islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ОСМОНЛАРУ ЕРДАГИ НАРСАЛАР ҚАНДАЙ ТАСБЕҲ АЙТАДИЛАР? (учинчи мақола)

Демак, ушбу қарашларни айтган уламоларнинг наздларида барча нарсалар ўзларининг тилларида сўз билан тасбеҳ айтиб турадилар.

2. Осмонлару ердаги жонли-жонсиз барча нарсалардан чиқадиган овозлар уларни биладиганлар учун ҳақиқатан тасбеҳдир. Уларнинг бу тасбеҳларини фақат пайғамбарларгина биладилар.

Ақлсиз мавжудотларнинг ҳолатлари тасбеҳ ҳисобланади, деган уламолар ўзларининг қарашларини қуйидагича тушунтирганлар:

“Осмонлару ердаги жонли-жонсиз барча нарсалар Аллоҳ таолога тасбеҳ айтадилар. Яъни, мўмин инсонлар “субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” дейдилар. Аммо ақлсиз ҳайвонлар ва жонсиз нарсалар сўз билан тасбеҳ айтмайдилар. Балки уларнинг борликлари ва ақллар ҳайратда қоладиган даражадаги хусусиятлари Буюк Яратувчининг ягоналигига ва мислсиз улуғлигига гувоҳлик беради. Ана шу далолат уларнинг тасбеҳлари ҳисобланди. Зеро ҳикматли сўзда: لِسَانُ الْحَال أَفْسَحُ مِنْ لِسَانِ الْقَال “Ҳол тили (ҳолат далолати) қол тилидан (тил билан айтишдан) кўпроқ маъно англатади”, дейилган.

Мазкур мавжудотларнинг тасбеҳ айтишлари икки хил тафсир қилингани сабабли оят давомида келган “Лекин уларнинг тасбеҳларини англамайсизлар” деган сўзнинг маъноси ҳам табиий равишда икки хил тафсир қилинган:

1. Уларнинг тилларини тушунмаганларингиз сабабли айтаётган тасбеҳларини англамайсизлар, ёки уларнинг айтаётган тасбеҳларини идрок қилиш сизларга оғир бўлгани сабабли англамайсизлар;

2. “Яхшиликка далолат қилувчи уни адо этувчи каби бўлади”, дейилгани сингари уларга ақл юритиб назар солувчиларнинг ҳайратдан тасбеҳ айтиб юборишларига сабаб бўлганларининг ўзи уларнинг тасбеҳларидир. Шунинг учун сизлар уларнинг тасбеҳларини эмас, уларни кўриб тасбеҳ айтаётганларнинг сўзларини англайсизлар.

Барча махлуқотларни Ўзига тасбеҳ айттириб қўйган Зотга ҳамду санолар, тасбеҳ айтувчиларнинг улуғи бўлган саййидул башарга салавот ва саломлар бўлсин.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим

128660cookie-checkОСМОНЛАРУ ЕРДАГИ НАРСАЛАР ҚАНДАЙ ТАСБЕҲ АЙТАДИЛАР? (учинчи мақола)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: