Қаноат истеълоҳда ўзига тақдир қилинган нарсага рози бўлишдир. Қаноат иймоннинг мукаммаллигидан ҳамда исломнинг гўзаллигидан далолатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Аллоҳим, мени ризқлантирган нарсаларингда қаноатли қилгин ва барака ато қилгин”, дер эдилар. Бундан ташқари Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким иймон келтирган бўлса, етарли ризқи бўлса ва Аллоҳ унга берган нарсага қаноат қилса, батаҳқиқ, нажот топибди”, дедилар. Қаноат саодатни асосидир. Мусулмон агар қаноат ва ризони ҳис қилсагина иймон ҳаловатини топа олади. Қаноатнинг фойдалари жуда кўп. Қаноат билан мусулмон ризо ва саодатга ва яхши ҳаётга етади. Инсон дунё ва уни ичидаги нарсаларни яхши кўришга мойил бўлади. Саодат инсоннинг барча хоҳлаган нарсаларга эришиши эмас, ўзини ҳузуридаги нарсага қаноат қилган инсон ундан бахтлироқ ҳисобланади. Саид ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ўғлига: “Эй ўғлим, агар бойликни талаб қиладиган бўлсанг, уни қаноат билан талаб қил. Агар қаноат бўлмаса, мол-дунё сени тўйдирмайди”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким сизлардан қалби хотиржам, танаси соғ-саломат, ҳузурида бир кунлик таоми бўлса, дунё уники бўлибди” маъносидаги ҳадислари бор. Албатта, бу мақомга қаноат қилиш билан эришилади. Яна бир ҳадиси шарифда Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло тақводор, бой, холис бандасини яхши кўради”- дедилар. Бу ҳадисда келган “бой” сўзидан мурод – нафснинг тўқлигидир. Термизий ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “бойлик- нафснинг тўқлигидадир”, деганлар. Ибн Баттол бу ҳадис борасида шундай деганлар: “Бу сўзнинг маъноси: бойлик аслида молнинг кўплигида эмас. Чунки, Аллоҳ таоло мол-дунё берганларнинг кўпчилиги ўзига берилган нарсага қаноат қилмайди. У янада мол-дунёси кўп бўлиши учун ҳаракат қилади. Унга мол-дунё қаердан келаётганини фарқи йўқ. У инсон ҳирси кучлилиги сабабли, худди, камбағал инсон каби бўлади. Албатта, бойликни асл моҳияти нафснинг тўқлигидадир. Инсон ўзига берилган нарсага рози бўлиб, қаноат қилиши ҳамда мол-дунёга ҳирс қўймагани сабабли, у худди бой инсон кабидир. Ҳадисда “нафснинг тўқлиги” деб сифатланиши Аллоҳ унга ризқ қилиб берган нарсага қаноат қилиши, бирор ҳожатсиз мол-дунёга хирс қўймаслиги ва Аллоҳ таоло унга тақсим қилган нарсага рози бўлишлигидир. Саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй бани Одам, Аллоҳ сизга тақсим қилган нарсага рози бўлинг, одамларнинг энг бойи бўласиз” деганлар. Аллоҳ таоло барчамизни қаноатли бандалардан бўлишимизни насиб қилсин! 1-курс талабаси Муниса Маҳмудова 330
Илм талаб қилиш динимиздаги энг муҳим ва аввалги буйруқлардан бўлиб, Қуръондаги биринчи нозил бўлган оят ҳам илмга тарғиб қилиш билан бошланди. Илм ўз соҳибини юқори мартабаларга кўтариб, Роббисини яхшироқ танишга ва У Зотдан қўрқишга олиб боради. Шунингдек, одамлар, жониворлар ва чорва ҳайвонлари орасида ҳам ҳар хил ранглилари бордир. Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар. Ҳақиқатан, Аллоҳ қудратли ва мағфиратлидир (Фотир сураси, 28 оят). Илм ўз эгасини улуғ мукофот бўлган жаннатга олиб боради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким илм талаби йўлига чиқса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилади”, дедилар. Муслим ривояти. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа бир ҳадисларида шундай дейдилар: “Дунё ва охират яхшилиги илм билан, дунё ва охират ёмонлиги жоҳиллик биландир”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни кўп ҳадисларида илм олишга тарғиб қилганлар. Шулар жумласидан: Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Илм олинглар, чунки Аллоҳ розилиги учун илм олиш савобдир, уни ўрганиш тасбеҳ, илм қидириш жиҳод, талаб қилиш ибодат, уни таълим бериш садақа, ўз аҳлларига етказиш, қурбат хосил қилишдир. Чунки илм ҳалол – ҳаромни ўргатувчи, жаннат йўлини кўрсатувчи, қабрдаги улфат, ёлғизликдаги ҳамсуҳбат, ғарибликдаги дўст, ҳурсандликка далолат қилувчи, оғирликда ёрдам берувчи, дўстлар олдида зийнат, душманга қарши қурол бўлади. Илм билан банда олий даражадаги яхшилар мақомига, дунёда подшоҳлар билан ўтиришга, жаннатда мўминлар билан билан бирга бўлишга эришади. Илм ҳақида фикр қилиш, рўза тутиш билан баробар бўлиб, уни музокара қилиш қиём яъни, кечаси намоз ўқиш билан баробардир. Илм билан силаи раҳм қилинади, ҳукмлар ечилади, ҳалол – ҳаром билинади, Аллоҳни танилади, итоат ва ибодат қилинади”. Абу Умома ал-Бохилий розияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бири обид, бирлари эса олим бўлган икки киши зикр қилинди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Олимни обидга фазли мени энг пастларингизга бўлган фазлим кабидир”. Термизий ривояти. Мусо алайҳиссалом муножотида шундай дейди: Эй Роббим сенга энг суюкли банда ким? Илм талаб қилувчи олим. Али розияллоҳу анҳу дедилар: “Илм дарё, ҳикмат денгиз, уламолар дарё бўйида айланиб юрсалар, ҳакимлар денгиз ўртасида шўнғиб юрадилар, орифлар нажот кемасида сузиб юрадилар”. Яна дедилар: “Ким ўзини инсонларга имом деб билса, бошқаларга таълим беришдан олдин ўзига таълим берсин. Тили билан одоб беришдан олдин ўз сийрати билан одоб берсин”. Айтиладики – олим бу уммат табиби, дунё эса уммат касаллиги, агар табиб касалликни талаб қилса, бошқаларни қандай даволайди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Умматимни ҳалокати икки нарсада, илмни тарк қилиш ва мол дунё жамлаш”. У зотдан амалларни афзали сўралганда шундай дедилар: “Аллоҳ учун илм ўқиш ва динида фақиҳ бўлиш”. У зотга яна савол қайтариб: “Эй Расулуллоҳ сиздан амал ҳақида сўрасам илм ҳақида жавоб бердингиз. Шунда у зот: Илм билан озгина амал сенга фойда беради, жаҳолат билан кўп амал сенга фойда бермайди” дедилар. Айтилади, ким ёшлигида илм олмаса, катта бўлганида юқорига кўтарила олмайди. Луқмони Ҳаким ўғилларига шундай насиҳат қилдилар: “Уламолар билан ўтир, уларга яқин бўл, Аллоҳ ерни осмон суви билан тирилтирганидек, қалбларни ҳикмат нури билан тирилтиради”. Шаъбий (роҳматуллоҳи алайҳи) айтадилар: “Кимда икки хислат бўлса бу илмни талаб қилади. Ақл ва тақво. Агар тақволи бўлиб, ақлли бўлмаса, айтадики бу ишга фақат ақллиларгина эришади деб, уни талаб қилмайди. Агар ақлли бўлиб тақволи бўлмаса айтадики: бу ишга фақат тақволиларгина эришади...
Қуръони каримни ёд олган ва унга амал қилган қори Аллоҳ наздида ҳам, жумлайи олам наздида ҳам энг юксак шарафга сазовор инсонлар саналади. Аммо ушбу китобни ёдлаш инсонга бир қатор масъулият ва вазифаларни юклайди. Бир киши Иброҳим Нахаийга: “Мен Қуръонни ҳар уч кунда хатм қиламан (тўлиқ ўқиб тугатаман)“, деди. Шунда Иброҳим Нахаий: “Кошки сен уни ҳар ойда тугатсанг ва ўқиган барча нарсангни англасанг”, деди. Демак, бу гапдан бизга шу маълум бўладики, Қуръонни тадаббур ва тафаккур билан ўқиш лозим. Қуръон ўқувчи учун уни қанча муддатда ўқиб тугатиш муҳим эмас, балки муҳими, оятлар инсоннинг қалбига қандай таъсир қилгани, Қуръоний кўрсатмаларни ҳаётига қай даражада татбиқ қила олганидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Сизнинг сочларингиз тез оқарди“, дейилди. У зот: “Сочимни Ҳуд сураси ва унинг шериклари оқартирди“, дедилар. Ҳуд сурасида Қиёмат куни қўрқинчлари, гуноҳкор бандаларнинг ўша кундаги ҳолатлари зикр этилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг ҳабиби бўла туриб, бу қўрқинчлардан шунчалар таъсирланганлари биздек дунёни охиратдан устун қўйган одамлар учун гўзал ибратдир. Қуръони карим ўқувчи учун Аллоҳ кўплаб фазилатлар, манфаатлар ваъда қилган. Ҳорис Аъвар деди: Менга Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтиб берди: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳнинг Китобида сизлардан аввалгиларнинг яхшиси, сизлардан кейингиларнинг хабари, ўртангиздаги ҳукм бордир. У фаслдир (ажратувчи), ҳазил эмасдир. У шундайки, у билан ҳавойи нафслар адашмайди, уламолар ундан тўймайди, кўп тарқалиш ила эскирмайди, ажойиботлари тугамайди.У шундайки, уни тарк этган золимлардандир, Аллоҳ уни ҳалок қилгай. Ким ундан бошқасида ҳидоятни истаса, Аллоҳ уни адаштиргай. У Аллоҳнинг метин арқони, улуғ зикр ва тўғри йўлдир“. Сўнг Али розияллоҳу анҳу деди: “Уни ўзингга лозим тут, эй Аъвар“. Қуръони карим ўзини ёд олгувчига унга амал қилишни вожиб қилади. Салафи солиҳлар илмни амал учун ўрганганлар, илмни амал қилиб олмаганлар, илм олганлари билан фахр-ифтихор туймаганлар. Улар илмни Аллоҳ розилигига етиш, унга холис ибодат қилишга бир восита сифатида кўрганлар. Амал қилинмаган илмни фойдасиз санаганлар. Айниқса, барча шаръий илмлар манбаси ҳисобланган Қуръонга ғоятда кучли эҳтимом билан қараганлар. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида бир оят нозил бўлса, биз уни ёдлашдан аввал ҳалол-ҳаромини, буйруқ ва қайтариғини ёдлар эдик“. Аммо таассуфлар бўлсинки, бугунги кунга келиб, Қуръонни амал учун эмас, инсонлар наздида обрўси ортиши учун ёки тирикчилик учун ёдлаётган инсонлар кўпайди. Набавий ҳадисларда худди шу кун ҳақида башорат қилинган ҳадислар бор: Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Албатта забониялар санамларга ибодат қилганлардан кўра Қуръонни кўтарган фосиқларга азобни тезроқ қиладилар. Улар (қорилар) Роббиларига шикоят қиладилар. Шунда У: “Билган одам билмагандек эмас“, дейди“, дедилар. Ва яна У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинади: “Тез орада умматимда шундай қорилар ўтадики, Қуръонни ўқийдилару, томоқларидан нарига ўтмайди, овдан ўқ чиққани каби диндан чиқиб кетадилар. Улар халойиқнинг энг ёмонларидир“. Аллоҳ барчамизни бундай ҳолатларга тушишдан асрасин! Аслида эса, Қуръони карим бизни дўзахга тушишимизга ҳужжат учун эмас, йўлларимизни ёритиш учун нур, Пайғамбар алайҳиссалом шариатларини тасдиқловчи далил, тиловати ила қалблар хотиржамлик топадиган неъмат сифатида нозил қилинган. Қуръони каримни ёдлаган, кўтарган инсонлар борасидаги энг гўзал гаплардан бирини Ҳасан роҳимаҳуллоҳ айтганлар: “Қуръонни ҳамл қилувчилар 3 хилдир: Биринчиси уни буюм қилиб олиб, бир шаҳардан иккинчи шаҳарга ўтиб, у орқали инсонлар ҳузуридаги нарсаларни талаб қилувчи киши, иккинчиси ҳарфларини ёдлайди-ю, ҳадларини зое қилади, у орқали ҳокимлардан фойдаланади, юртининг аҳолисига у сабабидан такаббурлик қилади. Қуръонни кўтарувчилар орасида бу хилдагилар кенг тарқалгандир, Аллоҳ уларни кўпайтирмасин. Учинчиси шундай кишики, Қуръонни ўқийди, унинг шифоси билан қалбининг касалини даволайди, тунларини бедор ўтказади, кўз ёш тўкади, хушу билан зийнатланади, виқор либосини кияди, маҳзунликни ҳис қилади. Аллоҳга қасамки, Қуръонни ҳамл қилганларнинг бу хили қизил фосфордан ҳам камроқдир.Аллоҳ улар сабабидан ёмғир ёғдиради, нусрат юборади ва балоларни даф қилади“. Барчамизга ана...
Ватанимиз мустақил бўлгач халқимиз хаёти тубдан ўзгарди. Жамият ҳаётининг барча жабҳаларида тараққиёт ва одимлаш кузатилмоқда. Ҳар қайси соҳага кўз тиксангиз унинг ривожи учун бўлаётган ҳаракатларни кўрасиз. Айниқса мустақилликдан сўнг маънавий қадриятларни қайта тиклаш ва уларни асраш борасида жиддий ва кенг кўламдаги ишлар олиб борилмоқда. Юртимиз азалдан илм-фан ва маданият ўчоғи саналиб келган. Бунинг исботи ўлароқ юртимиздан етишиб чиққан буюк уламоларни эслаб ўтишимизнинг ўзи кифоя. Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Замахшарий ва Беруний каби саноқсиз аждодларимиз дунё тамаддунига улкан хиссаларини қўшганлар. Бундай инсонларни юзага чиқарган ўзбек халқи яна шундай зотларни тарбиялаганки улар номи асрлар оша эл, нафақат эл балки бутун дунё ардоғига сазовор. Хусусан, Соҳибқирон Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Заҳриддин Муҳаммад Бобур каби аждодлар илм-фан ривожига улкан ҳисса қўшиш билан бирга давлатчилик соҳасида ҳам улкан ишларни олиб борганлар. Диний ва маданий соҳаларнинг ривожига салмоқли хиссаларини қўшганлар. Темурийлар давлатчилигига асосчиси саналмиш Амир Темур қилган ишларга назар соладиган бўлсак шунга амин бўламизки, дунё цивилизациясини бизнинг тарихимизсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ана шундай буюк боболардан бизга мерос қолган, тарихимизнинг буюклигидан дарак бериб турувчи қадимий обидаларимиз, замонлар оша қадди букилмай келаётган муҳташам иншоотларимиз бизнинг қалбимизда янада улкан фахр ҳиссини уйғотади. Бу обидалар халқимизнинг маънавий ҳаётида муҳим ўрин тутади. Уларга назар солган инсон аждодларимизнинг муҳандислик қобилиятларига яна бир бор таҳсинлар айтади. Масжид ва мадрасалар, турли илмий муассасалар ва ҳашаматли саройлар инсон ақлини лол қолдирадиган даражада мухташам ва ҳайратланарлидир. Биргина Бухоро шаҳрининг ўзида жуда кўп мана шундай биноларга кўзингиз тушиши мумкин. Хусусан, Пои Калон меъморий мажмуасини бир қисми саналмиш Масжиди Калонни айтишимиз мукин. Масжид Самарқанддаги Бибихоним масжидидан кейин Ўрта Осиёдаги иккинчи энг катта масжиддир. Масжиднинг усти очиқ йирик ҳовлиси, унинг ажойиб пештоқлари, усти ёпиқ айвонлари кишида унутилмас таассурот қолдиради. Мажмуанинг яна бир бетакрор ва беназир биноси бу Мир Араб мадрасасидир. Бу мадраса собиқ шўролар даврида ягона фаолият юритган ислом билим юртидир. XII аср меморчилик санъати бўлган Калон минораси ҳам шулар жумласидандир. Шаҳарнинг марказида Лаби Ҳовуз жойлашган бўлиб, униг атрофида бир қатор обидалар, жумладан Кўкалдош мадрасаси, Нодир Девонбеги мадрасаси ва хонақоси қад рослаган. Бу мажмуалардан илгарироқ, яъни X асрда қуриб битказилган Исмоил Сомоний мақбараси Бухородаги энг қадимий ва энг чиройли ёдгорликлардан биридир. У хозирги вақтда ҳам аввалгидек чиройли кўринишга эга. Мустақилликдан сўнг миллий қадриятларни тиклаш ва тарихий-меъморий обидаларни асраш мақсадида Масжиди Калон, Чорбакр, Арк қалъаси каби Бухорода жойлашган қатор обидалар таъмирланиб асл қиёфасига келтирилди. Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбандий зиёратгоҳлари обод этилди. Бундай қадимий ва муқаддас биноларни Самарқандда ҳам минглаб топиш мумкин. Буларнинг барчаси бутун оламга бизнинг шонли тарихимиздан дарак бериб турибди. Юртимизнинг бу икки шаҳри ҳақида Самарқанд сайқали рўйи замин аст Бухоро қуббати исломи дин аст. деб мадҳ этилиши бежиз эмас. Ислом дунёсини ҳамиша ўзига чорлаган ва уларга ўз истакларини тақдим этган Бухоро, Самарқанд “очиқ осмон остидаги музей”, дея тарифланган. Хива ва уларнинг асрлар оша кўркига кўрк, ҳайбатига ҳайбат қўшиб келаётган муҳташам обидари хусусида ҳар қанча таъриф ва мақтовлар кам. Асосийси, биз буюк аждодларнинг авлодлари эканимизни, уларга муносиб издошлар бўлишимиз зарурлигини доимо ёдда тутишимиз ва бунга муносиб тарзда интилишимиз даркор. Тошкент Ислом институти битирувчиси Шоҳ Мирзо Иброҳимов 510