islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ИСЛОМ ВА БОШҚА ДИН ВАКИЛЛАРИ (3-қисм)

Ислом жамиятдаги барча дин аъзоларининг барчасига баробар назар билан қараб, уларга тенг шароит яратиб берди. Бу маънолар мусулмонлар ўз динларига тўлиқ амал қилган чоғларида бутун гўзаллиги ила намоён бўлди.

Ислом дини мусулмонларга бошқа самовий динларга, уларнинг пайғамбарларига, муқаддас китобларига иймон келтиришни фарз қилиш билан бирга, ўша динларга эътиқод қилувчи кишиларга ёмонлик қилмаслик, улар билан яхши муомалада бўлиш, яхши қўшничилик қилиш, зиёфатга чақириш, оилавий алоқалар ўрнатишга ҳам ижозат берди. Шунингдек, Ислом дини мусулмон давлатга бошқа дин вакиларининг ибодатхоналарини ҳимоя қилишни, уларнинг диний-ақийдавий масалаларига аралашмасликни, ҳукмда уларга жабр қилмасликни, оммавий ҳуқуқ ва масъулиятларда уларни мусулмонлар билан тенг кўришни, уларнинг барча инсоний ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза қилишни вожиб қилди.

Бу маънода Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким аҳли зиммадан бир кишининг ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди. Албатта, унинг ҳиди етмиш йиллик масофадан келиб турар», деган ва «Ким бир аҳдлашган (ғайридин) кишига зулм қилса ёки унинг ҳаққини поймол этса ёхуд уни тоқати етмайдиган нарсага мажбур қилса ёки ундан ўз розилигигиз бир нарса олса, қиёмат куни мен ўша одамнинг хусуматчиси бўламан» деган ҳадисларининг ўзи кифоя қилади.

Ислом давлати соясида яшаётган ғайридин киши учун бундан ҳам ортиқ кафолот бўлиши мумкинми?

Айтилаётган маънолар қуруқ гап эмаслиги исботи тарзида воқеъликдаги ҳужжат-далил ва мисолларга назар солайлик. Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг у ердаги яҳудийлар билан аҳднома тузиб, тинч-тотув ва жамият манфаати учун ҳамкорликда яшаш асосларини белгилаб, унга амал қилиб яшадилар. Муҳаммад алайҳиссалом бошқа дин вакиллари билан шахсан яхши алоқада бўлар, уларга гўзал муомала қилар эдилар. Жумладан, уларга ҳадялар бериб, улар томонидан қилинган ҳадяларни қабул қилиб ҳам олар эдилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа дин вакиллари томонидан ҳадя қилинган кийимларни кийиб юрганлари маълум ва машҳур. Бу маъно ҳатто баъзи ўзини билмаган кишилар томонидан суъистимол қилингани ҳам маълум. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бир яҳудий аёл заҳар солиб берган қўй гўштини еб заҳарланганлари ҳеч ким учун сир эмас.

Манбалар асосида тайёрланди.

ТИИ Модуль таълим тизими талабаси, Тўрақўрғон туман
“Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби Жаъфархон СУФИЕВ

456220cookie-checkИСЛОМ ВА БОШҚА ДИН ВАКИЛЛАРИ (3-қисм)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: