islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Oliy ma'had

Муаллиф:

Зикр фазилатлари

Зикр – Аллоҳ таолонинг қудрати, неъматлари ва атроф оламга ибрат назари билан боқиб Буюк Яратувчини ёдга олишдир. Қуръони каримда Аллоҳ таолони зикр қилишга алоҳида буйруқ келган: فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ «Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман», (Бақара сураси, 152-оят). Аллоҳ таолони эслаш – зикр қилиш У зотга бўлган муҳаббат белгиси, бахту-саодатнинг боши ва асосидир. Зикрнинг фазилатлари шунчалар кўпки, уларни санаб адоғига етолмаймиз: Зикр – Аллоҳ розилигига эришишнинг воситасидир; Зикр – шайтонга зарба бўлиб, унинг кучини заифлаштиради; Зикр – қалбдаги ғам-ташвишларни кетишига сабаб бўлади; Зикр – ожиз бандага қувват бағишлайди; Зикр – қалб ва юзнининг нурли бўлишига сабаб бўлади; Зикр – ризқнинг мўл бўлишига сабаб бўлади; Зикр – қалбни ғафлатдан уйғонишига сабаб бўлади; Зикр – гуноҳ ва маъсиятлар ўчирилишига сабаб бўлади; Зикр – Аллоҳнинг сакинати ва раҳмати тушишига сабаб бўлади. Зикр – қалбдаги хавотирлар кетишига сабаб бўлади; Зикр – турли тил офатларидан ва бекорчи сўзлардан узоқда бўлишга сабаб бўлади; Зикр – дунё ва охират саодатига эришишга сабаб бўлади. Зикрнинг бундан бошқа биз билган ва билмаган фойдалари, фазилатлари бисёрдир. Зеро, кимгаки Аллоҳ зикр қилувчи тил,  уйғоқ қалб, теран фикр ато қилган экан унга кўп яхшиликни ато қилинган бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни зикр деб аталмиш неъматда бардавом қилсин! 3-курс талабаси Ниёзалиева Мунаввар 1 133

Ўзаро ҳадя улашинглар, бир-бирларингизга муҳаббатли бўласизлар

Ҳадя (совға) улашишга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тарғиб қилганлар. Шунинг учун ҳар бир мусулмон киши ушбу тарғиб қилинган амални адо этишга имкон қадар ҳаракат қилиши фазилатли иш ҳисобланади. Мазкур фазилатли ишга тааллуқли бир қанча одоблар бўлиб, уларнинг энг машҳурлари қуйидагилар: Биринчи одоб – эзгу ният қилиш. Ҳадя берувчи аввало Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида бир мусулмоннинг кўнглини шод қилишни ният қилиши лозим. Зеро, амаллар ниятларга кўра бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадя улашишнинг қандай самаралари борлигини шундай баён қилганлар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзаро ҳадя  улашинглар, бир-бирларингизга муҳаббатли бўласизлар”, – дедилар”. Имом Байҳақий ривоят қилган. Яъни ҳадя жамият вакилларининг ўзаро меҳр-оқибатли бўлишга сабаб бўлади. Иккинчи одоб – ҳадяни қавму қариндош ва қўни-қўшнилардан бошлаш. Ҳадяни қавму қариндошлардан бошлаш афзал ҳисобланади. Чунки бу иш силаи раҳм бўлиб, ўртадаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, ҳадя улашишда қўни-қўшнилардан ва улар орасидан ҳам аввало ён қўшнилардан бошлаш афзал саналади. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қўшнингга яхшилик қилгин, мўмин бўласан”, – деганлар. Яъни қўшнисига яхши муомала қилган, яхши ишларида кўмакчи бўлган киши комил иймон эгаси бўлади. Кишининг  яхши-ёмон кунларида доимо ёнида яшайдиган инсон унинг қўшниси бўлади. Шу маънода дастлаб қўшнисига ҳадя бериш яхшиликни ўзига яқин кишилардан бошлаш ҳисобланади.  Учинчи одоб – ҳадяни арзимас санашдан сақланиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни ўзаро ҳадя улашишга тарғиб қилиб шундай деганлар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзаро ҳадя улашинглар, чунки ҳадя кўнгилдаги норозилик туйғусини кетказади. Бирор аёл ҳам қўшни аёлга қўй туёғининг ярмини бўлса ҳам (ҳадя қилишни) ҳаргиз арзимас санамасин”, – дедилар”. Имом Темизий ривоят қилган. Яъни ўзаро ҳадя улашиш жамият вакиллари орасида ўзаро меҳр-оқибат ришталарининг боғланишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳадя берувчи ҳам, уни олувчи ҳам ҳадяни асло арзимас санамаслиги лозим бўлади. Чунки ҳадя берувчи агар уни арзимас санаса, одатда ҳадя берилмай қолиб, ундан кўзланган мақсад ҳосил бўлмай қолади. Ҳадяни қабул қилувчи ҳам берилган ҳадя ҳар қанча оддий бўлмасин, асло арзимас санамаслиги керак. Шунингдек, ҳадяни ёки берувчисини камситадиган гапларни ҳазиллашиб гапиришдан ҳам қатъий равишда тийилиши лозим бўлади. Чунки бундай қилиш ораларини бузиш учун шайтонга имконият эшигини очиш бўлади. Шунинг учун ундан тийилиш вожиб бўлади. Тўртинчи одоб – ҳадяни қайтармаслик. Ҳадяни қабул қилиш дўстлик рамзи ва ҳадя берувчини ҳурмат қилиш белгиси бўлади. Ҳадяни қабул қилмай қайтариш эса берилган ҳадяни ёқтирмаслик ёки ҳадя берувчини камситиш каби маъноларни ифодалайди. Бу эса ўртада совуқчилик тушишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда ҳадяни қайтармасликка алоҳида буйруқ келган:  Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳадяни қайтарманглар ва чақирувчини(нг) (чақирувини) қабул қилинглар ва мусулмонларни урманглар”, – дедилар”. Байҳақий ривоят қилган. Аммо ҳадяни қабул қилмаслик жоиз бўлган ўринлар ҳам бор. Масалан, агар берилган ҳадяни пора ўрнида берилганини билса, ёки берилган ҳадядан кўпроғини ундан “ундириш” ёки бошқа бирор ғаразли ниятини амалга ошириш илинжида бераётганини сезса, ҳадяни қабул қилмаслик мумкин бўлади. Бешинчи одоб – ҳадя берувчини тақдирлаш Ҳадя олган киши ҳадя берувчига ташаккур айтиб, уни мукофотлаши ҳам суннат ҳисобланади. Қуйидаги ҳадис бунга далилдир: Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадяни қабул қилар эдилар ва унга кўра тақдирлар эдилар”. Имом Термизий ривоят қилган. ...

Тошкент ислом институти раҳбарияти Вақф фондининг хайрли ишлари учун миннатдорчилик билдиради

2018 йил 13 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мажлислар залида «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан эълон қилинган «Илм йўлида кўмак берамиз» номли акциянинг биринчи босқичи якунлари бўйича тадбир ўтказилди. Акцияга кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги билим юртлари талабалари ва ўқитувчиларини рағбатлантириш, намунали ва иқтидорли талабаларнинг тўлов-контракт пуллари тўлаб бериш кўзда тутилган. Шунингдек, Қуръони каримни ёд олган ёки араб тилидаги бирор қўшимча китобни тамомлаган талабалар ҳам рағбатлантирилади. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки, PayMe, Click, Mbank каби республиканинг йирик тўлов тизимлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, диний таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, уламолар, имом-хатиблар, Тошкент Ислом институти, диний таълим муассасалари талаба-ёшлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди. Маросимда диний таълим муассасаларининг энг иқтидорли 39 нафар талабаларининг контракт пуллари тўлаб берилиб, ўзининг иқтидори ва қобилияти билан Қуръони каримни тўлиқ ёд олган 15 нафар талаба энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан пул мукофотлари билан тақдирланди. Тақдирланганлар орасида Тошкент ислом институтининг 9 нафар талабаси ҳам бор. Тақдирлаш маросимида сўзга чиққан институт ректори У.Ғафуров Вақф фондининг ушбу кўмаги ва қўллови учун ўз миннатдорчилигини билдирди. Аллоҳ таолодан фонд раҳбарлари, ходимлари ва хайрияга маблағлари билан ёрдам берган саховатпеша юртдошларимизга қилаётган хизматлари эвазига ажру савобларни кўпайтириб беришини сўраб қоламиз. Эслатиб ўтамиз, ушбу акциянинг биринчи босқичи учун Вақф хайрия жамоат фонди томонидан умумий ҳисобда 160 000 000 сўм ажратилди. 972

Қуръони Каримда ҳарфлар, сўзлар ва сонлар боғлиқлиги

Қуръони Карим ўн тўрт асрдан буён инсонларни ҳайратга солиб келмоқда. Илоҳийлигига ишонмаганларнинг шубҳаларини батамом тарқатиш учун Қуръоннинг аввал маълум бўлмаган тилсимлари очилмоқда. ХХ асрнинг 70-80-йилларида замонавий компьютер технологиялари ёрдамида ўтказилган тадқиқотлар натижасида олимлар Қуръони карим ҳарфлари, сўзлари орасида ўзаро боғлиқлик борлигини аниқлашди. Маълум бўлишича, Қуръони Каримда “дунё”, “охират” сўзлари элликдан зиёд оятда бир хил миқдорда – 115 мартадан такрорланган. “Дунё” қанча бўлса, “охират” ҳам шунча. “Шайтон”, “фаришта”, улардан ясалган сўзлар ҳам Қуръонда бир хил – 68 мартадан келади. Қуръони Каримда “ўлим” сўзи, ундан ясалган калималар 145 марта такрорланган. Айни пайтда “ҳаёт”, ундан ҳосил бўлган сўзлар ҳам 145 марта такрорланган. Яъни, қанча ҳаёт бўлса, шунча ўлим. Қуръонда “дин”, ундан ясалган сўзлар 92 марта, “масжид” сўзи ҳам 92 марта такрорланган. Қуръонда “имон” сўзи, унинг ҳосилалари 811 марта келади. Шунингдек, “илм” сўзи 782 марта, “маърифат” сўзи 29 марта такрорланган. “Илм”, “маърифат” сўзларининг сонини қўшсак (782 + 29), 811 бўлади. Яъни, илм, маърифат қанча бўлса, имон шунчадир. Қадр сурасида 30 сўз бор. Қадр кечасини ўз ичига олган рамазон ойида ҳам 30 кун бор. Қадр кечаси рамазон ойининг 27-туни эканини кўпчилик эътироф этади. Шуниси ҳайратланарлики, мазкур сурада қадр кечасини кўрсатувчи “у” 27-сўздир. Ар-Раҳмон сурасининг 31-оятидан бошлаб дўзах ҳамда гуноҳкорлар тасвирланади. Мазкур сурада: “Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқарасизлар?!” деган жумла бир неча бор такрорланган. Дўзах борасида сўз кетганда мазкур сўроқ 7 марта такрорланган. Бу суранинг 46-оятидан бошлаб жаннат васфи келади. Мазкур сўроқ 8 марта такрорланган. Маълумки, дўзахнинг дарвозалари 7 та, жаннатники 8 тадир. “Бахтсизлик” (аш-шидда), ундан ҳосил бўлган сўзлар Қуръонда 102 марта тилга олинган. “Сабр”, унинг ҳосилалари ҳам 102 марта такрорланган. Демак, бошга қанча қийинчилик тушса, шунча сабр қилиш керак. “Жазо”, ундан келиб чиқадиган сўзлар 117 марта, “мағфират” сўзи, унинг ҳосилалари роппа-роса икки баравар кўп – 234 марта такрорланган. “Қуръон” сўзи 80 марта келган. Қуръоннинг тушиши маъносидаги “ваҳий” сўзи ҳам 80 марта такрорланган. Қуръони Каримда “расул” (элчи), ундан ҳосил бўлган сўзлар 368 марта, “набий” сўзи 75 марта, “башир” (хушхабар берувчи) 18 марта, “назир” (огоҳлантирувчи) эса 57 марта такрорланган. Ҳаммаси – 518. Энди имонлиларга хушхубар келтирувчи, хавфдан огоҳлантирувчи пайғамбарлар исмлари неча бор зикр этилганини санаб чиқайлик: Мусо – 136 марта, Иброҳим – 69, Нуҳ – 43, Юсуф – 27, Лут – 27, Исо – 25, Одам – 25, Ҳорун – 20, Исҳоқ – 17, Сулаймон – 17, Ёқуб – 16, Довуд – 16, Исмоил – 12, Шуайб – 11, Солиҳ – 9, Ҳуд – 7, Закариё – 7, Яҳё – 5, Муҳаммад (Аҳмад) – 5, Айюб – 4, Юнус – 4, Ал-Ясаъ – 2, Илёс – 2, Идрис – 2, Зулкифл – 2, Илёсин – 1 марта. Ҳаммаси 518 ни ташкил этади! Мўъжизани қаранг, Қуръони Каримда “шаҳр” (ой) сўзи 12 марта, “явм” (кун) сўзи 365 марта, “айём” (кунлар) ҳамда “явман” (икки кун) сўзлари 30 марта, яъни, бир ойнинг кунлари сонича зикр этилган. Бундай мутаносиблик тасодифий бўлиши мумкинми ?! Зиёвуддин РАҲИМ, «Қуръон – қалблар шифоси» китобидан Манба 1 751

Ўзбекистонлик имомлар ал-Азҳар университетида касб-маҳоратини оширади

Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” жоме масжидига юртимизда меҳмон бўлиб турган Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, шайх Аҳмад Муҳаммад Тоййиб ташриф буюрди ва жума намозини адо этди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати хабар берди. Шайх Аҳмад ат-Тоййиб ҳазратлари юртимиз ҳақида ўз фикр ва таассуротларини билдириб, жумладан шундай деди: – Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм! Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳу ва боракатуҳ! Мен камина ва Азҳари шарифнинг муҳтарам уламоларидан ташкил топган делегациямиз номидан Ўзбекистон Президенти ва халқига миннатдорлик билдирамиз. Шундай неъматни насиб этгани учун Аллоҳ таолога ҳамду-санолар айтамиз. Биз Ўзбекистонни зиёрат қилар эканмиз, бутун дунёни ўз илм нури билан нурафшон этган, Аллоҳнинг каломини бизларга етказиб келган улуғ алломалар юртини зиёрат қилаётганимиздан беҳад мамнунмиз. Биз айни дамда ҳозир бўлиб турган ушбу муборак масжид, Абу Бакр Қаффол Шоший номлари билан аталар экан, бу зот ўзининг фиқҳ илмига қўшган улуғ ҳиссалари билан, ислом оламида ном қозонган бўлиб, бутун дунёдаги мадраса ва исломий таълим даргоҳларида асарлари таълим бериб келинади. Биз Ал-Азҳар университетида Имом Мотурудий, Имом Насафий, Имом Самарқандий асарларидан таълим берамиз. Шунингдек, Беруний, Ибн Сино каби алломаларнинг китобларини ҳам тадқиқ этамиз. Мен ўзим ҳам Ибн Сино фалсафаси бўйича мутахассисман. Ал-Азҳар университетида Ўзбекистондан жуда кўп ёшлар илм олишган. Айни дамда 150 дан зиёд ўзбекистонлик талабалар таълим олишмоқда. Мен бу ерда “Азҳару шарифда ўқиганмиз” деган инсонларни кўриб, ўзимни жуда ҳам бахтиёр ҳис қилябман. Мен билан бирга ал-Азҳар университети ректори, доктор Муҳаммад Ҳусайн жаноблари ҳам ташриф буюрган. Сафаримиз давомида Ўзбекистондаги таълим муассасалари ва ал-Азҳар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва келажакда ҳамкорликда улкан ишларни амалга ошириш мақсадида шартнома ва меморандумлар имзолашга эришдик. Келишувлар натижаси ўлароқ яқин вақт ичида ўзбекистонлик имомларни ал-Азҳару шариф қошида очилган имомлар малакасини ошириш курсларида малака ошириб, бугунги замонавий муаммо ва масалаларга ҳам ечим топа оладиган мутахассис бўлиб қайтишларига ишонаман. Мен сизларнинг очиқ чеҳрангиз ва меҳмондўстлигингиз учун миннатдорлик билдираман. Шайх ҳазратларининг диёримизга ташрифлари давом этмоқда. 719
1 1 374 1 375 1 376 1 377 1 378 1 547