Маълумки, айни пайтда Ислом диёрларида, хусусан юртимизда Роби ул-аввал – Мавлид ойи кенг нишонланмоқда. Шу муносабат билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларини ўрганиш, Ислом тарихига оид билимларни мустаҳкамлаш ва диний-маърифий илмларни кенгроқ тарғиб этиш мақсадида жорий йилнинг 19 ноябрдан 29 ноябргача Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг @islaminstitutuz номли телеграм каналида “Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни танийсизми” номли тезкор савол-жавоб мусобақаси ўтказилади. Мусобақа шартига кўра, 10 кун мобайнида ҳар куни соат 19:30 да 10 та савол каналда эълон қилинади ва жавоблар 21:00 га қадар @buxoriy_admin телеграм манзили орқали қабул қилинади. Энг биринчи бўлиб жавоб йўллаган дастлабки 3 та иштирокчиларнинг ҳар бир тўғри жавоби учун 1 баллдан, кейин жавоб юборганларга 0.5 баллдан берилади. Саволларни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти Сийрат фани ўқитувчилари Абдул Азим Зиёуддин ва Шавкат Алибоев тузган. Мусобақа ғолиблари қимматбаҳо совғалар билан тақдирланадилар. Танловга марҳамат! Диққат! Жавобларни йўллаётганда саволнинг рақамини ёзишни унутманг. 258
Буюк маърифатпарвар аждодимиз Абдулла Авлоний: “Боланинг саломатлиги ва саодати учун яхши тарбия қилмоқ – танини пок тутмоқ, ёш вақтидан маслакини тузатмоқ, яхши хулқларни ўргатмоқ, ёмон хулқлардан сақлаб, ўстирмоқдир”, дея бежиз таъкидламаган. Болаларнинг маънавий-ахлоқий тарбияси эса, энг аввало, оилада шаклланади. Бугун шиддат билан ўзгариб бораётган замон, дунёнинг айрим минтақаларида, ён-атрофимизда бўлаётган воқеалар, зиддият ва тўқнашувлар давлат ҳамда жамият тараққиётида ижтимоий-маънавий соғлом муҳит ҳал қилувчи аҳамиятга эгалигини кўрсатмоқда. Хусусан, аҳолини, биринчи навбатда, ёшларни турли ёт ва бузғунчи ғоялардан, ахборот ҳамда мафкуравий хуружлардан асраш, уларни миллий қадриятларимизга садоқат руҳида камол топтириш, қалбига ватанпарварлик туйғусини чуқур сингдириш долзарб масалага айланди. Ана шу каби омиллардан келиб чиқиб, ёшлар ўртасида эзгулик ва бунёдкорлик ғояларини тарғиб этиш, фарзандларимизни турли зарарли иллатлардан асраш, уларни ҳар томонлама соғлом ва етук қилиб тарбиялаш, улар ўртасида самарали маънавий-маърифий ишларни изчил амалга ошириш, анъанавий оилавий қадриятларимизга таянган ҳолда вояга етказиш каби саъй-ҳаракатлар “Оила” марказининг бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликдаги устувор мақсадларидан саналади. Шулардан келиб чиқиб, Марказ ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2018 йил 4 майдаги “Дин ёки эътиқод эркинлигини таъминлаш борасидаги “Йўл харитаси” тўғрисидаги Қўшма Қарори ижроси доирасида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда жорий йилнинг 15 ноябрь куни “Болалар ва ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясида оиланинг роли” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди, дея хабар бермоқда “Оила” маркази сайти. Анжумандан кўзланган пировард мақсад фарзанд тарбиясида оиланинг масъулиятини ошириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, соғлом турмуш тарзига амал қилишда боланинг оилада яшаш ва тарбия қилиш ҳуқуқини таъминлаш, баркамол авлодни тарбиялашда оиланинг ўрни ва ролини ошириш, оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлашга қаратилди. Халқаро конференцияда ўндан ортиқ чет эл мамлакатларидан ташриф буюрган профессор-олимлар, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Президент администрацияси ва ҳукумат ходимлари, оилашунос олимлар, ҳуқуқшунослар, профессор-ўқитувчилар, психологлар, исломшунослар, давлат ва нодавлат ҳамкор ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Анжуманда Тошкент ислом институти ректори У.Ғафуров ҳам қатнашди. Анжуманда халқаро ва миллий жамоатчиликни болалар ва ёшларни оилада маънавий-ахлоқий тарбиялаш бўйича илмий-амалий тадқиқотлар натижалари билан таништириш, ўсиб бораётган авлодни маънавий ва оилавий қадриятлар асосида тарбиялаш, бу борадаги энг илғор тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди. Конференцияга “Болалар ва ёшларни тарбиялашда маънавий мерос ва миллий қадриятларнинг ўрни”, “Маънавий-ахлоқий, ҳуқуқий таълимни шакллантириш бўйича замонавий тадқиқотлар”, “Дунё динларида тинчлик ва осойишталик, бағрикенглик ва ахлоқ мавзуси”, “Оилани мустаҳкамлаш соҳасидаги тадқиқотларнинг устувор йўналишлари” каби йўналишларда илмий-амалий изланишлар олиб бораётган хорижлик ҳамда маҳаллий олим ва тадқиқотчиларнинг юздан ортиқ мақола ва монографиялари тақдим этилди. Уларнинг ичида хорижлик тадқиқотчилар — Япониянинг Аши университети фахрий профессори Кунико Хакамада, Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро ассоциацияси ижрочи директори, Корея халқаро муносабатлар университети профессори Ким Пенг Иль, Испаниядаги Мадрид автоном университетининг иқтисодий тадқиқотлар мактаби директори Мануэл Хуан, Россиянинг Курск давлат университети “Социология ва сиёсатшунослик” кафедраси профессори Татьяна Каменеванинг ўзига хос чиқишлари алоҳида эътироф этилди. Конференция иштирокчилари ялпи мажлисдан кейин секцияларга бўлиниб, “Оила ва тарбия”, “Дин ва оила”, “Оила ва жамоатчилик” каби йўналишларда ишларини давом эттиришди. Анжуманда бир қатор мавзуларда баҳс-мунозаралар, фикрлар хилма...
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида: “Мўмин барча инсонларнинг ишончли кишисидир. Тилидан ва қўлидан мусулмонларга зарари етмайдиган киши ҳақиқий мусулмондир. Ёмонликларни тарк этган киши асл муҳожирдир. Нафсим қудрати қўлида бўлган Зотга қасамки, қўшнисига зулм қиладиган киши жаннатган кирмайди” (Рамуз ал-аҳодис” ҳадислар китоби). Ҳадиснинг бош қисмида мўминнинг ишончли киши экани, ундан бошқаларга ҳам моддий, ҳам маънавий зарар етиши гуноҳ экани уқдирилмоқда. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилган юқоридаги ҳадисга биноан ўзимизни тафтиш қилсак, имонимизнинг даражаси маълум бўлади. Ҳадиснинг иккинчи қисмида айтилишича, асл муҳожир ёмонликларни тарк этган кишидир. Чунки инсоннинг яшаш жойи ўзгаргани билан ахлоқи, табиати ўзгармайди. Шунинг учун бир жойда яшаб туриб, ёмон хулқларни тарк этиш ҳақиқий муҳожирликка тенглаштирилмоқда. Ҳадиснинг сўнгги қисмида эса жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қасам билан: “Нафсим қудрати қўлида бўлган Зотга қасамки, қўшнисига зулм қиладиган киши жаннатга кирмайди” деб таъкидлаётирлар. Демак, жаннатга ноил бўлмоқ шартларидан бири қўшнига бирор жиҳатдан зарар етказмасликдир. Зарар етказадиган киши эса жаннатга – Аллоҳнинг буюк эҳсонига мушарраф бўлмайди. Аллоҳ барчамизни бундай бахтсизликдан асрасин. Шайх Муҳаммад Зоҳид Қўтқунинг “Мўминнинг сифатлари” китобидан Манба 269