islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Долзарб мавзулар

Бўлимлар

Ўзбекистон тарихида тарқалган касалликлар ёхуд вабо туфайли қурбон бўлган улуғ шайх ким?

Маълумки, 2020 йил 3 апрел куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Мазкур йиғилишда давлатимиз раҳбари яна бир бор халқимизга мурожаат қилди. Бу Мурожаатнома ОАВ орқали кенг ёритилди ва ишонаманки, халқимиз ундан ўзига тегишли хулосалар чиқарди. Шунга қарамай, биз ҳам оддий фуқаро, қолаверса, тарихчи мутахассис сифатида мазкур мурожаатнома хусусида айрим мулоҳазаларни билдиришни ўринли деб топдик. Аввало, Мурожаатноманинг бир неча муҳим ўринларини қайд этиш мумкин. Биринчидан, давлат раҳбари ўз халқини юзага келган пандемия даврида жаҳондаги, хоссатан, Ўзбекистондаги реал ҳолатдан хабардор қилмоқда. Тўғри, бу борада фуқаролар турли ОАВ орқали тезкор маълумотлар олиб бормоқда. Бироқ Президентнинг тақдим қилган маълумотлари ҳар доим ишончлироқ саналишини унутмаслигимиз керак. Иккинчидан, бевосита мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун амалга оширилаётган зарурий чоралар ҳақида ҳам ахборот берилгани, аҳолини бир қадар хотиржам бўлишларига, ваҳимага тушмасликларига олиб келади. Бинобарин, мавжуд вазиятдан аҳолини хабардор қилмаслик, пухта ўйламасдан турли чоралар кўриш ёмон оқибатларга олиб келишига ҳам тарихимизда мисоллар кўп. Бу ўринда Тошкент қўзғолони ёки “Вабо исёни” воқеасини эслаш кифоядир. 1892 йил май ойида Жиззахда вабо касали тарқалган. Июнь ойида Тошкентда ҳам вабо тарқалгани маълум бўлган. Янги шаҳарда 417, Эски шаҳарда 1462 бемор аниқланган. Шаҳарда вабо касаллиги тарқалиши муносабати билан Россия империясининг Туркистондаги мустамлака маъмурияти томонидан ўзбошимча тадбирлар кўрила бошланган. Хусусан, шаҳар маъмурияти 7 июнда 12 та эски қабристонни ёпиб, янги 4 қабристон очилишини, шаҳардан чиқиш чекланганлигини эълон қилган. Бироқ ваъда қилинган янги қабристонлардан фақат 1 таси очилган, аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмаган, миллий урф-одатлар эътиборга олинмаган. Марҳумларни урф-одатга кўра кўмиш ғоят мушкул юмушга айланган. Ниҳоят сабр-косаси тўлган халқ қўзғолон кўтарган. Қўзғолон вабо тарқалиши ва унга қарши ҳукумат чоралари амалга оширилаётган пайтда юзага келганлиги учун тарихий манбаларда “Вабо исёни” номида юритилган. Аслида эса у подшо ҳукуматининг мустамлакачилик ва миллий зулмига қарши қаратилган халқ ҳаракати эди. Тошкентдаги бу қўзғолон тарихда ўзбек халқининг ўз мустақиллиги ва эркинлиги учун олиб борган йирик қўзғолонларидан бири бўлган. Учинчидан, ва бу ҳам жуда муҳим эътироф. Президент шахсан касалликка қарши курашда ҳақиқий жасорат, керак бўлса қаҳрамонлик кўрсатаётган, ўз жонини таҳликага қўйиб жонкуярлик қилаётган шифокорларга ўз миннатдорчилигини изҳор этмоқда. Бу эса шифокорларимизни янада руҳлантириши, халқимизнинг эса вазиятга жиддий қараб, давлат томонидан жорий қилинаётган тартиб ва талабларни масъулият билан бажаришларида муҳим омил бўлиши шубҳасиздир. Халқимиз, ҳар даврда бошига оғир кунлар тушганда, аввал Аллоҳга, қолаверса ўз донишмандлари, азиз авлиёлари, фидойи инсонлар кўмагига суянганлар. Улар эса халқнинг дардига даво бўлиш йўлида керак бўлса, ўз жонларини фидо қилганлар. Шу ўринда, гарчи ривоят бўлса ҳам, XVI асрда яшаган Марказий Осиёдаги энг йирик ислом дини намоёндаларидан бири Қосим Шайх Азизоннинг фидойилигини эслаш ўринлидир. Ривоятларга кўра, Қосим Шайх Кармана аҳолиси вабо касаллигидан азият чекканда Аллоҳга илтижо қилиб, халқи учун ўзини қурбон қилишни сўраган экан. Шу тариқа юртдан бу касаллик ариган экан. Унинг ўзи 1581 йили 78 ёшида вафот этган. Бу ривоят бўлишига қарамасдан, ундан икки ҳақиқатни билиш мумкин: ўша даврда Кармана аҳли (ҳозирги Навоий вилояти ҳудудида жойлашган) ҳам вабо учун курашган ва енгиб чиққан; тарихий шахс бўлган Қосим Шайх бу курашда фидойилик кўрсатган. Тўртинчидан, қандай оғир шароит бўлишига...

​КУЧЛИ ҚОР-ЁМҒИРДА ПАНОҲ СЎРАЛАДИГАН ДУО

Ислом дини манбаларида ҳар бир ҳолат учун – яхши-ёмон кунлар, хурсандчилик-мусибатли дамларда ўзига хос дуоларни ўқиш ҳақида баён этилган. Шундай дуоларни қилиш муроду мақсадга етиш учун катта сабаб бўлгани бир неча бор ўз тасдиғини топган. Ҳақ таолодан шу кунларда юртимизда бўлаётган ёғингарчиликларнинг салбий оқибатларидан паноҳ ва яхшиликларга сабабчи бўлишини сўраб, мўмин-мусулмонларимиз қуйидаги дуоларни ўқишларини тавсия этамиз. 🔸Ёмғир ёки қор ёққанда ўқиладиган дуо اللهم إني أسألك خيرها وخير ما فيها، وخير ما أرسلت به، ‏وأعوذ‎ ‎بك من شرها، وشر ما فيها، وشر ما أرسلت به Ўқилиши: “Аллоҳумма, инний ас-алука хойроҳаа ва хойро маа фииҳаа, ва хойро маа урсилат биҳ, ва аъуузу бика мин шарриҳаа ва шарри маа фииҳаа ва шарри маа урсилат биҳ”. Дуонинг маъноси: “Аллоҳим, Сендан унинг яхшилиги ва ундаги яхшиликни ҳамда уни бизга юборилишидаги яхшиликларни сўрайман. Сендан унинг ёмонлиги, ундаги ёмонлик ва уни бизга юборилишидаги ёмонликлардан паноҳ сўрайман!” 🔸Ёмғир ёки қор қаттиқ ёққанда ўқиладиган дуо اللَّهُمَّ حَوَالَيْنَا وَلاَ عَلَيْنَا، اللَّهُمَّ عَلَى الآكَامِ وَالظِّرَابِ، وَبُطُونِ الأَوْدِيَةِ، وَمَنَابِتِ الشَّجَرِ. Ўқилиши: “Аллоҳумма, ҳавалайнаа ва лаа ъалайнаа. Аллоҳумма, ъалал акаами ваз зарооф ва бутуунил авдияҳ ва манаабитиш шажар”. Дуонинг маъноси: “Эй, Аллоҳ! Атрофимизга йўллагин устимизга эмас! Чўққиларга, қир-адирларга ва ўрмонларга йўллагин”. 🔸Шамол қаттиқ бўлганда ўқиладиган дуо اللهم لقحًا لا عقيمًا Ўқилиши: “Аллоҳумма, лақҳан ва лаа ъақийман” Дуонинг маъноси: “Эй, Аллоҳ! Уни ёмғирли шамол қилгин, офат келтирадиган қилмагин!”. Манба: muslim.uz 930

ИЛМ ВА АМАЛ (иккинчи мақола)

Фарзандим, Аллоҳ сенинг ҳаётингни гўзал, юзингни ёруғ қилсин. Билгинки, Аллоҳ одам боласига ақл неъматини бериб, бошқа мавжудотлардан ажралиб турадиган қилиб қўйди. Берганининг сабаби эса ўша ақлни ишлатиб амал қилишимиздир. Ўзинг алоҳида ўтириб фикр юрит ва мукаллаф мавжудот эканлигинг далилларини ўрган, устингда фарз амаллар борлигини, уларни бажариш шартлигини ҳам англаб ет. Олдингда доимо иккита фаришта туриши, ҳар бир гапингни, пичирлашингни, нималарга қарашингни, ҳатто юрган қадамингни ёзиб туришлигини унутма. Билгинки, бу дунёда қанча кўп яшасанг ҳам кам, аммо қабр қамоғи жуда узоқдир. Ҳавойи нафсга эргашиш жаҳаннам ёлидир, ўлгандан кейин қани нафснинг шахвати? Қани!? Бош эгилди ва қадамлар тўхтади… Ким бахтга эришади, фақат нафсига эргашмаганлар. Ким бадбахт бўлади, нафсига қулоқ солиб нафсини диёнатидан устун қўйганлар. Сендан олдин ўтган подшоҳлардан ва сендан олдин ўтдан зоҳидлардан ибрат олгин. Қани улар? Подшоҳларнинг тотган лаззати қани!? Ёки тарки дунё қилганларни чарчоғи қийинчилиги қани? Қийналиб инсонлар манфаъати учун чарчаган солиҳ бандаларни номи қолди ва нафсига берилиб лаззатни, бахтни тотганларни – гуноҳкорларни- орқасидан қора доғигина қолди. Ҳудди тўйган инсон тоймагандек, ҳудди оч юрган одам тўқдек. Барчаси ўтиб кетти ҳеч ким қолмади, лекин солиҳ бандаларни чарчоғи, меҳнати зикр қилинаяпти, кайфу-сафо қилганларни қора номи ёмон ҳолатда эсланаяпти. Сен шуни тушуниб етгин. Дангасалик энг ёмон дўст ҳисобланади, кўп роҳатланиш надоматга олиб келади. Ўзинга эҳтиёт бўл ва билгинки фарзларни адо этиш, ҳаромдан йироқ бўлиш бу қатъий лозим ва вожибдир. Агарда шуларни бажармайдиган бўлсанг олов ва надомат сенга муқаррардир. Яна билгинки, фазилатларни излаш ҳар бир изланувчининг мурод-мақсадидир. Фазилатларни бир-биридан фарқлашни ҳам бил, чунки баъзилар фазилатларнинг энг зўри тарки дунё деб ўйлайдилар, яна баъзилари фазилатларнинг энг юқориси ибодат билан шуғулланиш деб ўйлайдилар. Лекин фазилатларнинг энг юқориси униси ҳам эмас буниси ҳам эмас. Энг яхши фазилат – илм олиб уни амал билан бир хил баробар олиб кетишдир. Шундагина бу фазилат эгасини юқори чўққиларга чиқаради, яратган Зотни тушуниш, севиш, соғиниш ва Унга интилишга олиб келади. Бу амал сен ҳаракат қилишинг учун энг зарур амал ҳисобланади. Ҳар бир талаб қилган инсон ҳам истагини топмайди ва мақсадига эришавермайди, лекин у инсон ўзининг ҳаракати ва эътиқоди билан ажру-савобга эришади. Ҳар бир жонзот ўзи учун юклатилган масъулиятга муяссардир. Таржимон: “Тиллар” кафедраси ўқитувчиси Озода Махкамова 311

Масофавий таълим ва тарбия ишлари қандай бормоқда?

Карантин таътили даврида диний таълим муассасалари педагог-ўқитувчилари дарсларни талабаларга ўқув дастур ва тақвимий режа асосида видео ва аудио дарслар, маъруза матни ва слайдлар кўринишида масофавий тарзда олиб бормоқда. Ушбу дарслар талабаларнинг “telegram” гуруҳлари ва “moоdle” дастури орқали офлайн шаклда, “Zoom” дастури орқали онлайн шаклда йўлга қўйилган. Ҳозирда талабаларнинг 20 фоизи онлайн, 80 фоизи эса офлайн тартибида дарсларни тинглашмоқда. Шу йил 18-31 март кунлари диний таълим муассасалари томонидан жами 107 та онлайн, 140 та видео ва 743 та аудио дарслар ташкил этилди, 426 та маъруза матни ва 160 та слайд талабаларга тақдим этилди. Ҳар бир фан ўқитувчилари талабаларнинг бўш вақтидан унумли фойдаланиш мақсадида масофавий дарслар бўйича берилган саволларга жавоб бермоқда, мутолаа учун қўшимча адабиётларни тавсия қилмоқда. Карантин таътили давомида ўқитувчи ва талабалар бугунги кунга қадар жами 661 та “Хатми Қуръон”, 2 та “Саҳиҳул Бухорий” ҳадис тўплами хатми, минглаб мўътабар дуо ва истиғфорлар қилинди. Диний таълим муассасалари сайти ва телеграм каналлари орқали қуйидаги тавсиялар бериб борилмоқда: – Республика махсус комиссияси томонидан коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича жорий этилган карантин ҚОИДАЛАРИГА ТЎЛИҚ АМАЛ ҚИЛИНГ; – Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг коронавирус (COVID-19) инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича ФАТВОСИ ТАЛАБЛАРИГА ҚАТЪИЙ ИТОАТ ҚИЛИНГ; – Ўз уйларида қолиб, ибодат ва дуоларда Аллоҳ таолодан бу балони инсоният бошидан кўтаришини, юртимиз тинчлиги ва осойишталигини сўраб, ИХЛОС БИЛАН ИЛТИЖО ҚИЛИНГ; – Тинимсиз меҳнат қилаётган тиббиёт ва бошқа мутасадди идоралар ходимларининг хизматларини қўллаб-қувватлаб, уларнинг ҳақларига ДУОЛАР ҚИЛИНГ; – Масофавий таълим дарсларидан унумли фойланган ҳолда ўқув режада белгиланган билимларни ЎЗ ВАҚТИДА ЎЗЛАШТИРИНГ; – Мустақил дарс тайёрлаётган вақтларда мавзуларни ўзлаштириш бўйича саволларга жавоб олиш учун ФАН ЎҚИТУВЧИЛАРИГА МУРОЖААТ ҚИЛИНГ; ✅УЙДА ҚОЛИНГ, ҚУРЪОН ХАТМ ҚИЛИНГ, КИТОБ ЎҚИНГ, ИСТИҒФОР АЙТИНГ, ДУО ҚИЛИНГ, БИРГАЛИКДА КАСАЛЛИКНИ ЕНГАМИЗ, ИНШОАЛЛОҲ. Салоҳиддин ШЕРХОНОВ,  Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири 477

Ислом динида касалликнинг юқиши йўқми?

Юқумли касалликлар ўз юқиш йўллари орқали бир кишидан бошқасига юқиши мумкин. Бу бор нарса. Динда ҳал бўлган масала. Юқиши бу интиқол этиши, ўтиши демакдир. Мисол учун инсон организми, унинг қони турли хил бактерия ва вирусларга маскан бўлади. Қон орқали юқадиган вируслар қон орқали, ҳаво-томчи орқали юқадиган вируслар ҳаво-томчи орқали юқиши мумкин. Эътибор беринг, “юқиши мумкин“ деяпмиз. Чунки, иммунитети кучли инсонлар баданига мазкур вирус кирганда яшаб кетолмаслиги, т-лимфоцитлар ҳужумига учраб, йўқ қилиб юборилиши ҳам мумкин. Демак, юқиш сабаби топилганда ҳам Аллоҳ яратган бошқа бир сабаб туфайли йўқ бўлиб кетиши мумкин.Ёки, юқишга йўл очадиган вазиятлар олди олинса, масалан, грипп каби касалликлардан сақланиш мақсадида тиббий ниқоблар тақилса, шунингдек, бошқа гигиена қоидаларига риоя қилинса, сабаблар ишга солинган бўлади ва натижада касаллик ўша кишига юқмайди. Ёки, касаллик юқиши учун барча сабаблар мавжуд бўлса ҳам, Аллоҳ изн бермаса, улар ортга чекиниб, касаллик юқмаслиги ҳам мумкин. Аммо, биз сабабларни ишга солмасдан таваккал қилишга буюрилмаганмиз. Баъзилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “لا عدوى ولا طيرة“ яъни: “адво (касаллик юқиши) йўқ, шумланиш ҳам йўқ“ (Бухорий: 5776-ҳадис), деган сўзларининг зоҳирини ушлаб, касаллик юқмайди, деган эътиқодда юрадилар. Бу бир неча жиҳатдан хато тушунча ҳисобланади. Чунки, ҳадиси шарифдаги “لا عدوى“ сўзидан турли маъно чиқиши мумкин. 1. Касаллик қандайдир мистик равишда юқиши ҳақидаги жоҳилий эътиқоддан қайтариш. Жоҳилият даврида одамлар касаллик ўз хоҳши билан одам ёки ҳайвонлардан исталган бирига юқиб олади, деган бузуқ ақидада эдилар. Шунга кўра, ҳадиси шариф мазкур ботил тушунчани рад этган, касалликнинг мутлақ маънода юқишини эмас. Зеро, касаллик юқиши асрорангиз (яъни сирли) ҳолат эмас балки, у илмий жиҳатдан ниҳоятда оддий очиқламага эга. 2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам касаллик ўз сабаби топилганда Аллоҳнинг изни билан юқишини инкор қилганларида, вабо тарқалган жойга бормасликка ва вабо тарқалган жойдан бошқа ёққа қочиб чиқмасликка чақирмаган бўлардилар. 3. Мазкур сўз инкор эмас балки, қайтариқ маъносига эга. Яъни, Набий алайҳиссалом соғлом ҳайвонларни касал ҳайвонлар орасида ўтлатиб, улардаги касаллик бир-бирига ўтишига замин яратишдан қайтарганлар. Хуллас калом, касаллик юқиши илм-фан тараққий этиб, аниқ исботини топгандан сўнг, бу масалада бир томонлама фикрлаб, касаллик мутлақ юқмайди, деб ўйлаш катта хатодир. Зеро, юқорида кўрганингиз каби ҳадиснинг арабий матни ҳам айнан шу маънога далолат қилмайди. Ҳадис давомида “ولا طيرة“ (шумланиш ҳам йўқ) дейилиши ҳам ушбу сўзни тасдиқлайди. Зеро, бу сўз билан шумланиш ҳолатининг ташқи оламда мавжудлиги инкор қилинмаяпти. Ахир, жоҳилият арабларида шумланиш жуда кучли бўлган. Балки, шумланишдан қайтарилмоқда. Бинобарин, ҳадис матни кўринишдан нафий (инкор) аммо, маъноси наҳий (қайтариш) бўлиши мумкин экан. Шундай экан, то, илм-фан ривожланиб касаллик юқиши ўз илмий исботини топгунга қадар ҳадиси шарифни зоҳирига қараб тушунган ва шунга кўра изоҳлаган олимларнинг сўзлари бу ўринда ҳужжат қилинмайди. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Алишер Султонхўжаев Манба: sof.uz 533
1 93 94 95 96 97 232