Мактабдан болалар чиққанларида баъзилари оталарининг бағрига чопадилар, баъзилари оналарининг бағрига чопадилар, лекин ораларида шундай болалар борки, кимнинг бағрига чопишни билмайдилар. Шунда улар атрофга маюс боқадилар. Уларни чақирадиган, ўз бағрига оладиган ҳеч кимни топа олмайдилар. Ва ҳатто қайрилиб меҳр кўзи билан қарайдиган кўзни топа олмайдилар. Шу чоғ уларнинг кўзлари ва юраклари ғам-андуҳга тўлади. Қачонки қуёш ботиб, тун зулмати кириб келганида, улар ўзларини етимлигини, ёлғизлигини аччиқ дард-алам билан ҳис қиладилар. Уларни оналари йўқки, уларга тунда эртак айтадиган, оталари йўқки, уларга ишдан қайтаётганда ширинлик ва совға-салом олиб келадиган. Байрамлар келганида эса, ота-онаси бор болаларнинг юзида табассум бўлади ва ранг-баранг чиройли кийиниб олишган бўлиб, байрамни мана шундай хурсандчилик билан ўтказадилар. Лекин етимлар учун ҳамма нарса бегонадек ҳатто байрамлар ҳам татимайди. Зеро Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб, баён қиладиларки: ”Ўз етимини ёки бегонанинг етимини кафолатига олган киши мен билан жаннатда мана бундоқ туради” деб икки бармоқларини кўрсатганлари бизга собит бўлди“. Ҳадисда “ўз етимини” дейилишидан бева қолган онанинг отасиз қолган ўз етим боласини қарамоғига олиши назарда тутилган. Етимнинг риоясини қилиш, унга кафил бўлиш, боқиш, таъминлаш кишини жаннатда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлишдек буюк бахтга муяссар қиладиган улуғ бир амаллардандир. Ким жаннатда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшни бўлишни хоҳласа, етимларга меҳрибон бўлсинлар, уларга ширин сўз айтсинлар ва уларга меҳр тўла қалби билан кулиб қарасинлар, отаси ўрнига ота бўлсинлар, онаси ўрнига она бўлсинлар. Ва шу билан бирга унинг маюс кўзларидан оққан кўз ёшларини артиб қўйсинлар. Ва шунингдек бу ишлари билан ўзини дўзах ўтидан сақласинлар. Саҳобаларнинг бирлари айтиб бердилар: “Бир куни бир инсон Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига қалбининг қаттиқлигидан шикоят қилиб келдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга етимни бошини сила у билан сенинг молинг камайиб қолмайди, оғир меҳнат ҳам талаб қилмайди. Етимни бошини силасанг, қалбингдаги моғор босган қалин чангни қалбингдан тозалайсан. Сенинг қалбинг қадрлироқ ва қийматлироқ бўлиши учун етимни бошини сила ва ўзинг ҳам амин бўласанки, шу етимнинг беғубор кўзларидан кўра чиройлироқ нарсани кўрмайсан. Исломда етимпарварликка алоҳида эътибор берилганини ушбу саноқли ҳадислардан ҳам билиб олиш қийин эмас. Мусулмон уммати ўз тарихи давомида етимлар риоясини қойил қилиб келгани ҳаммага маълум. Бунга жаҳон урушидан кейинги даврда халқимиз кўрсатган етимпарварликни мисол қилсак бўлади. Етимлар исломдаги каби ўзларига олижаноб муомалани кўрмаганлар. Ҳозирги кунларда ҳам Ислом оламининг турли тарафларида етимларнинг боши етарли даражада силаниб келмоқда. Ҳар бир мўмин-мусулмон кимса етимларнинг ҳаққини унутмаслиги лозим. Аста-секин бўлса ҳам, етимпарварликни аждодларимиз амалга оширганлари каби савияга олиб чиқишимиз керак. Етимни қарамоғига олиш учун, албатта, фарзандсиз бўлиш шарт эмас. Балки, ўз болалари бор кишилар етимларни оилага қабул қилсалар ва ўз фарзандлари қатори уларнинг бошини силасалар, уларга ҳам ўз фарзандлар каби меҳр кўрсатсалар жуда яхши бўлади. Тошкент Ислом институти битирувчиси Ахмаджонова Хамида 301
Ушбу ҳадис ислом динининг асоси бўлиб кўп ҳукмлар унга қараб амалга ошади. Буни уламолар фикридан ҳам билиб олиш мумкин. Абу Довуд шундай деганлар: “Бу ҳадис исломнинг ярмидир. Чунки диннинг ташқи кўриниши амал, ботини эса ниятдир”. Имом Аҳмад ва Шофеий: “Бу ҳадисга илмнинг учдан бири киради. Бунинг сабаби шуки, банданинг амали қалби, тили ва аъзолари билан бўлади. Ният эса уч қисмдан бири бўлган қалб билан бўлади”. Шунинг учун олимлар асарларини у билан бошлашни маъқул кўрадилар. Бухорий бу ҳадисни “Саҳиҳ”ларининг биринчиси қилдилар. Нававий ўзларининг уч китоблари: “Риёз ус-Солиҳийн”, “Ал-азкор”, “Арбаийн”ни у билан бошлаганлар. Бундай бошланишнинг фойдаси толиби илмга илм талаб қилиш ва хайрли амал қилмоқликда ниятни Аллоҳ таоло учун тўғрилашга танбеҳдир. Унинг муҳимлигининг сабаби: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни хитоб қилганлари, ҳудди Бухорийда ривоят қилинганидек, сўнгра уни Умар розияллоҳу анҳу хитоб қилганлари. Абу Убайд айтдилар: “Ҳадисларда бунданда жамловчироқ, бойроқ, фойдаси кўпроғи йўқдир”. Ҳадисдан олинадиган ҳукмлар: 1. Ниятнинг шартлиги. Уламолар мўмин мукаллафлар томонидан бажарилган амаллар ниятсиз шаръан эътиборли бўлмаслигига ва савоб берилмаслигига иттифоқ қилганлар. Намоз, рўза ва ҳаж каби фарз қилинган ибодатлар ниятсиз дуруст бўлмайди. Аммо ҳанафий мазҳабида ғусл, таҳорат каби амаллар тўлиқ бўлиши ва савоб ҳосил бўлиши учун ният шартдир. Шофеий ва бошқалар эса ниятсиз бу амаллар тўғри бўлмайди. 2. Ниятнинг вақти ва ўрни. Ниятнинг вақти ибодатнинг аввалидир. Худди намоздаги такбири таҳрима, ҳаждаги эҳром каби. Аммо рўзада бомдод вақтининг киришини кузатиш машаққатли бўлгани учун ниятни эртароқ қилиш кифоя қилади. Ниятнинг ўрни қалбдир. Уни талаффуз қилиш шарт эмас. Лекин тилнинг ҳам иштироки яхшидир. Ниятда мақсадни тайин қилиб, бошқаларидан ажратиш шартдир. Намозни ният қилиш етарли эмас, балки пешин ёки аср намози деб тайин қилиш керак. 3. Агар солиҳ амални ният қилган одамни вафот, касаллик ёки шунга ўхшаш нарса шу амални бажаришдан тўсса, у бу учун савоб олади. Байзавий айтадилар: “Амаллар ниятсиз тўлиқ бўлмайди. Чунки амалсиз ниятга савоб берилади, ниятсиз амал эса зоедир. Амалдаги ният ҳудди жасаддаги руҳ кабидир. Жасадга руҳсиз ҳаёт йўқ, руҳга эса жасадга боғланмасдан бу дунёда зоҳир бўлиш йўқ. 4. Ҳадис бизни токи охиратда савоб ва ажр, дунёда эса тавфиқ ва ютуқ ҳосил қилгунимизча ибодат ва амалдаги ихлосга бошлайди. 5. Ҳар бир фойдали ва хайрли амал ният, ихлос ҳамда Аллоҳнинг розилигини исташ билан ибодатга айланади. 327