2020 йилнинг 19 февраль куни Тошкент шаҳри ҳудудида “Тавҳид ва жиҳод катибаси” (ТЖК) халқаро террористик ташкилотига алоқадор бўлган бир гуруҳ тарафдорлари ва аъзоларининг фаолиятига чек қўйилди.
Мавжуд маълумотларга кўра, мазкур шахслар хозирда Сурияда халқаро террористик ташкилоти ТЖК сафида фаолият юритаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси 1996 йилда Тошкент шаҳрида туғилган А.Шодибековнинг ғоявий таъсирига тушиб, унинг жиноий фаолиятига яқиндан қўмак бериш мақсадида моддий томондан ёрдам кўрсатиб, ТЖК таркибига бориб кўшилишни режалаштириб келганлар.
Юқоридагиларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1552-моддаси 1-қисмига (Террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш) асосан қўзғатилган жиноят иши доирасида пойтахт ҳудудидаги 18 та манзилда тинтув тадбирлари ўтказилиб, 21 нафар шахслар қўлга олинди.
Ушланган шахсларнинг яшаш манзилларидан жиноятга алоқадор бўлган ашёвий далиллар топилиб, қонуний тартибда расмийлаштирилиб олинди. Хозирда тергов-суриштирув тадбирлари давом этмоқда.
Маълумот тариқасида, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилоти фаолияти Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.
Фуқароларимиз, айниқса ёшларимизни огоҳлантириб, бу каби қонун бузилишларига йўл қўймаслик мақсадида, ижтимоий тармоқларнинг шубҳали сайтлардаги даъватларга алданиб қолмасликларини, жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллардан фойдаланмасликлари, сақламасликлари ва тарқатмасликларини сўралган Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси сайтида.