Сингапур Технология ва дизайн университети (SUTD) тадқиқотчилари мавжуд маълумотлар таҳлили асосида дунёда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазиятлар якунланишига оид мониторинг натижаларини эълон қилди.
Унга кўра, Ўзбекистонда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият шу йилнинг май ойида якун топиши тахмин қилинмоқда.
SUTD инновациялар лабораторияси томонидан чоп этилган ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси 2 май куни 97 фоизга, 7 майда 99 фоизга тугайди. Унинг батамом 100 фоизга якунланиши эса 23 майга тўғри келиши прогноз қилинган.
Қайд этилишича, келтирилган мониторинг натижалари фақат танишиш мақсадида тақдим этилган бўлиб, хатолар бўлиши мумкин. Шу сабабли ҳар қандай ижобий прогнозлар ҳам эҳтиётлик билан қабул қилиниши лозим.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусдан соғайганларнинг умумий сони 892 нафарга етди. Вирус аниқлангандан буён қайд этилган жами касалланиш ҳолатлари эса 27 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, 1887 тани ташкил этмоқда. Ўзбекистонда 15 мартдан буён коронавирусга чалинган беморларнинг саккиз нафари вафот этди.
Дарё.уз