islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қазо ва қадар масаласи

Мўмин инсон динида билиши  зарур ҳисобланган эътиқодий билимлар бор бўлиб, даставвал ана шуларни пухта ўрганиб, комил ақидага эга бўлиши лозимдир. Қазо ва қадар – яхшилик ва ёмонлик Аллоҳ таолоданлигига иймон келтириш ҳам шулар жумласидандир. Баъзи инсонлар яхшилигу ёмонлик Аллоҳдан деганида Аллоҳ азалда фалон-фалон иш бўлади, деб ёзгану, банда эса уларни амалга оширишга мажбур, деган тушунчага боради. Бу аҳли сунна вал жамоа эътиқодига зиддир. Уламоларимиз қазо ва қадарни таърифида шундай дейишган:

  Аллоҳ таолонинг келажакда махлуқотларида содир бўладиган нарсани билиши қадар дейилади.

Яъни Аллоҳ таоло махлуқотларнинг хаётию мамоти, соғлиғию касаллиги, кенгчилигию фаровонлиги, барча ҳолатларини олдиндан билиши  қадар ҳисобланади.

Аллоҳ таолонинг илмида вужудга келиши олдиндан аниқ бўлган нарсани вужудга келтириши қазо дейилади.[1]

Яъни Аллоҳ таоло махлуқотлари борасида  олдиндан билган нарсасини Ўзи белгилаб қўйган вақтида Ўз илмига мувофик юзага чиқариши қазо ҳисобланади.

Уламоларимиздан Хаттобий рахматуллоҳи алайх  қуйидагиларни айтадилар:

«Кўпчилик одамлар қазо ва қадарни Аллоҳ таоло томонидан Ўзи тақдир қилиб қўйган ишларга бандани қаҳр ила мажбур қилиш, деб ҳисоблайдилар. Уларнинг бу фикрлари нотўғридир. Қазо ва қадарнинг маъноси, бандаларнинг келажакда бўладиган ишларини Аллоҳ томонидан муқаддам билиб турилишидир». Демак, бандаларнинг амалларига казо ва кадарнинг ҳеч таъсири йўқ экан. Қазо ва қадар фақатгина Аллох таолонинг азалда келажакда нималар содир бўлищини билиши ҳам уларни билганидек яратишидир. Бу ерда яна бир нарсага эътибор бериш керакки, Аллох таоло бандага ихтиёр қилиш неъматини берган бўлиб, банда ҳар доим ўз ишларида қилиш ва қилмаслик танловида бўлади.

Мисол тариқасида, фараз қилинг, устоз ўз шогирдларининг илмий савиясини яхши билади. Имтиҳонга киришдан аввал фалончи «аъло» баҳо олади, пистончи «яхши» баҳо олади, деб айтди. Имтиҳон натижаси устоз айтганидек чиқди. Шогирдлар устоз айтган гап учун мазкур натижага эришдиларми? Ёки устознинг ўз тажрибасига асосланган ожизона илми уларни ўша баҳоларни олишга мажбур қилдими?

Албатта, Аллоҳ таолога ҳеч қандай ўхшаш йўқ. Лекин тушуниш учун келтирилган шу мисолдан ҳам қазои қадарда бандани бирор нарсага мажбурлаш йўқлигини англаб олишимиз зарур. Ожиз инсон ўзига қарашли нарсаларда шунчалик илмга эга бўлса, нима учун қудратли Аллоҳ – чексиз илм соҳиби бўлган зот, азалдан ҳамма нарсани билмаслиги керак?

Аллоҳдан фойдали илм ҳамда унга амал қилиш бахтини сўраб қоламиз.

4- курс талабаси
Муҳаммадали Хайитбоев

90090cookie-checkҚазо ва қадар масаласи

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: