Ҳурматли юртдошлар! Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши томонидан ҳозирги кунда юртимизда бўлиб турган коронавирус эпидемиясидан сақланиш мақсадида фатво чиқарилди. Ушбу Фатвода жума ва беш вақт фарз намозларини масжидларда жамоат тарзида ўқишдан вақтинчалик тўхтатилгани баён қилинган. Таъкидлаш жоизки, мазкур фатвони қабул қилиш уламолар кенгаши учун ҳам ўзига яраша масъулият юклайди. Бундай ҳолатлар афсуски, ҳаммамизни ҳам чуқур ташвишга солади. Бироқ шуни унутмаслик лозимки, динимизда ҳеч ким ўз ақли билан, ҳавои нафси билан иш тутишига рухсат йўқ. Аксинча, диний масалаларда ҳар бир ҳукм ва фатволар айнан шариъатимизнинг кўрсатмасига мувофиқ, Қуръони карим ва ҳадисларга суянган ҳолда қабул қилинади. Уламолар кенгаши ҳам мазкур фатволарни қабул қилишда динимизнинг бир қатор кўрсатмаларига суянганлар. Жумладан: Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Азонни эшитиб, унга бормаганлар учун намоз йўқдир. Узрли ҳолатлар бундан мустасно” дедилар. Шунда саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг расули узр нима?” – деб сўрадилар. Пайғамбаримиз алайҳисалом: “Хавф ёки касалликдир”, – дедилар. (Абу Довуд ривояти.) Мазкур ҳадисдан келиб чиқиб Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Ал-Муғний” китобларида: “Жума ва жамоатни тарк қилишга қўрқув, хавф-хатар сабаб бўлади. Хавф уч турли бўлади. Инсоннинг жонига бўладиган хавф, молу мулкига нисбатан бўладиган хавф ва оиласига нисбатан бўлган хавф”, – деганлар. Икки саҳиҳда келишича Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда, У зот ёмғирли кунда муаззинларига қарата: “Ҳаййа алассолаҳ” яъни, “Намозга келинглар”нинг ўрнига “Соллу фи буютикум” яъни, “Намозни уйингизда ўқинг”, деб айтинг дедилар. Шунда бу гап одамларга ёқмагандек туюлганини сездилар ва “Бу ишни мендан яхшироқ бўлган Зот қилганлар (Пайғамбаримизни назарда тутдилар). Жума намози қатъий вожиб амалдир. Мен сизларни сирпанчиқ ва лойда юриб қийналиб қолишингизни истамадим” дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари). Ибн Аббос разияллоҳу анҳумонинг мазкур ҳадисларидан келиб чиқиб, Уламолар вабо ва шунга ўхшаш инсоннинг ҳаётига хавф соладиган зарарли ҳолатларда жамоат намозини вақтинча тўхтатиб туриш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлаганлар. Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Бир жойда вабо тарқалганини эшитсангиз у ерга борманглар ва сизлар яшаб турган жойда вабо тарқалган бўлса у ердан чиқманглар”. Ушбу ҳадисдан маълум бўлишича касалликнинг тарқалишини олдини олиш ва ундан узоқ бўлиш қалбнинг таскин топишига сабаб бўлади. Хулоса шуки, касалликка қарши туриш, ундан ҳимояланиш, эҳтиёт чораларини кўриш шаръан талаб қилинган ишлардандир. Аксинча, сабабларни тарк қилиб, ўзини ҳалокатга қўйиш, ноўрин таваккалчилик қилиш шаръан тақиқланган ишлардандир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Ўзларингизни ҳалокатга дучор қилманглар!” – деб марҳамат қилган (Бақара сураси, 195-оят). Шариъатимиз кўрсатмаларидан келиб чиқиб дунёнинг бир қатор давлатлари, жумладан Туркия, Малайзия, Қатар, Уммон, Марокаш, Ироқ, Фаластин, Сингапур, Кувайт, Қозоғистон, Тожикистон давлатларида ҳам жума ва жамоат намозлари вақтинча тўхтатилган. Мана шуларни инобатга олган ҳолда бизлар ҳам Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Уламолар кенгаши томонидан қабул қилинган фатволарни амалга оширишда турли ихтилофларга берилмасдан, сабр ва матонат билан ўзаро ҳамжиҳатликда ҳамкорлик қилишимиз мақсадга мувофиқдир. Бундай ҳолларда мусулмон киши ҳар хил асоссиз фитна ва иғволарга берилмасдан, жойларда турли тартибсизликлар чиқармасдан, намозларимизни ўзимиз учун қулай бўлган манзилларда адо этиб боришимиз ҳар жиҳатдан ўринлидир. Буюк ва Ҳаким Зот Аллоҳ таолодан ушбу синовдан муваффақиятли ўтишимизда ёрдам ва раҳмат сўраймиз. Аллоҳим барчаларимизни ушбу касалликдан ўз паноҳида асрасин! Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши Манба: muslim.uz 306
15 март куни оммавий бало – “КоронаВирус” инфекцияси аниқланган Ўзбекистондаги биринчи бемор ҳақида расмий маълумотлар оммага эълон қилинди. Биз бу бало қаердан ва нима учун тарқаганини баҳс қилмаймиз. Уни Аллоҳ таоло туширгани яхши биламиз. Шу боис, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари ўргатган кўрсатмаларга риоя этамиз. Аллоҳ томон қочамиз! Бу каби касаллик ёки бало ва офатларнинг инсоният бошига ёғилиши, бунинг сабаблари, олдини олиш, даволаш чора-тадбирлари ҳақида алоҳида тўхталамиз. Ҳозир эса бир масала: Ваҳимага тушиш, агар керакли нарсаларни олиб қўймасам, тугаб қолади, деган хавотирлар ўринлими? Бозор ёки турли савдо-сотиқ жойларида нарх-навони ошириш, ваҳима сабаб кўзига кўринган, қўлига ушлаган нарсани арзон-қимматлигига қарамай заҳира қилиб қўйиш тўғрими? Ваҳимага тушиш, хавотирлар ўринлими? Дунёда касалликларнинг тури кўп. Коронавирус орқали юз берадиган касаллик шуларнинг бири, холос. Саратон, сил, жигар циррози, қандли диабет, юрак касалликлари, автоҳалокат ваҳоказолардан дунёда ҳар куни ўн минглаб одамлар вафот этади. Лекин биз фақат коронавирус ҳақида бош қотиряпмиз. Унутманг, сизнинг коронавирусга чалиниб ўлиш эҳтимолингиздан кўра уйқуга ётиб, қайта уйғонмаслик эҳтимолингиз анча юқоридир. Мўмин кишига неки мусибат, бало, офат ва касаллик келмасин, аввало уни Аллоҳдан, Яратганнинг тақдиридан деб қабул қилиши лозим. Шунда ҳар қандай саволларга ва маъсиятга етакловчи фикрларга тўсиқ қўйилади. Негаки, мусибат ва касалликлар мўмин учун раҳмат, гуноҳларига каффорат ва даражаси кўтарилишига сабабдир. Яхши гумонда турамиз. Ўзига таваккулни маҳкам қиламиз. Вирус “даҳшати”дан, “миш-миш”идан изтиробга тушмаймиз. Нарх-навони ошириш ёки шунга уриниш тўғрими? Сир эмаски, интернет ва ижтимоий тармоқларда коронавирус инфекциясининг аниқланиши оқибатида одамлар озиқ-овқат ва бошқа зарурий ашёларни ҳарид қилишга тушиб кетгани, бундай вазиятдан унумли фойдаланишни кўзлаган “уддабурон тадбиркорлар” томонидан нарх-навонинг сунъий равишда ошириш ҳолллари юзага келаётгани ҳақида турли хабарлар тарқалмоқда. Хўш, бундай вақтда мусулмон киши қандай йўл тутиши керак? Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур. Ҳаммаси аниқ Китоб (Лавҳул маҳфуз)да (ёзилган)дир” (Ҳуд сураси, 6-оят). Тонг отиши билан қушлар чуғурлашиб инларидан чиқади. Ейишга ҳеч вақоси йўқ бўлса-да, хотиржамлик билан уча бошлайди. Чунки улар ризқ Аллоҳдан эканини билади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Агар сиз Аллоҳга чинакам таваккал қилолганингизда эди, эрталаб инидан оч қорин билан чиқиб кетиб, кечки пайт тўқ қорин билан қайтиб келган қуш каби ризқлантирилар эдингиз” (Имом Термизий ривояти). Бир аъробийга: “Бир дона нон бир динор бўлибди”, дейилди. У шундай жавоб қилди: “Аллоҳга қасамки, агар бир дона буғдой бошоғи бир динор бўлса ҳам, бу мени ташвишга солмайди. Мен Аллоҳ буюрганидай Унга қуллик қиламан. У эса ваъда қилганидек менга ризқ беради”. Бир неча киши Салама ибн Динор роҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурига келиб шундай дейишди: – Эй Абу Ҳозим, нархларни кўтарилиб кетганини кўрмаяпсизми?! У киши: – Бу сизни нега ғамга солади? Арзончиликда бизга ризқ берган зот қимматчиликда ҳам ризқ беради, дея жавоб бердилар. Шу ўринда айрим “уддабурон тадбиркорлар”га! Ислом дини инсонлар ўртасидаги муносабаталарда адолатли, инсофли, ҳалол бўлишни талаб этади. Булар орасида савдо-сотиқ ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳ савдони ҳалол, рибони ҳаром қилди” дея марҳамат қилган. Савдо илмини чуқур эгаллаган, ўз даврининг катта тижоратчиси бўлган Умар (розияллоҳу анҳу) айтади: “Динда фақиҳ бўлмаган, савдо қонун-коидаларини билмаган киши бозорда савдо қилмасин” (Имом Термизий ривояти). Халқимизда: “Инсофи борнинг баракаси бор”, деган нақл бор. Харидор молни рози-ризолик...
Бугун, 19 март куни фазода «сайёралар паради» кузатилади. Астрономларнинг маълум қилишича, бу сафар Сатурн, Юпитер ва Марс Ойга яқин келади. «Сайёралар паради» – фазовий ҳодиса ҳисобланади. Бу вақтда бир нечта сайёра қуёшнинг бир томонида ўзаро рўбарў келади ва унча катта бўлмаган сектор томон яқинлашади. “Тўғрисини айтганда, биз сайёраларнинг «миниатюра парадини» кутяпмиз. Чунки навбатдаги ҳодисада атиги учта сайёра иштирок этади, тўртинчи иштирокчи – Ой”, дейилади Москва планетарияси матбуот хизмати тақдим этган маълумотда. Таъкидланишича, ушбу ҳодисани кузатишлари мумкин. Бунинг учун ҳаво булутсиз, очиқ бўлса бас. Шунингдек, жанубий кенгликларда яшовчилар «сайёралар паради»ни томоша қилиш учун кўпроқ имкониятга эга. Албатта, бунда ҳам осмон булутсиз бўлса. Ушбу ҳодисани эрта тонгда, қуёш чиқишидан бир соат олдин, 60 дақиқа давомида кузатиш мумкин. Манба: qalampir.uz 305
Бугун бутун дунё аҳолисининг ўй-хаёли, фикру зикри, туриш-турмушини бир ваҳима, у ҳам бўлса, коронавирус ҳадиги чулғаб олган. Кексаю ёш, каттаю кичик, мулозиму раият – тирик жон борки тожсимон вирусга йўлиқмаслик чораларини кўряпти. Энг кулгилиси, шу йил 15 март куни Ўзбекистон ҳукумати ўтказган брифингдан сўнг айрим одамлар ўзини бозорларга, дўконларга уришди. Худди Қиёмат қоим бўлаётгандек, ойларга, чорак, ҳатто йилларга етадиган озиқ-овқат маҳсулотларини ғамлаб олишди. Баъзилар қаноатни унутиб, ризқ Аллоҳдан эканини, қирқ йил қирғин бўлса-да, фақатгина ажали етган ўлишини унутиб қўйишган кўринади… Буюк аждодимиз Ҳаким Термизийнинг “Наводир ул-усул” асарида келтирилган воқеа ҳам ризқ Аллоҳдан эканига далолат қилади. Ораларида Абу Мусо, Абу Молик ва Абу Омир каби саҳобалар бўлган ашъарийлар карвони Мадинага ҳижрат қилишди. Манзилга очликдан силласи қуриб, бир алфозда етиб келдилар. Бир кишини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан егулик сўраб келишга юборишди. Жўнатилган одам эшиклари олдига келганда ичкаридан Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур…” оятини тиловат қилаётганларини эшитди. Ўзига ўзи: “Аллоҳга ашъарийлардан ҳам кўра ризқлантириш осонроқ бирор жонзот йўқ”, дея Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга учрамай қайтиб кетди. Бориб: “Хушхабар, сизларга ёрдам келмоқда!” деганида, шериклари бу гапни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кўмак ваъда қилибдилар, дея тушунишди. Шу пайт уларнинг олдига нон ва гўшт тўла идиш кўтариб олган икки киши келди. Ашъарийлар ундан тўйгунларича егач, таомдан ортиб қолганини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга қайтарайлик, У Зот буни бошқа муҳтожларга берсинлар, деб келишишди. Сўнг барчалари Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг олдиларига бориб, таом учун миннатдорлик билдиришди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларга ҳеч қандай егулик юборганим йўқ”, дедилар. Бир шерикларини Ул Зотнинг ҳузурларига юборганларини айтишганида, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша одамдан нима гаплигини сўрадилар. У нима қилгани ва шерикларига нима деганини айтганида У Зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мана шу Аллоҳнинг сизларни ризқлантирганидир”, дея марҳамат қилдилар. Эътибор беринг-а, бу дунёда ажали битган, ризқу насибаси кўтарилган одамнинг жони вирус ёки бошқа юқумли касалликларга боғлиқ эмас! Ёки аксинча: умри тугамаган одамни ҳеч қандай вирус олиб кетолмайди! Хўш, шундай экан, динимиз таълимотида ҳар бир инсоннинг ажали муайян муддат этиб белгиланган экан, ваҳимага тушишимизга, хавотирланишимизга асос борми? Болгариялик олим-шифокор Веселин Йолов коронавирус туфайли оммавий ваҳимага тушишга асло ҳожат йўқлигини таъкидлади. Ҳозир дунё бўйича 7 миллиард аҳолидан вафот этганлар саноқлигина миқдорда. Соғайганлар эса жуда кўпчиликни ташкил этади. Ваҳоланки, айни пайтда дунё миқёсида, интернет маълумотларига қараганда, саратондан, юрак хуружидан, диабетдан, зарарли ҳашаротлар чақиши оқибатида, автохалокатда ва қотиллик туфайли бир кунда минг-минглаб одамлар ҳаётдан куз юммоқда. Инсонни омадсизликка, касалликга, фақирликга туширадиган, дуосини ижобатини тўсадиган нарса ҳам – унинг хатолари. Қанча кўп истиғфор айтсак, қанча кўп дуо қилиб Яратганнинг Ўзидан сўрасак, шунча кўпроқ мушкулларимиз енгиллашади! Таъкидлаш жоизки, киши мусулмон бўлиши учун Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, Қиёмат кунига, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдан эканига ҳамда Қиёмат куни тирилишга имон келтириши шарт. Демак, мўмин-мусулмонларимиз яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдан эканлигини унутмасдан, бунинг учун ваҳимага тушмасдан, тўғри йўл тутиб, янада жипслашиб, раҳбарларнинг сўзларига қатъий риоя қилишлари шарт бўлади! Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг коронавирус (COVID-19) инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича фатвоси эълон қилинди. Бу фатвони муфтий ҳазратлари оммавий ахборот воситалари орқали барчага ўқиб эшиттирдилар....