islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ислом ва санъат (учинчи мақола)

Хаттотлик Шарқ мамлакатларида ўзига хос алоҳида йўналиш касб этган ва фан даражасига кўтарилган бебаҳо санъатдир. Ўрта Осиё халқлари томонидан ислом динининг қабул қилиниши муносабати билан бу ўлкага “Қуръон карим” нозил қилинган араб ёзуви кириб келди. Ўрта Осиё халқлари муомаласидаги қадимий уйғур, ўрхун-энасой, суғд, хоразмий ёзувлари истеъмолдан чиқиб, VII аср охиридан Қуръон ёзуви илму фан ва давлат ишларида расмий ёзувга айланди.

Араб ёзувининг 100 дан ортиқ тури мавжуд. 28 ҳарфдан иборат бўлган араб алифбосининг дастлабки шакли “Хатти маъқалий” бўлиб, тик чизиқлар билан ифодаланган. Аммо узоқ истеъмолда бўлиб, шуҳрат қозона олмаган. VII асрдан бошлаб унинг ўрнини араб ёзувининг энг қадимийси ва машҳури ҳисобланган “Хатти куфий” эгаллайди. Сўнгра хатти маъқалий ва куфий хати асосида араб ёзувининг санъаткорона яратилган 8 хил асосий услуби майдонга келган. Булар: сулс хати; насх хати; муҳаққақ хати; райхоний хати; тавқиъ хати; риқоъ хати; девоний хати; настаълиқ хати.Бу хатлар ичида ҳозирги кунда энг кўп қўлланиладигани насх хати бўлиб, 22 араб давлатида, Эрон Ислом Республикасида шу хатдан фойдаланилади. Қуръони карим ҳозирги вақтда асосан насх хатида чоп этилади. Риқоъ ёзуви араб ёзувининг қўлёзма шаклида ўз ифодасини топган.Яна сулс деб аталадиган ёзув учун қалам учи камида 3 миллиметр кенг бўлиши керак. Насх ёзуви учун 1 миллиметрли ёки ундан ҳам кичикроқ қаламни ишлатса бўлади. Араб ёзувининг муҳим хусусиятларидан яна бири – у стенографик ёзув хусусиятига эга.

Ўрта Осиё хаттотлик санъати тараққиёти тарихига бир назар солсак, VII–X асрларда Араб халифалигининг марказий шаҳарлари – Макка, Кўфа ва Басрада яратилиб, кейинчалик халифаликнинг бошқа ҳудудларига тарқалган хат турларидан фойдаланган ҳолда Мовароуннаҳр хаттотлик мактаби вужудга келганини билиб оламиз. Аҳмад ибн Умар Ашъас Абу Бакр Самарқандий (XI аср), Аҳмад Табибшоҳ Мовароуннаҳрий (вафоти 1215 йил), Али Банокатий (XIII аср), Жамшид Шоший (XIV аср) каби хаттотлар ушбу мактаб вакиллари сифатида донг таратганлар.

XIV–XV асрларда илм-фан, маданият ва санъатнинг барча соҳаларида бўлгани каби хаттотлик санъатида ҳам мисли кўрилмаган юксалиш кузатилди. Шу даврдан бошлаб Ўрта Осиёнинг турли минтақаларида бир неча хаттотлик мактаблари пайдо бўлди.

XV асрда Темурийлар сулоласи ҳукмдорларининг қўллаб-қувватлашлари билан вужудга келган Ҳирот хаттотлик мактаби Султонали Машҳадий (1437–1520), Дарвеш Муҳаммад Тақий Ҳиравий (XV асрнинг биринчи ярми), Абдулжамил Котиб (вафоти 1505/1506 йил) каби вакиллари билан элга танилган.

XVI асрда Шайбонийлар сулоласи хонлари саъй-ҳаракатлари билан асос солинган Бухоро хаттотлик мактаби Мирали Ҳиравий (вафоти 1557 йил), Мир Убайд Бухорий (ваф. 1601 й.), Мир Ҳусайн Кўланкий Бухорий (XVI аср), Саййид Абдуллоҳ Бухорий (вафоти 1647), Ҳожи Ёдгор (вафоти 1663), Аҳмад Дониш (1826–1897) каби вакиллари билан шуҳрат қозонди.

XVIII аср бошларида Хива ва Қўқон хонликлари ҳудудида Хоразм ва Фарғона хаттотлик мактаблари, XIX асрда эса Самарқанд ва Тошкент хаттотлик мактаблари шаклланди.

Хоразм хаттотлик мактаби ўзининг Мунис Хоразмий (1778–1829), Комил Хоразмий (1825–1899) каби намояндалари билан танилган бўлса, Фарғона хаттотлик мактаби Мирзо Мирзо Шариф Дабир (XIX аср), Муқимий (1850–1903), Самарқанд хаттотлик мактаби Очилдимурод Мирий Каттақўрғоний (1830–1899), Абдулжаббор Ургутий Самарқандий (1885–1910), Тошкент хаттотлик мактаби эса Муҳаммад Юнус Котиб (XIX аср) ва Муҳаммад Шоҳмурод Котиб (1850–1922) каби вакиллари билан машҳур бўлди.

Хаттотлик санъатидан меъморчилик ва халқ амалий санъатида ҳам кенг фойдаланилган. Юртимизда азалдан меъморий иншоотлар – масжидлар, мадрасалар ва мақбараларнинг ташқи ва ички деворлари, пештоқлари турли нақшлар билан биргаликда хаттотлик услубларида ёзилган битиклар – Қуръони карим оятлари, ҳадислар, ҳикматли сўзлар ва шеърий парчалар билан безатилган.Мусулмон хаттотлик санъати Хитой, Япония ва Европада ҳам кенг тарқалган.

Шарқда хаттотларнинг хатлари маъно ифодасидан ташқари, кишини ҳаяжонга солиб, унга эстетик завқ берган. Ҳар бир хатга санъат мўъжизаси сифатида қаралган.

Бугунги кунда Ҳабибулла Солиҳ, Салимжон Бадалбоев, Абдулла Мирсоатов, Тўхтамурод Зуфаров, Алишер Шомуҳамедов ва бошқаларнинг хизматлари катта. Ҳабибулла Солиҳ 1998 йили Истанбулда ўтказилган халқаро хаттотлар беллашувида «Девоний» хат услуби бўйича кучли ўнликдан жой олган. 1999 йили у хаттотликда янги тарз, яъни нақшин безак ёзувининг алифбосини кашф қилгани учун Лоҳурдаги халқаро хаттотлар беллашувида «Парвин рақам» унвонига сазовор бўлган.

Тошкент ислом институти Матбуот хизмати
Аҳрорбек Мадаипов

118580cookie-checkИслом ва санъат (учинчи мақола)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: