унинг кўп авлодлари ўзларини унга мурид, деб эълон қилганлар.

Жомий 1472 йил ҳажга боради. Бу сафари вақтида Нишопур, Сабзавор, Бастом, Домғон, Қазвин, Ҳамадон, Карбало, Бағдод, Дамашқ, Ҳалаб, Табриз каби бир қанча шаҳарларда бўлади. Унинг шахсий мактубларидан маълум бўлишича, яқин дўсти Хўжа Аҳрор таклифи билан Тошкентда ҳам бўлган ва улуғ мозоратларни зиёрат қилган.

Жомий катта ер-мулк эгаси бўлган. Жомий Алишер Навоий билан биринчи марта Абу Саид ҳукмронлиги даврида Хиёбон мавзесида ҳамма қатори кўришган. Шунда Жомий унга ўзининг бир рисоласини тақдим қилган. 1476-77 йилларда На­воий ҳам Жомийни ўзига пир, деб танийди. Гарчи Жомийнинг Навоийдан ёши анча улуғ, расман пир ҳисобланса ҳам, моҳиятан улар чин дўст ва ҳамкор бўлганлар. Жомий ўзининг («Нафаҳот ул-унс», «Баҳористон» ва бошқа) бир қанча асарларида Навоийни, Навоий ҳам ўзининг («Хамсат ул-мутаҳаййирин», «Мажолис ун-нафоис» ва бошқа) асарларида Жомийни ҳурмат билан тилга олади. Жомий «Нафаҳот ул-унс» («Азизлар нафаси»), «Рисолаи мусиқи» («Мусиқа рисоласи»), «Рисолаи муаммо» («Муаммо рисоласи») каби ўндан ортиқ асарини Навоий маслаҳати билан ёзган. Жомий вафотидан бироз олдин назмий шеърларини уч девонга бўлиб, уларга «Фотиҳат уш-шабоб» («Ёшликнинг бошланиши»), «Воситат ул-иқд» («Ўртадаги дур») ва «Хотимат ул-ҳаёт» («Ҳаёт хотимаси», 1479-91) деб ном берар экан, бунда Навоий маслаҳатини эътиборга олган эди. Навоий ва Жомийнинг дўстлиги адабий ҳамкорлик билан чегараланмаган. Навоий Ҳусайн Бойқаро саройида бош вазир бўлиб турар экан, ўз сиёсий ва ижтимоий фаолиятида Жомийдан маслаҳатлар олиб турган. Султон Ҳусайн Қундуз вилоятига қарши юришга отланмоқчи бўлганда, Жомий Навоийдан подшоҳни бу сафардан қайтаришни илтимос қилган. Саройдаги фитна ва фужурлар Навоийнинг жонига тегиб, у ўз вазифасидан кетмоқчи бўлганда Жомий уни бундай қарордан воз кечтирган. Чунки Навоийдек халқпарвар арбоб саройдан кетса, халқ ва мамлакат аҳволи янада оғирлашишини у яхши тушунар эди. Жомий ўз асарларини форс-тожик тилида ёзган, араб тилини ҳам яхши билган. Хоразмлик тилшунос Ибн ал-Ҳожибнинг араб тили наҳв (синтаксис)и ҳақидаги «Ал-Кофия» дарслигига 1492 йилда ғоят яхши шарҳ битган. Бу китоб Марказий Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларида сўнгги вақтларгача мактаб ва мадрасаларда араб тилидан қўлланма бўлиб келди. Навоий берган маълумотга кўра, Жомий туркий тилни яхши билган.

Жомийдан улкан ва ранг-баранг адабий илмий мерос қолган. Баъзи олимлар Жомий асарларининг умумий сони юзга яқин деб таҳмин қиладилар. Навоий «Хамсат ул-мутаҳаййирин» асарида унинг 38 асарини номма-ном санаб кўрсатади. Жомий асарлари фалсафа, тасаввуф, тилшунослик, адабиётшунослик, санъат соҳаларига ҳамда назм ва насрнинг ҳар хил жанрларига оид бўлган. Жомийнинг ижодий фаолияти кўп қиррали бўлса ҳам у Шарқ халқлари маданияти тарихида кўпроқ даҳо шоир ва мутафаккир – олим сифатида танилган. Бу жиҳатдан унинг насрий ва назмий мероси ғоят диққатга сазовордир. Сўнгги аср адабиётшунослари ҳақли равишда уни форс-тожик адабиётининг илк тараққиёт даврдаги (X–XV асрлар) буюк мутафаккир-ижодкор деб атайдилар. Жомий асарла­рининг бир қисми диний ва фалсафий мазмунга эга бўлиб, уларда шоир ислом дини ва шарқ фалсафасининг бир қатор масалаларини ўз қарашича талқин этади, тасаввуфнинг XV асрдаги йирик арбоби сифатида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этади. Бунга унинг «Нақши фусус» («Маънолар нақши»), «Шавоҳиди нубувва» («Пайғамбарликка далиллар»), «Шарҳи қасидайи «Тоия» («Радифда «то» ҳарфидан фойдаланиб ёзилган қасида шарҳи»), «Нақди нусус» («Матнни танқид»), «Шарҳи қасидайи «Хамрия» («Хамрия» қасидаси шарҳи»), «Нақшбандия таълимоти ҳақида рисола», «Воҳид» атамаси ҳақида рисола», «Зикр» шартлари ҳақида рисола», «Ҳаж қилиш йўллари ҳақида рисола» каби бир қанча асарларини шу гуруҳга киритиш мумкин. Жомий фалсафа­сининг асосини тасаввуфий ғоялар ташкил этади, деб ҳисоблайди. Унинг тасаввурида Худо жонли мавжудот бўлмай, ёруғ нур кўринишига эга. Ҳамма нарсани яратган ягона Худо гўзал маъшуқага ўхшаган бўлиб, мингларча ойнада турли қиёфада ва кўринишда намоён бўлади. У юнон файласуфи Плотит жилоланиш («эманация») фалсафасини давом эттиради ва янада ривожлантиради. Унинг фикрича, дунёдаги ҳамма нарсалар келиб чиқиши ва моҳияти эътибори билан илоҳийдир.

Жомийнинг «Лужжат ул-асрор» («Сирлар денгизи», 1475), «Ашиат ул-ламоат» («Йилтиллаган нур», 1476) диний-фалсафий қасидаси Ибн Синога бағишланган. Достонларида халқ оммасининг энг яхши орзу-умидларини куйлаган. Етти достондан иборат «Ҳафт авранг» («Етти тахт» ёки «Катта айиқ», 1480–87)даги «Силсилат уз-заҳаб» («Олтин занжир, 1472), «Туҳфат ул-аҳрор» («Нуронийлар туҳфаси», 1481-82), «Сибҳат ул-аброр» («Тақводорлар тасбеҳи», 1482-83) достонларида юксак хулқ-атвор мезонларини тарғиб қилган, кишиларни маърифатга, юртпарварликка, тўғрилик, инсоф ва иймонга чақирган. «Юсуф ва Зулайҳо» (1483), «Лайли ва Мажнун» (1484), «Саломон ва Абсол» (1479-80) достонлари ишқий мавзуда. «Хиродномаи Искандарий» достони (1485) Низомийнинг «Искандарнома»сига тақлидан ёзилган. XVIII аср охири ва XIX асрнинг бошларида Муҳаммад Ризо Огаҳий Жомийнинг «Юсуф ва Зулайҳо»сини ўзбек тилига таржима қилган.

Адабиётшунос ва тилшунос олим сифатида ҳам Жомий хизмати улкандир. У ўзининг «Баҳористон» тазкирасида форс-тожик адабиётининг бир қанча намояндалари ва Навоий ҳақида қимматли маълумотлар беради. Унинг «Рисолаи аруз» асари аруз ҳақидаги энг мукаммал қўлланмалардан биридир. Жомий «Нафаҳот ул-унс» асарини ёзиш билан тасаввуф тарихини ўрганишга катта ҳисса қўшди. Унда 616 мутасаввиф ҳаёти ва фаолияти ҳақида маълумот берилган бўлиб, улардан 34 нафари аёллардир. Ушбу асарни Навоий маълум бир тўлдиришлар билан ўзбек тилига тар­жима қилган. Жомий фақат машҳур суфийлар ҳақида маълумот бериш билан чекланмай, қатор шоир ва адибларнинг ҳаёти ва ижодига ҳам тўхталади. Наво­ий бу асарни ўзбек тилига «Насоим ул-муҳаббат» («Муҳаббат шабадалари») номи билан таржима қилар экан, уни ўзбек шоирлари ва адиблари ҳақидаги маълумотлар билан тўлдиради. Жомий муаммо ҳақида 4 рисола («Рисолаи муаммойи кабир», «Рисолаи муаммойи мутавассит», «Рисолаи муаммойи сағир», «Ри­солаи муаммойи манзум»), рубоийлар шарҳи, кофия ҳақида 2 рисола ёзган, машҳур қасидаларнинг бир қанчаларига алоҳида-алоҳида шарҳлар битган.

Жомий мусиқа соҳасида ҳам катта обрўга эга бўлиб, «Нақши Мулла» («Нақши Имома») асари муаллифидир. Шарқ мусиқа илми тарихида Жомийнинг «Рисо­лаи мусиқи»си ҳам алоҳида ўрин тутади. Рисола кириш, икки йирик қисм – «илми таълиф» ва «илми ийқоъ» ҳамда хотимадан ташкил топган бўлиб, улар ўз ичига 23 фаслни қамраб олган. Жомий ўзининг мусиқий назарий ва мусиқий-нафис қарашларида Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Сафиуддин Урмавий ва Абдулқодир Мароғийларнинг мумтоз анъаналарини давом эттирган. Асосий диққатини ўша давр амалиёти билан боғлиқ бўлган парда (лаб) тизимлари (жинс, жам, «Ўн икки ма­қом», шуъба ва бошқа) ҳамда усул (ритм) масалаларига қаратган. Жомийнинг мусиқавий тафаккури адабий-бадиий ижодида ҳам ўз ифодасини топган.

Асарлари ўзбек тилига таржима қилиниб, бир неча марта нашр этилган. «Қофия шарҳи рисоласи», «Шарҳи Мулло» (ёки «Мулло Жомий») Мар­казий Осиё ва Идил (Волга) бўйи татарлари мадрасаларида араб тили грамматикасидан дарслик сифатида ўқитилган.

Ҳозирда Ўзбекистон ва Тожикистоннинг бир қанча жамоа хўжаликлари, кўчалар, мактаблар Жомий номи билан аталган. 1970 йил Самарқанд шаҳрида Алишер Навоий билан Абдураҳмон Жомий ҳайкали ўрнатилган.

Абдуқаҳҳор ҲАБИБОВ,

Тошкент ислом институти талабаси

439930cookie-checkАбдураҳмон Жомийнинг ҳаёти ва ижоди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: