islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Oliy ma'had

Муаллиф:

Тақводор ўғри

У илмни то насибасини олгунигача излади. Шайх унга ва уни дўстларига: “Инсонлардан баландда бўлманглар, албатта олим модомики қўлини дунё матоҳларига чўзар экан, унда яхшилик йўқдир. Ҳаммангиз боринг ва отангизни касби билан шуғулланинг, бунда Аллоҳдан тақво қилинг”, деди. Ўша йигитлардан бири онасини ёнига бориб отаси қайси касб билан шуғуллангани ҳақида сўради. Онаси ажабланди ва: “Отанг Аллоҳнинг ҳузурига кетган бўлса уни касбини сўраб нима қиласан. Бориб бошқа касб топ, отангнинг ишини қўй”, деди. Боласи мажбурлайвергач, отасининг касби ўғрилик бўлганини хоҳламайгина айтди. Ўғли унга: “Шайхимиз бизни отамиз қилган барча ишни қилишга ва бунда Аллоҳдан тақво қилишга буюрдилар”, деди. Онаси оҳ тортиб юборди ва ўғрида қандай қилиб тақво бўлиши мумкинлиги айтиб ўкинди. Бола ғафлатда эди ва: “Шайхим шундай деган”, деди. Сўнг кетди ва ўғрилар ўғрилик қилишда қўллайдиган усуллар ва ўғрилик йўлларини ўрганди. Ва илк ўғрилигига киришди, ҳуфтон намозини ўқиди ва инсонларни уйқуга кетишларини кутди. Ва отасини касбини шайхи айтганидек тақво билан қилиш учун чиқди. Ён қўшнисидан бошлади, бирдан шайхининг тақво билан қилинг, деган гапи ёдига тушди ва қўшнига озор бериш тақводан эмас деб, кейинг уйга ўтди ва ўзига ўзи айтди: “Бу етимларнинг уйи бўлса, Аллоҳ уларни молларидан ейишни ман этган”. Йўлида давом этди, бой тижоратчининг уйига бориб тўхтади. Бойнинг биттагина қизи бўлиб, одамлар уни ҳожатидан ортиқ моллари кўплигини билар эди. Ва шу уйга киришга қарор қилди. Эшикни очди ва ичкарига кириб кенг уйларни, кўп хоналарни кўрди, моллар турадиган жойни топгунча уйда айланди. У ердаги олтинлар ва кумушларга тўла сандиқни очди. Энди олмоқчи бўлиб турганда шайхининг гапи ёдига тушди ва бу тижоратчи ҳали закотини адо қилиб улгурмаган бўлса-чи, деган хаёлга борди. Бойнинг дафтарини олиб ўзи билан олиб кетган кичик фонарни ёқди ва ҳисоблай бошлади. У ҳисобга жуда моҳир эди. Ҳисоблаб бўлгач, закот учун ажратилган пулларни бир четга олиб қўйди, ҳисоблашга шунчалик киришиб кетганидан вақт ўтганини сезмай қолди. Қараса, бомдод вақти бўлибди. Тақво қилиб аввал намоз ўқийман, деб ҳовлига чиқиб таҳорат қилди ва намозга иқома айта бошлади. Уй эгаси уни эшитиб чиқди, ҳайратда лол қолди. Фонар ёқиқлиги учун сандиқ очилганини кўрди ва: “Сен кимсан?”, деди. Ўғри эса: “Аввал намоз кейин калом”, деди. Таҳорат қилиб кел бирга намоз ўқиб олайлик, уй эгаси имомлик қилиши керак”, деди. Уй эгаси унда қурол бўлса-чи деган ҳадикда айтганини қилди. Аллоҳ билади қандай намоз ўқиганини. Намоз тугагандан сўнг ўғридан кимлигини ва нима қилаётганини айтишини сўради. У ўғрилигини айтди. Бой эса дафтарини нима қилганини сўради. Ўғри унга олти йилдан буён чиқармаган закотини ҳисоблаганини ва жойига қўйиш учун ажратиб қўйганини айтди. Тижоратчи эсидан айрилай деб: “Бу нима деганинг, жинни бўлганмисан?”, деди. Ўғри ҳаммасини айтиб берди. Тижоратчи унинг гапларини эшитиб бўлгач унга яхшилаб назар солди ва уни чиройли ва ақлли эканини кўрди. Хотини ёнига бориб бўлган воқеани айтиб, қайтиб ўғрини олдига келди ва: “Сенга қизимни никоҳлаб берсам, ўзингни эса шахсий ҳисобчим қилиб олсам, нима дейсан? Онанг биз билан шу ерда яшайди”, деди. Ўғри рози бўлди, тонг отгач гувоҳлар чақирилди ва никоҳ аҳди боғланди. Али Тантовийнинг «اللص التقي» номли ҳикояси Арабчадан Тошкент Ислом институти талабаси Робия Маннобжонова таржимаси 892

Қуръон таълимини қалбида топган инсон

Қуръони каримнинг энг улуғ фазилатиларидан бири Буюк Аллоҳнинг Каломи эканлигидир. Аллоҳ таоло уни кўп оятларда мадҳ қилиб, жумладан, бундай деб марҳамат этади: “Дарҳақиқат, бу Қуръон тўғри йўлга бошлайди” (Исро сураси, 9-оят). “Қуръонда зоҳирий ҳам, ботиний ҳам ботил йўқ” (Фуссилат сураси, 42-оят). … Жаҳолатга ботган араб қабилалари узра нубувват қуёши порлади. Бу қуёш уларнинг тун зулматларини ёритиб, кечаларини кундуз каби нурафшон этди. Ер кенгликлари узра сочилиб, шимолу жануб осмонида балқиб, шарқу ғарб дунёсини ёритди. Саҳобалар юлдузлар каби бу қуёшдан нур олар, унинг атрофида айланиб бу мавжли илм денгиздан ҳўплаб-ҳўплаб ичар эдилар. Улар ваҳий орқали нозил бўлган ҳақиқатларни нафсларида жам этиб, вужудлари ер юзида юрса ҳам, руҳлари самоларда учар эдилар. Қуръон таълимини қалбида топган инсон – Қуръон оятларини ўқийдиган ва у билан ҳидоятланган кишилардан ҳисобланарди. Асрлар давомида уммат учун йўлчи юлдуз бўлиб келган саҳобалардан бири Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг Қуръонга бўлган чексиз муҳаббатлари сийрат китобларида ўз аксини топган. Ибн Масъуд Исломнинг асоси бўлмиш Қуръони каримга бутун эътиборини қаратиш билан бирга одамларни бу Каломни фахмлашга, амал қилишга ва тиловат қилишга ундадилар. Уларнинг Қуръони карим ва унинг оятларига амал қилиш тўғрисида бир неча фикрларини келтириб ўтамиз: Мурра Абдуллоҳдан шундай ривоят қилади: “Агар илм истасангиз, Қуръон ифорини сочинглар. Дарҳақиқат, аввалгилару охиргиларнинг илми бу Қуръондир”. Абу Ахвасдан ривоят қилинишича, “Ибн Масъуд айтадилар: Дарҳақиқат, Қуръон Аллоҳнинг зиёфати, кимки ундан бирон нарса ўрганмоққа қодир бўлса, бас, ўргансин! Билингки, энг ҳақир уй – ичида Аллоҳнинг Китоби бўлмаган уйдир! …” Ибн Масъуд шундай дедилар: “Қуръонни ёд олувчи киши одамлар уйқуга кетганида, узун туни билан, одамлар еб-ичишга шўнғиганида, ғариб кундузи билан, одамлар шовқин-сурон билан тошганида, жимлиги билан бўлсин! Қуръонни ёд олувчи одам йиғиси кўп маҳзун, илми кўп ҳикматли, сукути кўп босиқ киши бўлиши лозим. Қуръонни ёдолувчи киши қўпол, ғофил, сершовқин бўлмаслиги керак” . Ва яна айтадиларки: “Қуръон унга амал қилиш учун нозил бўлди. Бас, Қуръонни амал қилиш учун ўрганингиз. Ҳали шундай қавм келадики, улар Қуръонни ҳудди асони йўниб силлиқлаган каби зийнатлайдилар. Улар сизнинг яхшиларингиз эмас! Илмига амал қилмайдиган олим шифони беҳуда сифатлаётган беморга, таомнинг лаззатини васф қилиб, ўзи ундан бебаҳра оч кишига ўхшайди”. Аллоҳ таоло барчамизни Қуръонни ўрганиб унга амал қилувчилардан қилсин! Тошкент Ислом институти талабаси Ғофурова Оминахон 906

Дарс жараёни музейда бўлиб ўтди

Минг марта эшитгандан, бир марта кўрган яхши, дейдилар. Бугун, 19 октябрь куни Тошкент ислом институти 3-курс талабалари Ҳазрати Усмон мусҳафи сақланаётган тарихий-меъморий обида – Мўйи муборак музейига “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси Ислом тарихи фани ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев ташаббуслари билан экскурция уюштирдилар. Экскурция жараёнида, талабалар Усмон Мусҳафининг юртимизга олиб келиниши ва меъморий обида тарихи билан танишдилар. Маълумки, Усмон Мусҳафи 1989 йил 14 мартда Ўрта Осиё ва Қозоғистон диний назорати кутубхонасига олиб келинган эди. Мўйи муборак Музейда 47 тилдаги Қуръони карим таржималари сақланмоқда. Таржима ичида Каломуллоҳнинг қардош қозоқ ва қирғиз тилларига ўгирилган нусхалари ҳам учрайди. Экскурциянинг қизиқ томони шундаки, айни пайтда талабалар дарс жараёнларида Усмон мусҳафининг ёзилиш тарихини ўрганаётган эдилар. Бу нарса, талабаларнинг мазкур қадимий Қуръони карим қўлёзмасини такрор бориб кўришга турки бўлди. «Ислом тарихи» фани ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев ва 3-курс талабалари 754

Жаннатда Аллоҳ таолони кўриш ҳақида эътиқодимиз

Мотуридия мазҳабидаги мўътабар уламолардан бири бўлган Нажмиддин Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ «Ақоиди Насафий» асарида қуйидагиларни ёзган: «Аллоҳ таолонинг бандаларига кўриниши ақлан жоиз, нақлан вожибдир. Ҳа, охират диёрида мўминларнинг Аллоҳ таолони кўришларини тасдиқловчи самъий далиллар келгандир. Шунга кўра бирор маконда бўлмасдан, бирор муқобил тарафда турмасдан, ёки нурга чулғанмасдан, ёки кўрувчи билан Аллоҳ таоло ўртасида масофа собит бўлмасдан кўринади». Аҳли сунна уламолари Аллоҳ таолони жаннатда кўриш собитлигига Қуръони каримдаги ушбу оятни далил қилиб келтирганлар: وُجُوهٌ يَوْمَئِذٍ نَاضِرَةٌ إِلَى رَبِّهَا نَاظِرَةٌ  «У кунда чиройли юзлар бор. Ўз Роббисига назар солувчилар» (Қиёмат сураси, 22-23 оятлар). Бошқа бир оятда кофирларнинг қиёмат кунида Аллоҳ таолони кўришдан тўсилишлари шундай хабар берилган: كَلَّا إِنَّهُمْ عَنْ رَبِّهِمْ يَوْمَئِذٍ لَمَحْجُوبُونَ «Йўқ!!! Албатта, улар ўша кунда ўз Роббиларини кўришдан тўсилурлар» (Мутоффифин сураси 15 оят). Уламолар ушбу оятни мўминларнинг Аллоҳ таолони кўришлари ҳақлигига далил қилганлар. Бу ҳақида имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ: «Ушбу оятда мўминларнинг Аллоҳ таолони кўришларига далил бор», деган. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ: «Унинг душманлари тўсилган ва Уни кўра олмаганларидан кейин, Ўзининг дўстларига тажаллий (Ўзини намоён) қиладики, У Зотни кўрадилар», деган. Аллоҳ таолони жаннатда кўриш ҳақлигига ҳадиси шарифларда ҳам кўплаб далиллар келган. Жумладан Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: “Бизлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик, у зот тўлин ой кечасида ойга назар солдиларда: «Сизлар яқинда Роббиларингизни бу ойни кўргандек кўрасизлар, Уни кўришда қийналмайсизлар, агар қуёш чиқишидан олдин ва ботишидан олдин намозга куч сарфлашга қодир бўлсаларингиз, албатта, уни адо қилинглар»,дедилар”. (Муттафақун алайҳ). Уламолар ушбу ҳадиснинг шарҳида қуйидагиларни айтганлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бу ойни кўргандек кўрасизлар» дейишлари кўриладиганни кўриладиганга ўхшатиш эмас, балки кўришни кўришга ўхшатишдир. Аллоҳ таолони кўришни ойни кўришга ўхшатишда икки хил маъно бор: Тўлин ой кечасида ойни кўриш тўғрисида ҳеч қандай шак-шубха бўлмайди; Ойни кўришда кўрувчилар қанча кўп бўлишларидан қатъи назар ҳеч бир машаққатсиз барчалари баравар кўраверадилар”. Мўминлар Жаннатга киргач, уларга кўзлар кўрмаган ва қулоқлар эшитмаган сон-саноқсиз неъматлар берилади. Ўша неъматларнинг энг улуғи Аллоҳ таолога назар солиш ҳисобланади. Бандалар Аллоҳ таолони шаклсиз, идроксиз ва бирор тимсолсиз кўрадилар. Бу ҳақда Сўфи Оллоҳёр бобомиз ўз байтларида шундай келтирган: Кўнгулда кечса, кўзга тушса ҳар шай Эрур андин муназзаҳ Холиқи Ҳай. Яъни инсоннинг кўнглида Аллоҳ таолонинг қандайлиги тўғрисида қандай фикр ўтса ҳам, унинг кўзига қандай улуғвор нарса кўринса ҳам Аллоҳ таоло барчасидан бошқа бўлган, олий ва буюк Зотдир. Идроксиз кўриш деганда эса кўрилган нарсани тасвирлаб бера олмайдиган, унинг қандайлигини тушунтириб бера олмайдиган ҳамда ёдида сақлаб қола олмайдиган даражада кўриш маънолари тушунилади. Шунга кўра мўминлар жаннатда Аллоҳ таолони бирор шаклсиз, идроксиз ва ҳеч бир тимсолсиз равишда кўрадилар, деб эътиқод қилишимиз лозим бўлади. Аллоҳ таоло барчамизга жамолини кўриш бахтини насиб этсин. Омин! Тошкент Ислом институти талабаси Турғунбоев Нуриддин 815

“Салгина эпкинга ҳам айланаверадиган онгсиз пирпиракка ўхшамаслик керак”

Кишининг фаолияти ғоя билан суғорилмаган бўлса, қупқуруқ ва ғарибдир. Н. Г. ЧEРНИШEВСКИЙ Агар сенга ғоя ёқиб қолса, ундан руҳлан. Чунки Инсонда руҳланиш қобилияти бўлиши керак. Э. ТEЛМАН Зарур бўлганда жон фидо этмаган кишини оқил дейиш хато. Г. БИЧEР Олижаноб ғояларсиз инсоният яшай олмайди. Ф. М. ДОСТОЕВСКИЙ Одамзод бахти учун ҳамма нарсадан воз кечишга ўргатадиган ажиб ғояларни кишиларга сингдириш буюк санъатдир. СТEНДАЛ Инсониятнинг бутун мақсадлари, бутун меҳнатлари муҳаббатсиз нимага ҳам арзирди? М. Ю. ЛEРМОНТОВ Ғоядан қўрққан одам бора-бора ўз тушунчасини ҳам йўқотади. ГЁТE Инсонда изчил ва онгли эътиқод, фақат ё жамият таъсири остида ёки адабиёт ёрдамида ривожланиши мумкин. Н.Г. ЧEРНИШEВСКИЙ Тирик жон кучли эътиқодга эга бўлмаслиги мумкин эмас… Эътиқодсиз кишиларгина эътиқодни амалга ошира олмайдилар; калтафаҳм одамлар ёки виждонсиз одамларгина эътиқодсиз бўладилар. Я. Г. ЧEРНИШEВСКИЙ Ғояни фойдали деб эътироф эта туриб, лекин ундан фойдалана билмаслик ҳам мумкин. ГЁТE Ўз эътиқодингни айтмоғинг учун журъатли бўлишинг керак. Я. М. СEЧEНEВ Ҳар бир киши ўз эътиқодини ҳимоя қилиши учун мард бўлиши керак. А. ГУМБОЛДТ Эътиқод ўзимизники бўлгани учун эмас, балки ҳаққонийлиги учунгина қимматлидир. В. Г. БEЛИНСКИЙ Ҳар қандай қатъий эътиқодларимиз ҳам билимларнинг янада юксалиши туфайли улоқтириб ташланиши ёки жуда бўлмаганда ўзгартирилиши мумкин. Т. ГЕКСЛИ Фақат тентаклар ва мурдаларгина ҳеч қачон ўз фикрларини ўзгартирмайдилар. Ж. ЛОУЭЛЛ Эътиқод ўз табиатига кўра фаолсиз маънавий бойлик бўлолмайди. В. А. СУХОМЛИНСКИЙ Агар эзгу ишларга бошламаса, энг зўр маънавий истаклар ҳам уч пул. Ж. ЖУБEР Инсоннинг энг юксак хоҳишлари, ғоялари, ниятлари ва туйғулари кундалик ҳаётда ўз бурчини кўнгилдагидек бажаришга уни ундамаса, сариқ чақага ҳам арзимайди. Г. БИЧEР Ҳаётини ўз эътиқодига бағишлаган одам янги металлни ихтиро этган ёки янги газни топган тадқиқотчига қараганда ҳам инсониятга кўпроқ хизмат қилган бўлади. Ж. ЛОУЭЛЛ Эътиқодсиз одам нотавон, ҳар бир аъмоли йўқ одам ғариб кимсадир. Я. Е. РEПИН Жиддий одамнинг ғоялари кўп бўлмайди. Ғояси кўп одам ҳеч қачон жиддий бўлолмайди. П. ВАЛEРИ Салгина эпкинга ҳам айланаверадиган онгсиз пирпиракка ўхшамаслик керак. Ж. ЛОНДОН Менинг эътиқодларим юрагимнинг урушига қараб ўзгараверса, унда ҳолимга вой. Ф. ШИЛЛEР Биринчи учрашган кимсага ёқиш учун ўз фикрини дарров ўзгартираверадиган одамни биз бўлмағур, пасткаш, ҳеч бир ихлоси йўқ одам деймиз. Н. А. ДОБРОЛЮБОВ “Маърифат гулшани” китоби асосида тайёрланди “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчи Пўлатхон Каттаев   927
1 1 373 1 374 1 375 1 376 1 377 1 547