Аллоҳ таоло ислом динини инсоният учун қиёмат кунига қадар тўғри йўлга бошловчи дин қилиб юборар экан унинг барча замонлар ва даврларнинг муаммосини ҳал этадиган сифат билан таъминлаб қўйди. Хусусан, давлат ва жамиятнинг бирдамлигига хизмат қиладиган ўзаро инсоний алоқалар, олди-бердилар, ўзга дин вакиллари билан муомала қилиш кўрсатмалари ҳам батафсил ёритилиб ўтган. Ўрта Осиёга ислом дини кириб келар экан аждодларимиз бу диннинг эзгу ғоялари кенг тарқалиши учун улкан хизматларни қилдилар. Уларнинг хизматлари туфайли минтақада эзгулик ҳукмронлик қилди.
Ислом дини ўзга дин вакиллари билан бир жамият ва бир ватанни ривожлантириш йўлида қандай йўл тутиш керак эканини ҳам оятлар орқали, ҳам ҳадислар орқали баён этган. Қолаверса, саҳоба ва тобеъинларнинг ҳаётлари давомида кузатилган ибратли воқеалар инсоний фазилатлар нақадар катта манфаатлар олиб келишини исботлайди.
Ислом дини ўзга дин вакиллари билан бўладиган кундалик алоқаларга алоҳида урғу берган. Хусусан, қўшничилик алоқалари, аҳли китобларнинг таомидан истеъмол қилиш, уларга уйланиш мумкин экани, уларни ғийбат қилиш ҳам гуноҳ экани, молиявий алоқалар ўрнатиш, улардан қарз олиш, қарз бериш, уларга омонат қўйиш, мусулмон бўлмаган кишини мақташ каби масалаларда оят ва ҳадислар келган.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “ал-Адаб ал-муфрад” китобларида шундай ҳадисни ривоят қилади: Мужоҳид айтади: Мен Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳунинг ҳузурида эдим. Унинг хизматчиси бир қўйни сўйиб, унинг терисини шилаётган эди. Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳу хизматчига қараб: Қўйни сўйиб бўлгач гўштни биринчи бўлиб яҳудий қўшнимиздан бошлаб тарқат, деди. Ўша ерда турганлардан бири: “Аллоҳ сизни тўғри йўлдан адаштирмасин! Яҳудийдан бошла!”, дедингизми, деди. Шунда у зот: Мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламдан қўшнига яхшилик қилиш ҳақида жуда кўп эшитганман, ҳатто қўшнига мерос беришни тайинласалар ҳам керак, даган хаёлга ҳам борганмиз, дедилар.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ўз саҳиҳ китобларида қуйидаги ҳадисни ҳам келтирадилар. Саҳл ибн Ҳунайф ва Қайс ибн Саъд иккиси Қодисияда бирга ўтиришган эди. Шу пайт уларнинг олдидан бир жаноза ўтиб қолди. Иккиси ҳам ўрнидан турди. Атрофдагилар бу тобутдаги киши шу ерлик аҳли зиммалардан деб айтишди. Иккиси ҳам ушбу ҳадисни айтишди: Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларидан жаноза ўтиб қолди. Шунда У зот ўринларидан турдилар. Атрофдагилар бу яҳудий кишининг жанозаси деб айтишда. Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “У аввало инсон эмасми?!” дедилар. (1312)
Имом Бухорий ва Имом Термизий ўз китобларида ривоят қилишларича Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам вафот этган вақтларида совутлари бир яҳудийнинг қўлида гаров эвазига берилган эди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари У зот учун жону молларини фидо қилган инсонлар эди. Улар ичида Усмон ибн Аффон ва Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳумо каби бой саҳобалар ҳам бор эди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг биргина ишоралари билан бор будларини У зотнинг оёқлари остига олиб келиб ташлар эдилар. Лекин шундай бўлсада Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўзга дин вакилидан қарз олганлар. Бунинг сабаби ўзлари намуна бўлиб жамият бирдамлиги учун улар билан қандай муомалада бўлиш кераклигини умматларига кўрсатиб берганлар.
Аллоҳ таоло каломида шундай дейди: Бугунги кунда сизларга пок нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир. Афийфа мўминалар ва сиздан олдин китоб берилганлардан бўлган афийфалар ҳам, агар иффатли бўлган ҳолингизда, зинокор бўлмай ва ўйнаш тутмай маҳрларини берсангиз, сизга ҳалолдир. Ким иймонни инкор қилса, унинг амали бехуда кетадир ва охиратда у зиён кўрувчилардан бўладир. (Моида сураси, 5-оят)
Ислом мусулмонларга аҳли китобларнинг сўйган сўйишлари ҳалол қилган. Бу оятда «таом» сўзи қўлланган, аммо ундан аҳли китобларнинг барча таомлари, жумладан, чўчқа ёки бошқа ҳаром ҳайвонларнинг гўшти, ароққа ўхшаш ичимликлари ҳам ҳалол экан-да, деб тушунилмаслиги керак. Бу нарсаларнинг ҳаромлиги ўз-ўзидан ҳаммага маълум. Асли ўзи ҳалол бўлган бошқа нарсалар ҳақида ҳам аввал айтиб ўтилди. Демак, бу ерда гап гўшти асли ҳалол бўлган ҳайвонлар аҳли китобларнинг динлари асосида сўйилган бўлса, ҳалол бўлишлиги ҳақида кетмоқда.
Имом Мотуридий “Таъвилот аҳли сунна” китобида ушбу оятнинг тафсирида шундай дейди: Афифа аҳли китоб аёллар дегандан фоҳиша ва зинокор бўлмаган аҳли китоб аёллар назарда тутилмоқда. Ояти карима аҳли китоб бўлган ҳур аёлларга уйланиш мумкин эканига далолат қилади. Бунга барча аҳли илмлар иттифоқ қилган.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, аждодларимиз ўзга дин вакиллари билан қандай муносабатда бўлиш лозим эканини ўргатиб, ўзлари бунда барчага намуна бўлганлар. Бу борада ўз асарларида тўхталиб шариатнинг ҳукми нима эканини баён қилиб ўтганлар. Қайси замонда уларнинг ўгитларига амал қилинган бўлса, жамият фаровон ва осуда ҳаёт кечирган. Биз ҳам уларга муносиб авлод бўлиш учун уларнинг таълимотларига амал қилиш ва уларнинг ўгитларини халқимизга етказишимиз лозим.
“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси” ўқитувчиси
Махсумхонов Рахматхон