Тўлиқ исми: Қироат ва тажвид илмида замонамизнинг йирик уламоларидан Шайх Айман ибн Рушдий ибн Шайх Муҳаммад Амин Сувайд ҳиж. 1374 йил, 10 зул-қаъда ойи / мил. 1955 йил, 26 июнъ куни Суриянинг Дамашқ шаҳрида таваллуд топган.
Ёшлиги ва илм йўли: Шайх Айман Рушдий ҳафизаҳуллоҳ 1967 йил бошланғич мактабнинг 3-синфида таҳсил олаётган вақти, 12 ёшида мактабдаги устози уни Дамашқ қориларининг шайхи, машҳур қироат устозларидан бири бўлган Шайх Ҳусайн Хаттоб роҳимаҳуллоҳнинг олдига қироат илмидан таълим олишга олиб боради. Ўша пайтдан бошлаб ёш Айман Қуръон қироати илмига қаттиқ меҳр қўяди ва Қуръони каримни ёдлашга киришади. 15 ёшида Қуръонни тўлиқ ёдлаб бўлгандан сўнг бошқа исломий илмларни ўрганишга бел боғлайди.
1974 йил ўрта мактабни тамомлагач, Дамашқ университетининг “Механика ва электротехника” факулътетига ўқишга киради. Сабаби, устози Шайх Абдулкарим Рифоъий роҳимаҳуллоҳ уни нафақат диний, балки дунёвий илмларни ҳам ўрганишга тарғиб қилган эди. Доктор Айманнинг айтишига кўра, ўша даврда “Шайх”лик диний йўналишдаги алоҳида эътироф ва мақом, “Доктор”лик эса дунёвий илмлардаги илмий унвон бўлган. Шу сабабли, токи диний илмга эга бўлган уламолар ҳам жамият ва илмий доирада эътироф этилиши учун устози уни дунёвий илмларда ҳам мутахассис бўлиши, шу билан бирга диний илмларда ҳам илмий даражалар олишига тарғиб қилган. Доктор Айман ҳафизаҳуллоҳ мазкур Дамашқ университетининг “Механика ва электротехника” факулътетида уч йил таҳсил олгандан сўнг, ўн қироатни тўлиқ таълим олиш ва эгаллаш мақсадида мазкур ўқишни тарк этади ва Дамашқдан 160 км. узоқликда жойлашган Ҳамс шаҳридаги Шайх Абдулазиз ибн Муҳаммад Уюн Суд роҳимаҳуллоҳда таълим олишни бошлайди.
Шайх Айман Рушдий ҳафизаҳуллоҳнинг ўзи бу воқеалар ҳақида шундай дейди: “Мен Шайх Абдулазиз ибн Муҳаммад Уюн Суд роҳимаҳуллоҳнинг Қуръон қироатидаги маҳорати, илми, виқори, набавий ахлоқи ва бир қанча фазилатларига ошиқ бўлган эдим. Унда ўн қироатни “Тоййиба” йўналишида тўлиқ ўрганишни мақсад қилгандим. Шу истак сабабли “Механика ва электротехника” факулътетидаги ўқишимни давом эттира олмадим. Чунки қироатлар илмини ўрганиш ва устозим турган шаҳарга сафар қилиш алоҳида вақт талаб қилар эди. Устозим Шайх Абдулазиз Уюн Судга “Ҳазрат, “Механика ва электротехника” факулътетидаги ўқишим эрталаб 8 дан кечки 8 гача. Лекин сизда қироат илмларини ўрганишни хоҳлайман. Қироатларга тегишли илмлар ҳам кўп вақтни талаб қилади. Нима маслаҳат берасиз”, дедим. Шунда устозим бошларини пастга қаратиб, ўйлаб туриб: “Эй, болам! Агар сен Қуръон билан шуғуллансанг, Аллоҳ сени ҳеч қачон ташлаб қўймайди” дея жавоб қилдилар. Мен “Нима десангиз шу” дедим ва “Механика ва электротехника” факулътетидаги ўқишимни тўхтатдим. Шу ишлар бўлиб турган вақтда қироат илмидаги биринчи устозим Шайх Муҳиддин Курдий роҳимаҳуллоҳ мендан Мисрнинг Қоҳира шаҳридаги “Азҳар” университетида Қуръон қироати йўналишида докторлик ёқлашимни тавсия қилдилар. Мен: “Эй саййидим! Мен ўзимнинг шаҳримдаги университетни ташладим. Мени бегона диёрдаги университетга юборасизми?!”, дедим. У киши: “Ҳозир диплом ва шаҳодатномалар асри. Агар “Азҳар”га бориб докторлик ёқламасанг, вақти келиб фалончини тиббиёт соҳасида диплом олганини, яна фалончини эса фалон соҳада диплом олгани ва докторлик ёқлаганини кўрасан. Ўзинг эса дипломсиз қоласан. Устозинг Уюн Суддан қироатларни таълим олавер, лекин шу билан бирга докторлик ҳам қилгин”, дедилар ва университет, факулътет, йўналиш ҳамда мавзуни ўзлари танлаб бердилар. Устозим Муҳиддин Курдий роҳимаҳуллоҳга ҳам “Нима десангиз шу” дедим. Чунки биз устозларимизнинг гапини икки қилмасдан бажаришни ўрганганмиз. Чунки улар фақат хайрли ва манфаатли ишларгагина буюрадилар. Натижада, 23 йилдан сўнг устозим Муҳиддин Курдий роҳимаҳуллоҳнинг ҳузурларига бориб, учта қора журнални олдиларига қўйдим ва “Устозим, булар сиз мендан 23 йил олдин тавсия қилган докторлик ишларим” дедим. Аллоҳ устозларимизни раҳматига олсин”.
Шайх Айман Рушдий ҳафизаҳуллоҳ шу аснода Дамашқдаги “Фурқон” ислом институтига ўқишга киради ва у ерни тамомлайди. Сўнг Мисрнинг Қоҳира шаҳридаги “Азҳар” университети “Араб тили” факулътетига ўқишга кириб, 1982 йил ушбу даргоҳни битиради.
Сўнгра Саудия Арабистони, Маккадаги “Уммул-Қуро” университетининг “Араб тили” факулътети магистратурасини ўқиб, у ерни 1991 йил тамомлайди. 1998 йил шу университетда “доктор” илмий даражасини ёқлайди. 1999 йил Миср давлати, Қоҳира шаҳридаги “Азҳар” университетида ҳам “доктор”лик илмий унвонини олади.
Устозлари: Шайх Абул Ҳасан Муҳиддин Курдий Дамашқий, Шайх Муҳаммад Тоҳа Суккар, Шайх Абдулазиз ибн Муҳаммад Уюн Суд, Шайх Аҳмад Абдулазиз Зайёт, Шайх Иброҳим Алий Шаҳҳота Саманнудий, Шайх Омир Саййид Усмон роҳимаҳумуллоҳ каби улуғ уламолардан таълим олган. Бу зотларнинг ҳар бири ўз замонасининг фахри ва буюк инсонлари бўлган.
Илмий фаолияти: Шайх Айман Рушдий Сувайд ҳафизаҳуллоҳ кўплаб китоблар ва видеодарслар муаллифи. Жумладан, қироат ва тажвид илмида машҳур бўлган кўплаб илмий асарларни тадқиқ ва таҳқиқ қилган ҳамда шарҳлаган. Унинг “Ат-тажвид ал-мусаввар (Суратли тажвид)” асари қироат ва тажвид оламида катта янгилик бўлган. Бу асарнинг таржимаси ўзбек тилида Раҳматуллоҳ қори Нурматов ва Толибжон Қодировлар томонидан 2018 йил “Қуръон ўрганиш қоидалари” номли китоб сифатида ўқувчилар ҳукмига ҳавола этилди. Бундан ташқари, қироат ва тажвид илми султони, дея эътироф этилган Имом Жазарий (ҳиж. 751-833 / мил. 1350-1430) роҳимаҳуллоҳнинг “Муқаддиматул-Жазарийя” номли матнини “Иқроъ” телеканали орқали 13 қисмдан иборат видеодарсларда шарҳлаган. Бу видеодарсларининг ўзбекча таржимаси Тошкент ислом институти “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов томонидан 2018 йилда “Тартил асослари” номли китоби сифатида нашр этилди. Доктор Айман 20 йилдан буён Имом Жазарий роҳимаҳуллоҳнинг ўн қироат борасидаги машҳур “Ан-нашр фи ал-қироот ал-ъашр” номли асарини тадқиқ ва таҳқиқ қилмоқда. Шу билан бирга, кўплаб қўлёзма асарларни табдил ва тадқиқ қилиш ишларида фаол қатнашмоқда.
Шайх Айман Сувайд Саудия Арабистони, Жидда шаҳридаги “Қуръони каримни ёдлатиш хайрия жамияти”да кўплаб талабаларга қироатлар ва тажвид йўналишида таълим бериб келмоқда. Шунингдек, бу жамиятда қироат устозларининг малака ошириш курсларида ҳам устоз сифатида фаолият юритмоқда. Ушбу жамиятнинг мутахассис битирувчилари ҳозирда Саудия Арабистонидаги кўплаб мадрасалар ва масжидларда фаолият юритмоқдалар. Шунингдек, Шайх Жидда шаҳрининг баъзи масжидлардаги Қуръон ёдлатиш дарс ҳалқаларига назоратчи раҳбар этиб тайинланган. Шунингдек, жамиятнинг аёллар бўлимида қироат ва тажвид йўналишида ўз ёрдамини бериб келмоқда.
Шайх Айман Рушдий ҳафизаҳуллоҳ “Иқроъ” телеканали орқали “Кайфа нақроъул Қуръан”, “Ат-тилава ас-соҳиҳа”, “Ал-итқон литилава ал-Қуръан” каби кўплаб силсилавий кўрсатувларда қироат ва тажвид фанидан доимий дарс бериб келмоқда.
“Робита ал-олам ал-исломий (ислом олами уюшмаси)” қошидаги “Таҳфизул-Қуръон (Қуръонни ёдлатиш)” ҳайъати маслаҳатчиси ҳисобланади. Ҳозирда Саудия Арабистони, Жидда шаҳрида истиқомат қилади.
Қуйидаги ҳаволалардан Шайх, доктор Айман Рушдий Сувайд ҳафизаҳуллоҳга тегишли видеодарслар, интервьюларни кўришингиз мумкин:
Ўзбек тилида таржима қилинган қироат ва тажвид дарслари:
2012 йилда таржимаи ҳоли ҳақида берган интервьюси (араб тилида):
“Ал-итқон литилава ал-Қуръан (الإتقان لتلاوة القرآن)” номли қироат ва тажвид илмидаги силсилавий видеодарслари (араб тилида):
“Аҳком ат-тажвид (أحكام تجويد القرآن)” қироат ва тажвид силсилавий видеодарслари (араб тилида):
Имом Жазарийнинг “Муқаддиматул-Жазарийя” асари шарҳланган силсилавий видеодарслари (араб тилида):
شرح المقدمة الجزرية – الشيخ الدكتور أيمن رشدي سويد – حفظه الله
Тарихда ўтган машҳур қориларнинг ҳаёти ва ижодини ёритиб берувчи “Шумус ал-Қурро (شموس القراء)” номли силсилавий маърузалари (араб тилида):
7 қироат илмида машҳур “Шотибийя” матнини ўқилгани:
Қуръони каримнинг 30 порасининг тиловати:
Қуръони каримнинг тўлиқ 30 пора тиловати:
Қуръони каримнинг тўлиқ 30 пора тиловати:
Жаҳонгир Убайдуллоҳ,
Тошкент ислом институти “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ўқитувчиси,
Тошкент шаҳар Олмазор тумани “Аҳмаджон қори” жоме масжиди имом-ноиби