islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

«Хушхабар! Қабул квоталари тасдиқланди!»

Кеча ижтимоий тармоқларда «Хушхабар! Қабул квоталари тасдиқланди!» деган хабарлар тарқалди ва унга Pdf файлни илова қилишмоқда. Хўш, бу хабарлар қанчалик рост?

Абитуриентлар, ўзи умуман ёшларимиз жуда содда. Нимани кўрса, ўқиса, шунга ишониб кетаверади. Озгина ўйлаб, таҳлил қилиб, синчиклаб қараб ўтирмайди, ҳовлиққанича бир-бирига тарқатади, ёлғон хабарларга ўзи ишонгани етмагандай, бировларни ҳам ишонтиришга ҳаракат қилади.

Кечаги тарқатилган Pdf файлнинг тепасига катта қилиб «ЛОЙИҲА» деб ёзиб қўйилган. Боз устига у норматив ҳужжатлар лойиҳаси муҳокама қилинадиган порталдан олингани кўриниб турибди (кўпчилик бунақа портал борлигини билмаса ҳам керак). Озгина эътиборли бўлган одам, бу расмий қарор эмаслигини тушуниб олиши қийин эмас.

Гап шундаки, бу 18 март куни муҳокама қилиш учун эълон қилинган Президент қарори лойиҳаси эди. 1 ой олдин чиққан лойиҳани “расмий” деб тарқатиш кимга керак бўлиб қолди экан, ҳайронман.

Ҳозирча қабул квоталари тасдиқлангани йўқ, бу ҳақда ҳеч қандай расмий хабарлар берилмади. Олган маълумотларимизга кўра, у ҳали лойиҳа кўринишида ва тегишли ташкилотлар томонидан муҳокама қилинмоқда. Агар расмий ва ишончли манбаларни кузатиб борсангиз, Президент қарорга имзо қўйгач, албатта эълон қилинади.

Айрим каналлар тушунмасдан тарқатаётган квоталарга ишониб қолманг, расмий қарорда бутунлай бошқача бўлиши ҳам мумкин.

‼️Ҳурматли, ёшлар. Шу ўринда Сизларга дўстона маслаҳатим бор.

Бирор ишончсизроқ жойда қандайдир хабарни ўқиб қолсангиз, дарров ваҳимага тушманг, ҳовлиқманг, ишониб қолманг, ўзгаларга тарқатишга шошилманг. Кўп эмас, атиги 30 сония ўйлаб олинг. Ичингизда «Бу хабар ростмикин? Балки ёлғон бўлсачи? Аввал текшириб кўришим керак» деб ўйланг. Ҳа, айнан ЎЙЛАНГ! Ўйлаш, фикрлаш мияга зиён эмас, қўрқманг, аксинча бу кони фойда.

Шундан сўнг, хабарни яна бир марта қайта ўқиб кўринг. Деталларига синчиклаб назар ташланг. Расмий ва ишончли манбалар орқали текшириб кўринг.

Унутманг, бугун нима кўп, ёлғон ва фейк хабарлар кўп. Уларни барчасига ишониб кетавериш, ақлли инсонларга ярашмайди. Ҳар бирингизда ички антивирус бўлсин, ҳар бир ўқиган маълумотингизни ўша антивирус орқали аввал яхшилаб текшириб, кейин ҳазм қилинг. Ўқиганига ишониб кетаверадиган содда бўлманг.

Хушнудбек Худойбердиев, ҳуқуқшунос

132130cookie-check«Хушхабар! Қабул квоталари тасдиқланди!»

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: