Асли Мадиналик, “Абу Дардо” куняси билан танилган саҳоба Уваймир ибн Молик розияллоҳу анҳу жоҳилиятдаги дўсти Абдуллоҳ ибн Раввоҳанинг даъвати билан бадр жангидан кейинроқ мусумон бўлган. Илгари тожирлик билан шуғулланган Абу Дардо Исломга киргач ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди. Илм таҳсилига шунғиб кетди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу даврида Дамашқда муаллимлик қилди. Шу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан олган жуда фойдали сабоғини кейинги умматга қуйидагича етказади: عن أبي الدرداء قال : أوصاني رسول الله بتسع “ لا تشرك بالله شيئاً وإن قطِّعْتَ أو حُرِّقْتَ , ولا تتركنَّ الصلاة المكتوبة متعمدا ؛ ومن تركها متعمدا برئت منه الذمة , ولا تشربن الخمر ؛ فإنها مفتاحُ كل شر , وأطع والداك وإن أمراك أن تخرج من دنياك ؛ فاخرج لهما , ولا تنازعن ولاة الأمر , وإن رأيت أنك أنت , ولا تفرِرْ من الزحف ؛ وإن هلكت وفرَّ أصحابك , وأنفق من طَوْلك على أهلك , ولا ترفع عصاك على أهلك وأخفهم في الله عز وجل “ .. Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўққиз нарсани насиҳат қилдилар: Аллоҳга ҳеч бир нарсани асло шерик қилма! Агар қийма-қийма қилинсанг ҳам, ёки оловда куйдирилсанг ҳам. Ҳаргиз фарз намозни қасддан тарк қилма! Чунки фарз намозни ким қасддан тарк этса, Аллоҳнинг зиммасидан маҳрум бўлади. Асло ароқ ичма! Чунки у барча ёмонликларнинг калитидир. Ота-онангга итоат қил! Агар улар дунёингдан чиқиб кетишга буюрсалар, улар учун чиқиб кет. Ишбошилар билан мансаб талашма! Агарча ўзингни ўша лавозимга лойиқ билсанг ҳам. Жангдан орқа қилиб қочма! Агар ҳалок бўлсанг ё дўстларинг ташлаб қочган бўлса ҳам. Топганингдан аҳлингга нафақа бер! Асоингни аҳлингга кўтарма! Аҳлингни Аллоҳдан қўрқит! (Бухорий ва Ибн Можа ривояти. Саҳиҳ). Изоҳ: Бу насиҳатлар гарчи Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг ўзига айтилган бўлса-да, аслида Расулуллоҳнинг Абу Дардога омонати ҳам эди. У бу сабоқларни кейинги авлодга етказиш мажбуриятини ҳам олган эди. Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу насиҳатлари нафақат Абу Дардога балки, бутун умматга тегишли эди. Бу сабоқлар аслида ҳаёт дастуримизнинг муҳим бандларидан десак, яна ҳам тўғри бўлади. Бу насиҳатлар айниқса, тақво ва диёнатдан йироқлашган бугунги кунимиз учун ўта зарурдир. Ҳолимизни ислоҳ қилиш учун уни тезлик билан амалда қўллашимиз лозим бўлади. Пайғамбаримиз биринчи бўлиб энг зарур масаладан сўз бошладилар: 1) Аллоҳга ҳеч бир нарсани асло шерик қилма! Агар қийма-қийма қилинсанг ҳам, ёки оловда куйдирилсанг ҳам. Гуноҳлар ичида энг улкан ва даҳшатлиси бу ширкдир. Ўшанинг учун ҳам ҳадисда муболаға услуби билан ҳатто гўштингни қийма қилиб чопишса ҳам, ёки оловда куйдириб жизғанак қилмоқчи бўлсалар ҳам қалбингдаги тавҳиддан воз кечмагин, деб уқтирилмоқда. Иймоннинг жойи қалб бўлгани каби, ширкнинг ўрни ҳам қалбда бўлади. Мўмин ўз жонини сақлаб қолиш учун зарур ҳолатларда фақат тилида куфр сўзларини айтиши мумкин. Аммо ўша сўзга қалбида ишониши, эътиқод қилиши ҳаргиз мумкин эмас. 2) Ҳаргиз фарз намозни қасддан тарк қилма! Чунки фарз намозни ким қасддан тарк этса, Аллоҳнинг зиммасидан маҳрум бўлади. Намоз исломнинг беш рукнидан, иккинчисидир. Биринчи рукн иймон, ундан кейинги энг муҳим ибодат намоздир. Намозни қасддан тарк этувчилар икки хил бўлади: Фарзлигини инкор этиб тарк этувчилар; Фарзлигини тан олган ҳолда дангасалик билан тарк этувчилар; Биринчи тоифа яъни, намознинг фарзлигини тан олмаганлар мусулмон ҳисоб этилмайди. Аммо, намозни фарзлигига ишониб ялқовлик билан ўқимасдан юрганлар кофир дейилмайди. Лекин катта гуноҳ соҳиби бўлишади. Ҳар бир банда билан Аллоҳ орасида аҳд бўлади. Аллоҳга итоат этувчи бандаларни Аллоҳ турли балолардан сақлаб туради. Намозни қасддан тарк этганлар билан ўша аҳднома бузилади. Бирор балога гирифтор бўлса, банданинг ўзи айбдор...
Мусулмон инсон мол-дунёга ҳирс қўймайди ва кишилар қўлидаги бойликка тамагирлик қилмайди. У зарур нарса билан кифояланади ва борига қаноат қилади. Тамагирлик арабча “тамаъа” сўзидан олинган бўлиб, бир нарсани қалбдан кучли орзу қилишга айтилади. “Тамаъ қилди” билан “ҳирс қўйди” бир хил маънони англатади. Агар тамаъ Аллоҳ таолонинг раҳматини орзу қилиш маъносида бўлса, яхши ҳисобланади. Бунга Иброҳим алайҳиссаломнинг тамалари мисол бўлади: “Ва менинг хатоимни қиёмат куни мағфират қилишидан таъма қилганим – умидвор бўлганим ҳам, Унинг Ўзи”. Аллоҳ таоло Ўзига хавф ва тама билан дуо қиладиганларни мадҳ этган: “Уларнинг ёнбошлари (ибодат қилиш учун) ўриндиқлардан ажраб турар (оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилурлар“. Аммо тамаъ дунёнинг ўткинчи ҳойи-ҳаваси йўлида бўлса, ёмон нарса ҳисобланади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Билингки, тама фақирликдир. Тама қилмаслик бойликдир”, деган. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтади: “Кўпгина ақлларнинг қулаши тамаъларнинг чақмоғидандир”. Каъб ва Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳумолар бирга бўлишганда Каъб розияллоҳу анҳу: — Эй, Ибн Салом! Илм арбоблари кимлар? — деди. — Унга амал қилувчилар, — деди. — Билганларидан кейин уламоларнинг қалбидан илмни кетказган нарса нима? — деди. — Тамагирлик, нафснинг очкўзлиги ва одамлардан ҳожатини раво қилишни сўраш, — деб жавоб берди. Тамагирликнинг зарарлари: 1. Тамагирлик иймон заифлигининг аломатидир. 2. Тамагирлик Аллоҳ таолога бўлган ишончдаги нуқсондир. 3. Тамагирлик Аллоҳ таоло ҳақида ёмон гумонда бўлишдир. 4. Тамагирлик ўз эгасига доимий камбағалликни жалб қилади. 5. Тамагирлик доимий чарчоқликдир. Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ансорийлардан бир қанча одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан (мол) сўрадилар. Бас, у зот уларга бердилар. Сўнгра яна сўрадилар, яна бердилар. Ҳаттоки, ҳузурларидаги нарса қолмади. Шунда у зот: “Ҳузуримда не яхшилик бўлса, сизларга бермай олиб қолмасман. Ким иффат талаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилур. Ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур. Ким сабр талаб қилса, Аллоҳ уни сабрли қилур. Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ неъмат берилмаган”, – дедилар” (Бешовлари ривоят қилишган). Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон инсон ўзига берилган ризқ қанча бўлса, ўшанга чидаб, қаноат ҳосил қилиб юриши яхши экани тарғиб қилинган. Мусулмон инсон турмушни яхши таъмин қилиш учун имкониятидаги барча ҳалол воситаларни ишга солиб, ҳаракат қилаверади. Аммо, ризқ бериш Аллоҳдан эканини ҳеч қачон унутмайди. Шунинг учун, ўзига берилган ризқ-насиба Аллоҳ таолонинг иродаси ила бўлган, деб билади. Оз бўлса, норози бўлмайди, кўп бўлса, ҳовлиқиб кетмайди. Чунки, Аллоҳ таолонинг иродасига қарши чиқиш мусулмон одам учун тўғри эмас. Мазкур ривоятларда мусулмон инсон ўзига берилган ва берилмаган ризққа нисбатан қандай йўл тутиши лозимлиги ҳақида бир неча кўрсатмалар берилмоқда. Мусулмон одам унга Аллоҳ таоло томонидан берилган етарли ризққа сабр қилиб қаноатли бўлиб ўтса, дунёдаги энг катта нажотга эришган бўлар экан. Ҳақиқий бойлик мол-дунёнинг кўплигида эмас, нафснинг тўклигидадир. Абу Ҳозим: “Кимда уч нарса бўлса, ақли расо бўлур: ўзини билса, Аллоҳ таоло берган ризққа қаноат қилса ва тилини тийса”, деган. Баъзи ҳукамолар шундай дейдилар: Агар тамагирликка: — Отанг ким? — дейилса, — Қадарга шак келтириш, — дейди. — Ҳунаринг нима ? — дейилса, — Хорликни касб қилиш. — Ғоянг нима? — дейилса, — Маҳрумлик, — дейди. Тамагирлик азизни хор қилади. Тамасизлик хорни азиз қилади. Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Абдусамад Тожиддинов 1 150
Шогирднинг устози ҳузуридаги одоблари қуйидагилардан иборат: Шогирд устоз ёнида керакли гапни гапириши; Устози сўрамаган масалалардан сўз очиб очиб, мавзудан чалғитмаслиги; Талаба устозидан изн олмагунча савол сўрамаслиги; Шогирд устоз ўртага қўйган масалада уни мулзам қилиш учун: “Фалон киши бу масалада бошқа фикрда, унинг фикри сизникидан устун кўриняпти”, деган гаплар қилмаслиги; Устозининг ҳузунли ва сукутли дамларида ўринсиз саволарга тутиб, безовта қилмаслиги; Талаба устози айтмоқчи бўлган сўзни ёҳуд саволни ярмидан олиб, оғзидан олиб давомини айтишга одатланмаслиги лозим. Шунингдек, талабалар устозини ғийбат қилиш каби гуноҳлардан жуда ҳам эҳтиёт бўлишлари керак. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай дейди: Эй мўминлар, кўп гумондан четланинглар! Чунки айрим гумон(лар) гуноҳдир! (Ўзгаларнинг айблари ортидан) жосуслик қилиб юрманглар ва айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми?! Ана ёмон кўрдингизми?! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи, меҳрибондир. (Ҳужурот,12). Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев 397