Урва ибн Зубайр айтади: “Сувайба Абу Лаҳабнинг чўриси эди, Абу Лаҳаб уни озод қилди. Сувайба Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни эмизган. Абу Лаҳаб ўлганидан сўнг, оила аъзоларидан бири (ота бир, она бошқа укаси Аббос розийаллоҳу анҳу) тушида Абу Лаҳабни жуда ёмон бир аҳволда кўрди ва: “(Ўлимдан сўнг) нима топдинг?” деди. Абу Лаҳаб: “Сизлардан кейин (роҳат-фароғат) топмадим, фақат Сувайбани озод қилганим учун менга мана бунда сув берилди”, деб қўлининг бош бармоғи билан кўрсатгич бармоғи орасидаги чуқурчага ишора қилди”[1]. Суҳайлий айтади: «Аббос розийаллоҳу анҳу: “Абу Лаҳаб ўлганидан бир йил ўтиб, тушимда уни ёмон аҳволда кўрдим”, деди. Абу Лаҳаб: “Сизлардан кейин роҳат топмадим, фақат ҳар душанба куни мендан азоб енгиллатиляпти-озайтириляпти, холос”, деди”. Бунинг сабаби, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам душанба куни туғилганлар ва Сувайба Абу Лаҳабга жиянли бўлгани ҳақида хушхабар келтирганида, суюнчисига уни озод қилиб юборган эди»[2]. Бу иккала ривоятда кофир кишининг яхши иши охиратда фойда беришига ишора бор. Лекин Урва ибн Зубайрнинг ривояти “мурсал” (санадидан саҳоба тушириб қолдирилган), яъни, Урва раҳматуллоҳи алайҳ тобеинлардан бўлиб, мазкур ҳадисни айтиб берган саҳобани зикр қилмасдан, тўғридан-тўғри Пайғамбаримиздан ривоят қилган. Хўп, “мавсул”[3] бўлган тақдирда ҳам ҳадисдаги хабар тушдир, қолаверса, туш кўрувчи ўша пайтда ҳали мусулмон бўлмаган бўлиш эҳтимоли ҳам бор[4]. Қолаверса, бу иккала ривоят ҳам Қуръони карим оятларининг зоҳирига тўғри келмайди. Масалан: Аллоҳ таоло айтади: “Биз (кофирлар) қилган ҳар бир (яхши) амалга келиб, уни сочилган тўзон (каби) қилиб қўйгандирмиз”[5]; “Кофир бўлган кимсалар учун жаҳаннам олови бордирки, на уларга (иккинчи бор ўлиш) ҳукм қилиниб, ўла олурлар ва на улардан (жаҳаннам) азоби енгиллатилур. Биз ҳар бир кофирни мана шундай жазолармиз”[6]; “Дўзахдаги кимсалар жаҳаннам қўриқчиларига: “Парвардигорларингга дуо қилинглар, бизлардан бирон кунлик азобни енгиллатсин”, деб ёлворганларида, улар айтдилар: “Ахир сизларга пайғамбарларингиз очиқ ҳужжатлар билан келмаганмидилар?!” Улар: “Ҳа, (келган эдилар, лекин биз уларни ёлғончи қилган эдик)”, дедилар. (Шунда фаришталар уларга) айтдилар: “У ҳолда ўзларингиз дуо-илтижо қилаверинглар. Кофирларнинг дуо-илтижолари фақат залолатдадир (яъни, бефойдадир)”[7]. Ушбу оятлар билан юқоридаги ривоятларни бир-бирига қандай боғлаймиз? Мазкур оятлардаги ҳукмлар умумий бўлиб, барча кофирларга тегишлидир. Пайғамбаримизнинг амакилари Абу Толиб билан Абу Лаҳаблардан азобнинг енгиллатилиши эса, Пайғамбаримизнинг ўзларига хос бўлиб, бу имтиёз у зотнинг шафоатлари ва шарофатларидандир. Маълумки, Пайғамбаримизнинг хос шафоатлари туфайли амакилари Абу Толиб дўзахнинг чуқур-тубидан саёз жойига олиб чиқилгани ва куфрдан бошқа гуноҳлари учун бериладиган азобнинг енгиллатилгани, ҳақидаги ривоят маълум ва машҳурдир[8]. Мана шу саҳиҳ далил Абу Лаҳаб ҳақидаги ривоятларга қиёс бўлиб, уларни қўллаб-қувватлайди. Модомики, Абу Толиб Пайғамбаримизга ёрдам берган ва у зотни ҳимоя қилган экан, унга гуноҳлари учун бериладиган азоб Абу Лаҳабникига қараганда енгилроқ бўлиши ривоятлардан маълум![9] [1] “Саҳиҳул Бухорий”, 3-жуз, “Никоҳ” китоби, 20-боб, 5101-ҳадис таълиқи-изоҳи. [2] Абду Раҳмон Суҳайлий, “Ар-равзул унф фи шарҳис сийратин набавия ли Ибни Ҳишом” (5/123); Бадриддин Айний, “Умдатул қорий шарҳу саҳиҳил Бухорий” (29/242); Ибн Ҳажар Асқалоний, “Фатҳул Борий” (9/256). [3] “Мавсул” – санади бошидан охиригача бир-бирига боғланган ривоят. [4] “Фатово ва истишоротул ислом ал-явм” (13/504). Пайғамбарнинг туши бўлса ёки азон масаласи каби саҳобанинг Пайғамбаримиз тасдиқлаган туши бўлса, бошқа гап. [5] Фурқон сураси 23-оят. [6] Фотир сураси 36-оят. [7] Ғофир сураси 49 – 50-оятлар. [8] “Саҳиҳул Бухорий” (3670, 3672, 5855, 6196 ва 6203-ҳадислар); “Саҳиҳи Муслим” (357 ва 360-ҳадислар). [9] Бадриддин Айний Ҳанафий, “Умдатул...
Мусулмонлар жамоасининг аксарини ташкил этган мотуридия мазҳабининг ривожланиб тараққий этишига муносиб ҳисса қўшган Абу Мансур Мотуридий (870-944) мактабининг атоқли намояндаларидан Абул Юср Муҳаммад ибн Муҳаммад Паздавий (421-493), Абу Ҳафс Нажмиддин Умар Насафий (461-537) каби кўплаб олимлар ақида илмининг гуллаб-яшнашига хизмат қилдилар. Дарҳақиқат, улар қаторига Мовароуннаҳрда яшаб самарали ижод қилган, калом илмининг машҳур алломаси, буюк мутафаккир Абу Муъин Маймун ибн Муҳаммад ибн Мўътамад ибн Муҳаммад ибн Макҳул ибн Фазл Насафийни (1027-1114) ҳам қўшиш мумкин. Унинг катта бобоси Макҳул Насафий (ваф. 930) Имом Мотуридийнинг шогирдларидан бўлган. Бобоси Мўътамид ибн Макҳул Насафий эса ҳанафий олимлар орасида машҳур эди. Абу Муъин бошланғич билимларни бобоси ва отасидан олади. Кейинчалик Абул Юср Паздавийга шогирд тушади. Ўзининг маънавий устози, буюк мутакаллим Абу Мансур Мотуридий таълимотини янада ривожлантириб, унинг халқ орасида тарқалишида беқиёс хизмат кўрсатади. У кишининг машҳур шогирдлари қаторига Умар ибн Муҳаммад Насафий, Аловуддин Самарқандий, Абу Бакр Кошоний, Абулмузаффар Талқоний, Аҳмад Паздавий, Абулҳасан Балхий, Абулфатҳ Ҳалмий, Абдурашид Валволижий, Маҳмуд Соғаржий, Али ибн Ҳусайн Сакалкандий каби ўз даврининг етук алломаларини ҳам қўшиш мумкин. Умар ибн Муҳаммад Насафийнинг “ал-Қанд фи зикри уламои Самарқанд” (“Самарқанд олимлари зикрида қанд китоби”) асарида устози тўғрисида шундай дейилган: “Шарқу Ғарбнинг олиму уламолари устозим – Абу Муъин Насафий илмининг денгизидан баҳра топиб, у таратган зиё нурларини кўзларига тўтиё қилиб суртганлар”. Аллома мол-дунёга қизиқмади, парҳезкор, фақиҳ, муҳаддис, мутакаллим бўлиб, қатъий далиллар билан салафи солиҳларнинг фикрларини мустаҳкамлади, ўша пайтда фитна уруғини сочишга уринаётган мўътазила, жаҳмия, рофизия, хорижия каби мухолиф фирқаларга қарши туриб, уларнинг ақидаси ботиллигини аниқ, ишончли ҳужжатлар билан исботлаб, одамлар орасида илму маърифат зиёсини сочди. Исломий соғлом ақидани мудофаа қилиш учун инсонлар орасида ҳидоятчи бўлиб, илм тарқатиш мақсадида қалам тебратди. Абу Мансур Мотуридий асос солган ва жамиятда қарор топган мотуридия таълимотининг дунёда кенг миқёсда тарқалишида муҳим роль ўйнаган етук аллома сифатида каломнинг турли масалаларига оид 15 га яқин асарлар ёзди. Олимнинг “Баҳрул калом фи илмил калом” асари мотуридия мактабининг калом илми бўйича ўрта асрларда катта шуҳрат қозонган асосий манбаларидан биридир. Асарнинг кўплаб нусхаларга эгалиги, унинг калом илми ривожланиш босқичларини ўрганиш ҳамда аксар адашган фирқаларга ўринли раддиялар бериш борасида қимматли манба эканлигини кўрсатади. Айниқса, Абу Муъин Насафийнинг ўз даврида пайдо бўлган ақидапараст оқимларга қарши тургани, соғлом эътиқод борасида тинмай изланишлар олиб боргани, жаҳолатга қарши маърифат билан курашгани бугунги кун учун жуда ҳам катта аҳамиятга эга. Унинг асарларига эътибор бериб қарасак, кўплаб тортишувларга сабаб бўлган масалаларни танлаб, уларни ёритиб беришга ҳаракат қилган. Бу ақидавий масалаларга алоҳида тўхталишдан мақсад, мусулмонлар мусаффо ақидани англаб, тушуниб, унга амал қилган ҳолда тинч-тотув, фаровон ва бахтли ҳаёт кечирсинлар. Адашган фирқаларга қарши ҳимоя воситасини яратишсинлар. Абу Муъин Насафий ақидавий мавзуларни очиб беришда баҳс-мунозара услубидан кенг фойдаланган, яъни муаллиф аввал бошқа адашган фирқаларнинг ақидадаги фикр ва қарашларини ифодалаб, кейин ўзининг (мотуридия) ақидасини баён қилиб ва уни исботлаган, кейин уларнинг гаплари асоссиз эканлигини ўз раддияларида бирма-бир келтириб ўтган. Шунингдек, Аллоҳнинг биру борлиги, яратувчанлиги, унинг зотий ва феълий сифатлари, унга ташбиҳ қилиш ва макон хослашнинг ботиллиги, унинг каломи азалийлиги, бандаларнинг феъллари яратилгани, жаннат ва дўзахнинг мавжудлиги, қабр азобининг ҳақлиги, киши катта гуноҳ қилгани билан куфрга ҳукм этилмаслиги, тақдирнинг азалдан битиб қўйилгани, авлиёларнинг каромати, пайғамбарларнинг мўъжиза кўрсатиши ҳақлиги,...
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ташкил этилган онлайн дарслар ҳафтанинг душанба, сешанба, чоршанба, пайшанба кунлари порталнинг “Facebook.com” ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан тўғри намойиш этилмоқда. Бугунги кунга қадар 100 дан ортиқ онлайн дарслар намойиш этилди. Дарслар Тафсир, Ақида, Фиқҳ, Ҳадисшунослик, Тажвид, Ислом тарихи, сийрат ва Араб тили фанларидан юртимизнинг атоқли уламолари, Тошкент ислом институтининг маҳоратли устозлари томонидан олиб борилмоқда. Ушбу дарслар юртдошларимизнинг мавзу юзасидан билимларини ошириш ва эътиқодларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Портал орқали келиб тушган таклифларни инобатга олиб, ижтимоий тармоқларда намойиш этилган онлайн дарслар “Youtube.com” тармоғидаги порталнинг расмий каналига қайта ишланган ҳолатда жойлаштирилмоқда. Бугунги кунга қадар Тажвид фанидан 7 та дарс жойлаштирилди. Истиқболда Тафсир, Ақида, Фиқҳ, Ҳадис, Ислом тарихи, Сийрат ва араб тили фанларидан ҳам дарсларни жойлаштириш кўзда тутилган. Ушбу дарслар ёрдамида ишончли манбаадан маълумот олишингиз, ўз вақтингиз ва маблағингизни тежашингиз мумкин. Facebook: https://www.facebook.com/muslimuzportal/ Youtube: https://www.youtube.com/channel/UCLbdL0ibb4zqlqe7LRNOSNQ 512
Ўзбекистонда Ислом Тараққиёт Банкининг минтақавий директори Ҳишом Толиб Маъруф жаноблари бошчилигидаги делегация меҳмон бўлиб турибди. Бугун, 21 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси кичик мажлислар залида Ўзбекистондаги ислом цивилизасияси маркази директори Ш.Миноваров делегация аъзоларини қабул қилди. Меҳмонлар Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Самарқандда қурилаётган халқаро Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази ва Тошкентда қуриладиган Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази лойиҳаси ва илмий концепцияси билан яқиндан танишдилар. Делегация раҳбари Ҳишом Толиб Маъруф Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази лойиҳаларига ижобий баҳо берди. Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши ўзбек халқи учун ҳам, Имом Бухорийни ўзига устоз санайдиган бутун мусулмон уммати учун ҳам бирдек фойдали бўлади. Дунёнинг кўплаб мамлакатларидан Имом Бухорий ва бошқа мутафаккирлар меросини ўрганиш учун олимлар ва тадқиқотчилар ташриф буюришларига ишонамиз, дея ишонч билдирди. Амалга оширилаётган лойиҳаларда Ислом тараққиёт банки Ўзбекистонга яқиндан ёрдам кўрсатади, дея ишонтирди. Маълумот учун, Ислом тараққиёт банки(ИТБ) 1975 йилда ИҲТ мамлакатлари молия вазирлари йиғилишининг қарорига кўра ташкил этилган. ИТБнинг штаб-квартираси Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида жойлашган. ИТБнинг Ҳудудий офислари 1994 йили Работ (Марокаш)да, шу йили Куала-Лумпур (Малайзия)да, 1997 йили Олма-Ота (Қозоғистон)да ва 2008 йили Дакар (Сенегал)да очилди. Банк шунингдек 12 та аъзо мамлакат Афғонистон, Озарбайжон, Бангладеш, Гвинея, Индонезия, Эрон, Нигерия, Покистон, Сьерра-Леона, Судан, Ўзбекистон ва Яманда маҳаллий ваколатхоналарга эга. ИТБнинг асосий вазифаси аъзо-мамлакатларда шариатга мувофиқ ижтимоий ва иқтисодий тараққиётни қўллаб-қувватлашдан иборат. Банк ташкил этилаётган вақтда унинг низом жамғармаси 6 млрд.исломий динорни, аъзолари сони 22 тани ташкил этган. Исломий динор – ИТБ фойдаланадиган ҳисоб бирлиги; бир исломий динор ХВЖнинг бир қарз олиш махсус ҳуқуқига (CDR IMF) тенг (ҲВЖ томонидан чиқариладиган сунъий заҳира ва тўлов воситаси). Ҳозирги вақтда ИТБга иштирокчи аъзолар 56 та давлат ҳисобланади. 2013 йили ИТБнинг эълон қилинган ҳиссадорлик капитали – 30 млрд.исломий динорни, шу жумладан, обуна ҳиссадорлик капитали – 18 млрд.исломий динорни ташкил этди. Банкнинг асосий ҳиссадорлари Саудия Арабистони(23,6% акция), Ливия(9,5%), Эрон(8,3%), Нигерия(7,7%), БАА(7,5%), Қатар(7,2%), Миср(7,1%), Туркия(6,5%) ва Қувайт(5,5%) ҳисобланадилар. 2013 йилда ИТБ бошқарувчилар кенгаши умумий ҳиссадорлик капиталини 30 млрд.исломий динордан 100 млрд.исломий динор(150 млрд.доллар)га кўтариш ҳақида қарор қабул қилди. Банкнинг обуна капитали ҳам 18 млрд.исломий динордан 50 млрд.исломий динорга оширилди. Ушбу қарор аъзо-мамлакатларнинг молиялаштириш маблағларига бўлган катта эҳтиёжи билан боғлиқ. Сўнгги 12 йил давомида етакчи рейтинг агентликлари (Moodys, Standard&Poors, Fitch) томонидан ИТБга узоқ муддатли кредит рейтинги – “ААА” ва қисқа муддатли олий барқарор кредит рейтинги – “А+” бериб келинмоқда. 2013 йилнинг декабрида ушбу рейтинглар яна тасдиқланди. 310