islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Шавкат Мирзиёев Қирғизистонда «Йил одами» сифатида эътироф этилди

Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихонаси мажлислар залида Президент Шавкат Мирзиёевга «Ала-Тоо Айимдари» («Ола-Тау хонимлари») экологик ҳаракати томонидан «2019 йил одами» унвонининг берилиши муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги 

Республика раҳбарияти топшириғига биноан, махсус мукофот ва дипломни қабул қилиш учун ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов Бишкекка келди. Тадбирда «Ала-Тоо Айимдари» ҳаракати раёсати аъзолари, СССР халқ артисти Кайиргул Сартбаева ва халқ ёзувчиси Гулсайра Моминова, Қирғизистон ҳукумати, парламенти ва минтақавий маъмуриятларида юқори лавозимларда ишлаган қирғиз ва ўзбек ҳамжамиятларининг нуфузли вакиллари, Ўзбекистондаги собиқ қирғиз дипломатлари, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги, етакчи ОАВлар вакиллари, сиёсатшунос экспертлар иштирок этди.

Маросимда «Ала-Тоо Айимдари» ҳаракати раҳбари Жипаргул Баргибаева сўз олиб, ўзбек—қирғиз муносабатларининг сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилиши, шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида дўстлик, тинчлик, яхши қўшничилик, конструктив ва қардошлик муносабатларини яратиш сиёсати Ўзбекистон раҳбари номзоди танланишининг асосий сабаби эканлигини таъкидлади.

Жипаргул Баргибаева Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва этник озчиликларнинг ҳуқуқларини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади.

«Этник қирғизлар зич яшайдиган Жиззах вилоятидаги Манас қишлоғининг жуда қисқа муддатда янгиланишини Қирғизистонда катта миннатдорчилик билан қарши олинди», деди ҳаракат раҳбари.

Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов Ўзбекистон Президенти номидан «Ала-Тоо Айимдари» ҳаракатига ва у орқали шахсан қардош Қирғизистон халқига Ўзбекистон раҳбарининг ўзаро манфаатли ўзбек—қирғиз ҳамкорлигини мустаҳкамлашдаги хизматлари эътироф этилгани учун самимий миннатдорлик изҳор этди.

Манба: kun.uz

120530cookie-checkШавкат Мирзиёев Қирғизистонда «Йил одами» сифатида эътироф этилди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: