islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Sentabr 30, 2018

Day

Узтозларга эҳтиром!

Устоз, муаллим, мураббийлар биз учун нечоғлик яқин ва қадрли зотлардир. Инсон жаҳолат ботқоғидан халос бўлиб, илму маърифат нури сари одимлашида устозларнинг ўрни бениҳоя катта. Киши бирор илм ёки касбни моҳир мутахассиси бўлишни орзу қилар экан, албатта, бирор етук устозни ўзига муқтадо қилмоғи лозим. Бўлмаса, бунинг ортидан турли кўнгилсиз ҳолатлар келиб чиқиши мумкин. Зеро, халқимизда ҳам: «Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар», деган пурҳикмат сўз бор. Нима учун ҳар бир нарсани устоз билан ўрганиш керак? Чунки илм нур бўлиб, у қалбдан қалбга фаришта воситасида ўтади. Устозсиз ўрганилган илмда фойда бўлмайди. Катта уламоларнинг бу борада айтган сўзларига эътиборимизни қаратайлик. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга масжидда илмдан мунозара қилаётган ҳалқа ҳақида айтилди. Шунда у зот: –“Уларнинг  боши (устози) борми?”, деди. –“Йўқ”, дейишди улар. –“Унда ҳаргиз фақиҳ бўла олмайдилар”, деди. Демак, ҳар қандай илм ёки касбни устоз билан ўрганиш даркор экан. Дарҳақиқат, шундай масалалар борки унга фақат тажрибали устоз, моҳир олимнинг изоҳи билангина етилади. Улуғларнинг ҳам бир гапи бор: “Ким илмга ёлғиз кирса, ундан ёлғиз чиқади”. Яъни: ҳаракати бефойда бўлади. Бир форсий байтда устоз кўрмай ўтган умрни бефойда экани айтилади: Агар шумори умрат фузун зи ҳаштод аст, Надида хидмати устод лағву барбод аст. Яъни, сенинг ёшинг саксондан ўтган бўлса-да, устоз хизматини кўрмаган бўлсанг, бу умр бефойда ўтибди. Демак, илмга устоз орқали етилар экан. Шундай экан устозларга доимо ҳурмат ва одоб кўрсатишимиз лозим. Мўътабар китобларимизда талабанинг ўз устозга кўрсатадиган одоблари гўзал баён қилинган. Жумладан: кўрганда салом бериш, ҳол сўраш, олдида юрмаслик, кўп савол бермаслик, жойига ўтирмаслик, малолланиб турганда кўп вақтини олмаслик, ҳузурида изн олиб гапириш, ҳақларига дуо қилиш ва бошқалар. Устозга қанчалик ҳурмат кўрсатилса, талабанинг илмига шунча барака киради. Юқорида айтганимиздек, устозларга одоб кўрсатиш билан бир қаторда уларга беодоблик қилиб қўйишдан сақланиш лозим. Машойихлар: «Беодоб бенасиб», дейдилар. Муаллимлик энг олий касбдир. Суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни бу дунёга муаллим ўлароқ юборилгани бу касбни не чоғлик улуғлигини кўрсатади. Динимизда устоз, муаллимларнинг ўрни юқори баҳоланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: «Ердаги ва осмондаги барча нарсалар инсонларга яхшиликни ўргатувчи муаллимга истиғфор айтади». Ердаги жонзотлар ва осмонлардаги малоикалар истиғфор айтиб турувчи кишиларнинг мансабидан зиёда мансаб борми?! Устозлар ҳурмати, уларнинг фазилатлари ҳақида бир суҳбатда ёки бир мажлисда бу мавзуни батафсил баён қилишни иложи йўқ. Хулоса ўрнида айтар сўзимиз, Аллоҳ барча устозу муаллимларни аввало тану жонларини саломат, умр ризқлари ва хонадонларига барака, илм-маърифат йўлида олиб бораётган ишларида Аллоҳ мададкор бўлсин. Яратган барчаларини ҳар хил ёмонликлардан паноҳида асрасин! Тошкент Ислом институти Махсус сиртқи бўлим 2-курс талабаси Равшанбек Уринбаев 576