Аллоҳ таоло ўзининг Каломи шарифида шундай марҳамат қилади:
قل لئن اجتمعت الانس و الجن علي ان يأتوا بمثل هذا القرآن لا يأتون بمثله و لو كان بعضهم لبعض ظهيرا
“Агар инсу-жинлар тўпланиб, ушбу Қуръонга ўхшаш нарса келтирмоқчи бўлсалар, бунда баъзилари баъзиларига ёрдамчи бўлсалар ҳам, унга ўхшашини келтира олмаслар” (Исро сураси 88-оят).
Мўътабар тафсир китобларимизда бу оят борасида шундай дейилади: “Барча инсонларга ҳам, жинларга ҳам жуда оз илм берилгандир. Шундай экан, ҳаммалари бир бўлиб, ўзаро ёрдамлашиб ҳаракат қилсалар ҳам, Қуръонга ўхшаш нарса келтира олмаслар. Қуръон сўзлари каби сўзлар туза олмаслар. Қуръон жумлалари каби жумлалар топа олмаслар. Қуръони каримнинг мўжизакорлиги фақат сўз, гап, балоғат-фасоҳат ёки услуб жиҳатидан эмас, балки инсониятнинг барча мушкулотларини ҳал қилишда, унга икки дунё саодатини ато этувчи мукаммал ва абадий, ҳар замон ва ҳар маконга мос дастур тақдим қилишида ҳамдир. Бундай илоҳий дастурни ҳеч ким, ҳатто дунёдаги барча инсонларга барча жинлар қўшилиб, бир-бирларига ёрдам бериб уринганларида ҳам ярата олмайдилар. Улар Қуръонга ўхшаш нарса келтириш у ёқда турсин, шу бор Қуръонни тўғри англашга ҳам ожизлик қиладилар”.
Ҳақиқатда ҳам, Қуръон мўъжизаларга бойдир. Биз бу мўъжизалардан баъзиларинигина тушуна оламиз. Биргина “Ар-Роҳман“ сурасининг ўзида бир қанча мўъжизаларни топамиз. Агар биз Қуръонни тафаккур ва тадаббур ила ўқийдиган бўлсак, ундаги мўъжизаларни англашимиз мумкин. Аҳамият қилган бўлсангиз “Ар-Роҳман“ сураси маъно жиҳатидан тўрт қисмга бўлинади:
1-қисм: 1-30-оятлар. Бунда ердаги боғлар ва ундаги ҳаёт ҳақида сўз кетади.
2-қисм: 31-45-оятлар. Бунда жаҳаннам ҳақида ва ундаги ҳолат ҳақида гап боради.
3-қисм: 46-61-оятлар. Бунда жаннат ҳақида ҳикоя қилинади.
4-қисм: 62-78-оятлар. Бунда ҳам жаннат яъни жаннат остидаги жаннат ҳақида сўз боради.
Барчамизга маълум, жаннатнинг эшиклари сони саккизтадир. Жаҳаннамнинг эшикларини сони эса еттита.
Эътибор қилинса, биринчи қисмда, “Роббингизнинг қайси неъматларини инкор этурсиз” деган оят саккиз марта зикр этилган. Бу жаннатнинг эшиклари сонига тўғри келади.
Иккинчи қисмда эса, ушбу оят етти марта зикр қилинган. Бу эса жаҳаннамнинг эшиклари сонига тўғри келади.
Учинчи қисмда эса, бу оят саккиз марта зикр қилинади. Тўртинчи қисмда ҳам худди шундай. Бу эса жаннатнинг эшиклари сонига тўғри келади.
Ушбу суранинг яна бир мўъжазлиги учинчи қисмдан бошлаб “жаннатаан” яъни икки жаннат деб бошланади ва суранинг охиригача “Роббингизнинг қайси неъматларини инкор этурсиз” ояти ўн олти марта зикр қилинган. Чунки иккита жаннат бўлганлиги сабабли эшиклар сони ҳам ўн олтита бўлади. Шунинг учун ушбу оят ҳам ўн олти марта зикр қилинди.
Аллоҳнинг қудратини ва унинг Каломини мўъжазлигини қарангки, биринчи, учинчи ва тўртинчи қисмларда жаннат ва боғу роғлар ҳақида сўз борганлиги сабабли ушбу оят саккиз мартадан, яъни жаннат эшиклари сонича, иккинчи қисмда жаҳаннам ҳақида сўз борганлиги сабабли, етти маротаба зикр қилинди, яъни жаҳаннам эшиклари сонича.
“Роббингизнинг қайси неъматларини инкор этурсиз” ояти умумий ўттиз бир марта зикр қилинди. Аллоҳ таоло ушбу оят билан “сақолайн” яъни инсу-жинларга хитоб қилмоқда. Лекин “сақолайн” лафзи келган оят қаерда ворид бўлди? Аллоҳ таоло айтадики: “Албатта сизлар учун вақт топармиз, эй инсу жинлар!” (Ар-Роҳман, 31)
Ушбу оятнинг рақами ўттиз бир, бу эса “Ар-Роҳман“ сурасида ўттиз бир маротаба такрорланган оятнинг ададига тенг.
Биз ҳозир биргина “Ар-Роҳман” сурасидаги мўъжазликларни зикр қилдик, худди шундай мўъжизалар Қуръон каримда бисёр. Бу эса Аллоҳнинг тенгсиз ва қудратли зот эканлигига бир дадил. Аллоҳ барчамизни ўзининг ҳидоятидан адаштирмасин ва Ўзининг каломини тафаккур ва тадаббур ила ўқишликни насиб этсин!
“Таҳфизул Қуръон” кафедраси талабаси
Мираббос Ёров