Мусулмон инсон мол-дунёга ҳирс қўймайди ва кишилар қўлидаги бойликка тамагирлик қилмайди. У зарур нарса билан кифояланади ва борига қаноат қилади. Тамагирлик арабча “тамаъа” сўзидан олинган бўлиб, бир нарсани қалбдан кучли орзу қилишга айтилади. “Тамаъ қилди” билан “ҳирс қўйди” бир хил маънони англатади. Агар тамаъ Аллоҳ таолонинг раҳматини орзу қилиш маъносида бўлса, яхши ҳисобланади. Бунга Иброҳим алайҳиссаломнинг тамалари мисол бўлади: “Ва менинг хатоимни қиёмат куни мағфират қилишидан таъма қилганим – умидвор бўлганим ҳам, Унинг Ўзи”. Аллоҳ таоло Ўзига хавф ва тама билан дуо қиладиганларни мадҳ этган: “Уларнинг ёнбошлари (ибодат қилиш учун) ўриндиқлардан ажраб турар (оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилурлар“. Аммо тамаъ дунёнинг ўткинчи ҳойи-ҳаваси йўлида бўлса, ёмон нарса ҳисобланади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Билингки, тама фақирликдир. Тама қилмаслик бойликдир”, деган. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтади: “Кўпгина ақлларнинг қулаши тамаъларнинг чақмоғидандир”. Каъб ва Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳумолар бирга бўлишганда Каъб розияллоҳу анҳу: — Эй, Ибн Салом! Илм арбоблари кимлар? — деди. — Унга амал қилувчилар, — деди. — Билганларидан кейин уламоларнинг қалбидан илмни кетказган нарса нима? — деди. — Тамагирлик, нафснинг очкўзлиги ва одамлардан ҳожатини раво қилишни сўраш, — деб жавоб берди. Тамагирликнинг зарарлари: 1. Тамагирлик иймон заифлигининг аломатидир. 2. Тамагирлик Аллоҳ таолога бўлган ишончдаги нуқсондир. 3. Тамагирлик Аллоҳ таоло ҳақида ёмон гумонда бўлишдир. 4. Тамагирлик ўз эгасига доимий камбағалликни жалб қилади. 5. Тамагирлик доимий чарчоқликдир. Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ансорийлардан бир қанча одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан (мол) сўрадилар. Бас, у зот уларга бердилар. Сўнгра яна сўрадилар, яна бердилар. Ҳаттоки, ҳузурларидаги нарса қолмади. Шунда у зот: “Ҳузуримда не яхшилик бўлса, сизларга бермай олиб қолмасман. Ким иффат талаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилур. Ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур. Ким сабр талаб қилса, Аллоҳ уни сабрли қилур. Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ неъмат берилмаган”, – дедилар” (Бешовлари ривоят қилишган). Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон инсон ўзига берилган ризқ қанча бўлса, ўшанга чидаб, қаноат ҳосил қилиб юриши яхши экани тарғиб қилинган. Мусулмон инсон турмушни яхши таъмин қилиш учун имкониятидаги барча ҳалол воситаларни ишга солиб, ҳаракат қилаверади. Аммо, ризқ бериш Аллоҳдан эканини ҳеч қачон унутмайди. Шунинг учун, ўзига берилган ризқ-насиба Аллоҳ таолонинг иродаси ила бўлган, деб билади. Оз бўлса, норози бўлмайди, кўп бўлса, ҳовлиқиб кетмайди. Чунки, Аллоҳ таолонинг иродасига қарши чиқиш мусулмон одам учун тўғри эмас. Мазкур ривоятларда мусулмон инсон ўзига берилган ва берилмаган ризққа нисбатан қандай йўл тутиши лозимлиги ҳақида бир неча кўрсатмалар берилмоқда. Мусулмон одам унга Аллоҳ таоло томонидан берилган етарли ризққа сабр қилиб қаноатли бўлиб ўтса, дунёдаги энг катта нажотга эришган бўлар экан. Ҳақиқий бойлик мол-дунёнинг кўплигида эмас, нафснинг тўклигидадир. Абу Ҳозим: “Кимда уч нарса бўлса, ақли расо бўлур: ўзини билса, Аллоҳ таоло берган ризққа қаноат қилса ва тилини тийса”, деган. Баъзи ҳукамолар шундай дейдилар: Агар тамагирликка: — Отанг ким? — дейилса, — Қадарга шак келтириш, — дейди. — Ҳунаринг нима ? — дейилса, — Хорликни касб қилиш. — Ғоянг нима? — дейилса, — Маҳрумлик, — дейди. Тамагирлик азизни хор қилади. Тамасизлик хорни азиз қилади. Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Абдусамад Тожиддинов 1 939
Шогирднинг устози ҳузуридаги одоблари қуйидагилардан иборат: Шогирд устоз ёнида керакли гапни гапириши; Устози сўрамаган масалалардан сўз очиб очиб, мавзудан чалғитмаслиги; Талаба устозидан изн олмагунча савол сўрамаслиги; Шогирд устоз ўртага қўйган масалада уни мулзам қилиш учун: “Фалон киши бу масалада бошқа фикрда, унинг фикри сизникидан устун кўриняпти”, деган гаплар қилмаслиги; Устозининг ҳузунли ва сукутли дамларида ўринсиз саволарга тутиб, безовта қилмаслиги; Талаба устози айтмоқчи бўлган сўзни ёҳуд саволни ярмидан олиб, оғзидан олиб давомини айтишга одатланмаслиги лозим. Шунингдек, талабалар устозини ғийбат қилиш каби гуноҳлардан жуда ҳам эҳтиёт бўлишлари керак. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай дейди: Эй мўминлар, кўп гумондан четланинглар! Чунки айрим гумон(лар) гуноҳдир! (Ўзгаларнинг айблари ортидан) жосуслик қилиб юрманглар ва айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми?! Ана ёмон кўрдингизми?! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи, меҳрибондир. (Ҳужурот,12). Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев 849
Бугун дунё тез ўзгариб, ундаги воқеалар, мафкуралар, ғоялар тўқнашуви бизни ҳар қачонгидан сергак ва огоҳ бўлишга ундайди. Инсон ўзи учун ҳаловат ва тинчликни ўз идроки ва билими билан таъминлайди. Аллоҳ ато этадиган бу буюк неъматни асрай олиш унинг ўз ҳатти-ҳаракатларига боғлиқдир. Бугунги глобаллашув даврида инсон онги ва қалби учун жиддий кураш кетмоқда. Турли манфаатлар тўқнаш келган ва шунга хизмат қиладиган ахборот хуружлари кўпайган бир шароитда бундай жараёнлар салбий таъсиридан ҳимояланишнинг бирдан-бир йўли бу соғлом фикр юритиш, ҳамиша ҳушёр ва огоҳ бўлишдир.Айниқса, ёшлар онгида ватанпарварлик ва юрт тақдирига дахлдорлик туйғуларини юксалтириш, уларнинг билимини ошириш турли таҳдидларига тўсиқ қўйишда муҳим аҳамиятга эга. Шу муносабат билан Тошкент шаҳар Юнусобод тумани бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ домла Сайфиддинов иштирокида “Огоҳлик – давр талаби” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Суҳбатда ҳозирги кунда мамлакатимизда барча соҳалар қатори диний соҳада ҳам улкан амалий ишлар амалга оширилаётган бир пайтда тирноқ ичидан кир қидираётган кишилар томонидан турли фитналарга алданиб қолмаслик кераклиги ҳақида айтиб ўтилди. Бугун талаба ёшларнинг асосий вазифаси юксак илм-маърифат ва одоб-ахлоқни эгаллаш зарурлиги эслатиб ўтилди. Суҳбат давомида саҳобалар ва илм аҳлларининг фазллари ҳақида ҳаётий мисоллар келтириб ўтилди. Суҳбат сўнгида институт талабалари ўзларини қизиқтирган саволларга Раҳматуллоҳ домла томонидан мазмунли жавоб олдилар. Тадбир якунида Устоз талабаларнинг ҳақларига дуои хайрлар қилди. Тошкент ислом институти Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ў.СОБИРОВ 1 560
Аллоҳ таоло: «Албатта, у Қуръони каримдирки, (у) яширин Китобда (Лавҳул-маҳфузда) дир. Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар», деган ( Воқиаъ, 77-79). Абдурраҳмон ибн Язид ҳикоя қиладилар: Биз Салмом (розияллоҳу анҳу) билан бирга эдик. У бизни ёнимиздан туриб, чиқиб кетди ва ҳожатини қилиб келди. Мен эй Абу Абдуллоҳ таҳорат қилдингизми? Биз Аллоҳнинг каломидан сўрамоқчи эдик дедим. У мен Мусҳафни ушламайман, уни покланганлар ушлайди, деди. Ва бизга сўраган оятларимизни тиловат қилди, (Байҳавий ва Дорақутний ривояти). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуронни фақатгина таҳоратли кишигина ушлайди”, деганлар, (Термизий, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ва Сунани Доримий 447-ҳадис). Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хайз ва жунуб ҳолатдаги кишини Қуронни тиловат қилишдан қайтарган”, эдилар ( Мабсут Сарахсий 3-жуз 301-саҳифа). Қуръони каримни жунуб, ҳайз, нифос ва таҳоратсиз ҳолдагилар ушлаши мумкин эмас. Фақат Қуръони каримнинг ташидан унга ёпишмаган нарса ила ушлашлари жоиз. Улар бутун бир ояти карима ёзилган қоғозни ҳам ушлашлари дуруст эмас. Баъзи уламолар: балоғатга етмаган болалар Қуръонни ўрганаётган вақтларида енгил таҳоратсиз ушлашларини жоиз деганлар. Агар таълим берувчи жунуб, ҳайз, нифос ва таҳоратсиз ҳолда бўлса, ана шу ҳолатларда Каломуллоҳни ушламасдан сўзма-сўз ўқиш ила таълим беради. Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Абдусамад Тожиддинов 889