islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Мўминнинг фаросатидан қўрқинг…

Фаросат турли даражаларда бўлади. Ва у шаклланиши учун инсон кўп нарсаларга муҳтож. Негаки, фаросат йиллар давомида кишининг ҳаётий тажрибалари, одамлар билан муомаласи, сафар-саёҳатлари давомида шаклланади.

Киши қанчали кўп инсон билан муомала қилса, улфат бўлса, аҳли илм, аҳли фазл ва олийжаноб инсонлар билан ҳамсуҳбат бўлиб, ҳаётни ўрганса фаросати ҳам шунга қараб сайқалланиб боради.

Инсоннинг уфқи, алоқа доираси ва илму маърифати кенгайгани сари фаросати ҳам кучайиб боради. Битта жойдан ҳеч қаёққа чиқмаган, китоб ўқимаган, кўпчиликка қўшилмаган одам бошқача мажлисларда, ўтиришларда, муомалада албатта нотўғри хатти-ҳаракат ё сўз айтиб қўйиш эҳтимоли катта. Кейин бу фаросатсизликка йўйилади.

Ўзбек тилида фаросат сўзи “дид” сўзи билан ҳамоҳанг ва маънодош сўз ҳисобланади. Шунинг учун ҳам “дид-фаросат” деган ибора пайдо бўлган. Араблар буни “завқ” ҳам дейишади. Баъзан эса фаросат сўзи “ақл”, “донолик” ва “зийраклик” маъноларида қўлланади. “Ақл-фаросат” ибораси шундан.

Аммо, арабларда фаросат (фиросат) сўзи бироз ўзгача маънода ишлатилади. Уларда фаросат илми (علم الفراسة) деган тушунча мавжуд бўлиб, мазкур билим кишиларнинг ташқи кўринишлари, юз бичимлари, физиологик шакл-шамойиллари орқали уларнинг ички оламига баҳо бериш, характерларини аниқлашни ўрганади.

Мазкур билим шарқда қадимдан мавжуд бўлиб, европада физиогномика номи билан юритилади. Бу билимнинг номи “тикилиш, яхшилик аломатларини топиш, диққат билан кузатиш, синчиклаш, мулоҳаза қилиш” маъноларини англатувчи арабча “тафарраса (تفرس)” сўзидан олинган.

Ҳамма ҳам кишиларнинг юз тузилишларига қараб, уларнинг феъл-атвори ва шахсиятларини аниқлай олмайди. Бунинг учун юқори даражада зийраклик лозим. Шу маънода бизнинг юртларда фаросат сўзи зийраклик ва донолик сўзларининг синоними сифатида муомалага кирган.

Демак, бизда фаросат икки хил маънода ишлатилади: бириси муомала маданияти, дид, қаерда қайси сўзни ишлатиш, қай ҳолатда қайси йўлни тутиш ўринли бўлишини ўргатадиган тажриба бўлса, иккинчиси зийраклик, донолик, одамларнинг ташқи кўринишлари ва ҳолатларига қараб ички оламлари, мақсадлари ва ботинларига баҳо бериш маъносида қўлланар экан.

Шу боис, фаросат ғайбни даъво қилиш эмас балки, Аллоҳ берган зийраклик ва зеҳну заковат орқали кишиларнинг шахсиятлари ва ички оламлари борасида тахминий хулоса қилишдир.

Шу маънодаги фаросат бир неча хил турларга бўлинади. Баъзиларда бу ҳолат муктасаб бўлса, бошқаларда ваҳбий бўлади. Касб этилган фаросат юқорида айтилганидек, “кўпни кўриш”, сафар-саёҳат қилиш, фозиллар билан ҳамсуҳбат бўлиш, кўп китоб ўқиш ва ҳоказолар орқали қўлга киритилади.

Ваҳбий фаросатга эга инсонларда эса бу қобилият сирф Аллоҳнинг туҳфаси ўлароқ мавжуд бўлади. Улар ўз ҳамсуҳбатларининг ички оламига қисқа суҳбат орқали осонлик билан чизгилар бера оладилар.

Фаросат илмини ўрганишда фойда бор. Аммо, уни мутлақ тушунча сифатида қабул қилмаслик керак. Зеро, бир инсоннинг табиати ҳақида хулоса қилиш фақат унинг ташқи кўринишига боғлиқ эмас. Балки, мутафаррисдаги фаросат нурининг нечоғли кучли ёхуд заифлигига ҳам боғлиқдир.

Киши табиблар ва файласуфлар томонидан баён қилинган халқий сабабларни ўрганиб чиқиши фаросатнинг бир томони холос. Уларнинг фикрича, кишидаги хилқий кўринишлар хулқий сифатларга ишорадир. Зеро, хилқатдаги мўътадиллик хулқдаги мўътадилликка долалат қилади. Хилқатдаги мўътадилликдан оғиш характерда ҳам оғиш борлигини англатади.

Аммо, юқорида айтилганидек, муайян кишининг руҳий кўринишига баҳо бериш учун бунинг ўзи кифоя қилмайди балки бу, мутафаррисдаги фаросат нури не қадар кучли ё кучсизлигига, зеҳнининг ўткирлигига ҳам бевосита боғлиқдир.

Экспериментал психологияда физиогномика сохта фанлар туркумига киритилган. Чунки, бунда қатъийлик ва мутлақлик йўқ. Аммо, бу дегани фаросат буткул йўқ нарса дегани эмас. Бу билим ёхуд қобилият инсонга қўшимча фойда келтириши мумкин. Аммо, у орқали одамларга ошкора баҳо беришдан сақланиш лозим.

Ривоят қилинишича, Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу, Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу, Ҳусайн ибн Али разияллоҳу анҳу, Шурайҳ қозий, Иёс ибн Муовия, Наим ибн Ҳаммод ва Аҳмад ибн Тулун каби кишилар ниҳоятда кучли фаросат соҳиби бўлган эканлар. Ибнул Қаййим ўзининг “мифтоҳу дорис саодат” номли асарида имом Шофеийнинг одамларнинг энг фаросатлиларидан бири бўлганликларини зикр қилади.

Фаросатнинг яна бир тури борки, у кишининг тақво даражаси, Аллоҳни таниш кўламига қараб берилади. Кишининг маърифати юксалиб, Аллоҳ билан бўлган иртиботи кучайиб боргани сари ундаги фаросат нури ҳам кучайиб боради. Иймон қувватига қараб, фаросати ўткирлашаверади.

Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминнинг фаросатидан сақланинг, зеро, у (яъни мўмин) Аллоҳнинг нури ила боқур”, дедилар сўнгра Аллоҳ таолонинг “албатта бунда фаросатлилар учун оят-аломатлар бордир” (“Ҳижр” сураси75-оят), сўзини ўқидилар.

Мазкур ояти каримада “фаросатлилар” дея маъно берилган сўз “мутавассимийн” сўзи билан ифода этилган. Зотан, “тавассама” билан “тафарраса” сўзи айни маънони англатади.

Юқоридаги ҳадисда Набий алайҳиссалом “мўминнинг фаросатидан қўрқинг!”, дея энг кучли фаросатни энг кучли иймон соҳиби бўлган кишиларга нисбат бердилар. Ва бунинг сабаби ўлароқ, том маънодаги, истилоҳий маънодаги мўмин киши Аллоҳнинг нури ила назар солишини кўрсатдилар. Демак, мўминдаги фаросат манбаи унинг иймони экан. Унинг кучи бевосита иймон нуридан балқиб чиқар экан. Шундай экан, мўминнинг фаросатидан қўрқинг(!), зеро, у Аллоҳнинг нури ила назар солур.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Алишер Султонхўжаев

Манба: azon.uz

118630cookie-checkМўминнинг фаросатидан қўрқинг…

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: