islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Адлия вазири: Нотариусларга нафақат қонуний, балки инсоний, ҳатто диний талаблар қўйилди

Яъни уларга қонуний ишлаш талаби қўйилиши билан бирга инсон сифатида тўғри ишлаш кераклигини тушунтирилган, ҳатто диний асосларни келтириб, ҳалол бўлиш, ҳаромдан ҳазар қилиш уқдирилган.

Бироқ, улар ўз нафси йўлида электрон тизимларни чалғитишга уринмоқда…

Аввал хабар берганимиздек, Адлия вазирлигида адлия идораларида ўтган йилда амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланган кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа тизими орқали тадбирда тизимнинг барча масъуллари иштирок этди.

Йиғилишда адлия идораларига йўлланган 46 мингдан ортиқ мурожаатнинг 90 фоизи ҳал этилгани, кўрилган таъсир чоралари натижасида 7,5 мингга яқин шахс маъмурий, 10мингдан ортиқ шахс интизомий жавобгарликка тортилгани, тақдимномаларга асосан мансабдор шахсларнинг ноқонуний 181 ҳужжати ижроси тўхтатилиб, 2 минг 800 дан ортиғи бекор қилингани қайд этилди.

Аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш бўйича 369 мингдан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилган. Давлат хизматлари марказлари томонидан аҳолига 13 миллиондан ортиқ хизмат кўрсатилган.

Танқидий таҳлиллар жараёнида эса яна нотариуслар муҳокама марказида бўлди.

Маълумки, вазирлик раҳбарияти мана учинчи йилдирки ушбу тизимни коррупциялашган ходимлардан тозалаш бўйича зарур чораларни амалга оширмоқда. Боиси одамларнинг энг кўп иши тушадиган нотариуслар нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёнида мижозлардан ортиқча пул ундириш, таъмагирлик қилиш каби қўпол хато ва камчиликларга йўл қўйиб келган. Айнан шундай ҳолатларга барҳам бериш, тизимни тартибга солишга қаратилган кенг кўламли чоралар натижасида бугунги кунда аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш кўлами ортяпди.

“Нотариус” электрон тизими ишга туширилиб,электрон навбат олиш, нотариал ҳаракат учун ундирилган давлат божи ва бошқа йиғимлар қонуний бўлиши учун “SMS-хабарнома” хизмати ҳам йўлга қўйилган.

Кўп ҳолларда коррупцияга ходимлар маоши камлиги рўкач қилингани учун тизим ходимларининг маошлари ҳам оширилган.

Бир қарашда уларга ноқонуний қилмишлар учун имкон қолдирилмаган.

Бироқ, ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганларидек, мижозлардан ортиқча пул ундиришга бўлган “иштиёқ” айрим нотарусларда ҳамон барҳам топмаган. Энг ёмони, нотариусларнинг хатоларига адлия бўлими, бошқармалари раҳбарлари кўз юммоқда.

Мисол учун “ишонч телефони”га фуқаро Ҳасанов Яшнобод тумани 7-сон давлат нотариал идораси Усмонова томонидан уй-жой олди-сотти шартномасини расмийлаштириш пайтида 178 минг сўм ориқча олганидан норози бўлиб, мурожаат қилган. Ушбу ҳолат Тошкент шаҳар адлия бошқармаси томонидан кўриб чиқилиб, ориқча ундирилган пул фуқарога қайтарилган бўлса-да, нотариуснинг жавобгарлик масаласи ҳал этилмаган.

Адлия вазири Русланбек Давлетов ушбу ҳолатга баҳо берар экан, нега бундай бўлди, шунча имкониятларга қарамай ортиқча пул олиб, бировнинг чўнтагига кўз олайтираётган ходимни ҳайдаш керак, деб қайд этди.

– Адлиянинг оғриқли нуқтаси бўлган нотариуслар билан уч йилдан бери турлича усулда гаплашдик, – деди Р.Давлетов. – Уларга қонуний ишлаш талабини қўйиш билан бирга, инсон сифатида тўғри ишлаш кераклигини тушунтиришга ҳам кўп бор уриндик. Ҳатто диний асосларни келтириб, ҳалол бўлиш, ҳаромдан ҳазар қилишни уқдирдик. Шунга қарамай, хулоса қилмайдиган, уялмайдиган нотариуслар, афсуски, ҳамон мавжуд. Нотариуснинг амалга ошираёган ҳаракатлари яратилган шаффоф тизим орқали кўз олдимизда намоён бўлиб турибди. Уларнинг айримлари эса бу тизимни алдашга, уни айланиб ўтишга уринаётганини асло кечириб бўлмайди.

“SMS-хабарнома” хизмати орқали нотариус амалга оширган ҳаракат учун удирилган пул миқдори ҳақида мижозга хабар келади. Демак, базага мижознинг телефон рақамини киритиш шарт. Бироқ, айрим нотариуслар электрон тизимни чалғитиш учун базага мижознинг эмас, балки ўзлари билан бирга ишлайдиган бошқа ходимларнинг телефон рақамларини киритиб келган. Бундай ҳолда мижоз қонуний ундирилган сумма миқдоридан бехабар қолади ва бу нотарусга мижоздан ортиқча пул олишга шароит яратади.

Ўрганишлар давомида 21 ҳолатда нотариуслар шундай усулдан фойдаланган ва одамлардан ўз манфаати йўлида ортиқча пул олган.

– Барча жараёнлар электронлашган бир шароитда нотариуслар раҳбарлар ҳеч нарсани билмайди, деб ўйлашлари ақлга сиғмайди, – деди Адлия вазири. – Ахир биз уларни бевосита кузатиш имконига эгамиз. Базада бир ойда камида 3 мингга яқин SMS-хабарнома қайд этилмоқда. Уларга шу пайтнинг ўзида баҳо берилмасада, кейин таҳлил қилиш имкони бор. Шаҳрихонда нотариуслардан бири Аҳмедов мижозларнинг эмас, балки ўзига қарашли воситачиларга тегишли иккита телефон рақами орқали 32 нотариал ҳаракатни амалга оширган. Биздаги қоидалар бўйича бундай ходимга орамизда ўрин йўқ.

Йиғилишда нотариуслар маълум бир тураги ҳаракатларни амалга ошириш бўйича ихтисослашиб қолаётгани ҳам танқид қилинди. Тошкент шаҳар адлия бошқармаси ҳайъат йиғилишида фаолиятида турли хатоларга йўл қўйган 34 нотариусга интизомий жазо чоралари кўрилиши белгиланган бўлса-да, бошқармаси раҳбарияти қатъиятсизликка йўл қўйган ва буни ҳали амалга ошира олмаган.

Тадбир давомида тизимда учраётан шу каби ҳолатларга барҳам бериш бўйича аниқ таъсир чоралари белгиланди. Нотариал соҳанинг тўлиқ қонуний ишлаши бўйича бу йил барча имкониятлар ишга солинади.

Манба: uza.uz

118550cookie-checkАдлия вазири: Нотариусларга нафақат қонуний, балки инсоний, ҳатто диний талаблар қўйилди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: