Бугунги кун давр талаби барча соҳалар каби диний соҳа вакиллари олдига ҳам бир қатор муҳим вазифа ва талабларни қўймоқда. Юртимизда сўнги йилларда ислом дини равнақи йўлида улкан ишларни амалга оширилмоқда, миллий-диний қадриятларимизга янада эътибор қаратилиб, буюк аждодларимизнинг бой илмий-маърифий асарларини ўрганиш мақсадида кенг имкониятлар яратилиб берилмоқда.
Юртимиз ёшларимиз замон талабига жавоб берадиган диний ва дунёвий таълим олишлари учун юртимиздаги диний таълим тизими жадал ривожланиб, мутлақ янги босқичга кўтарилди. Ушбу тизим нафақат қўшни мамлакатлар, балки, кўпгина хорижий давлатлар учун ҳам ўзига хос тажриба намунасига айланди. Жумладан, Ўзбекистонда ягона бўлиб турган Тошкент ислом институт сафига яна иккита олий диний таълим муассасаси Мир Араб олий мадрасаси ва Ҳадис илми мактаби ташкил этилиши қувончимизга қувонч қўшди.
Бу орқали Қуръони карим ва ҳадисларнинг асл моҳиятини, исломий билимларнинг илмий-назарий асосларини чуқур ўрганган, жаҳон тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган улуғ аллома ватандошларимизнинг улкан илмий меросини пухта ўзлаштирган, диний соҳада илмий изланишлар олиб бориш кўникмасига эга мутахассисларни тайёрлаш ҳамда ислом динининг эзгу умуминсоний ғояларини халқимиз, айниқса, ёш авлодга етказиш мақсадлари қўйилган.
Шунингдек, мамлакатимиз фуқаролари муқаддас ҳаж ва умра зиёратларини адо этишлари учун шарт-шароитлар янада яхшиланди. Жумладан, умра зиёратига борувчилар учун чеклов (квота) олиб ташланди, ҳаж зиёратига борувчилар сони эса 5 мингдан 7 минг 200 нафаргача оширилди.
Юқоридаги ислоҳотларга ҳамоҳанг 6 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жаноблари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовнинг 70 йиллик таваллуд айёми билан самимий табриклаб, муфтий ҳазратларининг мамлакатимизда Ислом маданияти ва илм-фанини ривожлантириш, муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳияти ва эзгу ғояларини, улуғ аллома ва мутафаккирларимизнинг бебаҳо илмий меросини тадқиқ этиш ва халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасидаги катта хизматлари, диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллаган етук мутахассисларни тайёрлаш, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат, бағрикенглик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги ибратли фаолиятининг юксак эътирофи рамзи сифатида унга “Эл-юрт ҳурмати” орденини билан тақдирладилар.
Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари томонидан топширилган ушбу мукофот нафақат муфтий ҳазратларига берилган мукофот балки бу ҳалқимизга ислом маърифатини етказишда хизмат қилиб турган диний соҳа вакилларига кўрсатилаётган улкан эътибори ва эҳтироми деб тушунишимиз лозим.
Эътиборли жиҳати, Президентимиз томонидан бу йилги дастлабки давлат мукофоти динимиз фидойисига топширилди. Ушбу эътироф сўнги уч йил давомида ислом динига, диний соҳа вакилларига қаратилаётган улкан эътиборнинг энг юксак чўққиси бўлди десак, муболаға қилмаган бўламиз.
Ж.Акрамов
Ҳадис илми мактаби
Ўқув-услубий бўлим бошлиғи