Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази турли мамлакатлардаги нуфузли илм-фан марказларининг таниқли олимлари билан он-лайн семинарлар туркумини изчил давом эттирмоқда.
Ана шундай семинарнинг навбатдагиси Қуръон, тафсир илмлари бўйича таниқли олим, мотуридийшунос, Туркиянинг Фотиҳ Султон Меҳмет университети доктори Аҳмад Даманҳурий иштирокида ташкил қилинди.
Доктор Аҳмад Даманҳурий Миср Араб Республикасида таваллуд топган бўлиб, айни пайтда Туркиянинг Истанбул шаҳрида истиқомат қилади. 2015 йили Ал-Азҳар университетида “Имом Мотуридий ва унинг илмий услублари” бўйича фалсафа фанлари доктори даражасини олган. Қуръон, суннат, ақида илмлари бўйича кўплаб илмий асарлар ёзган. Ҳозирги кунда мазкур университетнинг исломий билимлар факультетида катта илмий ходим, Мисрдаги Ислом билимларини масофавий ўқитиш университетида директор, Миср Ислом ишлари Олий кенгашида илмий ходим сифатида фаолият юритади.
Аҳмад Даманҳурий жорий йил 2-4 март кунлари Самарқанд шаҳрида “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзуида ўтказилган халқаро конференцияда “Мотуридий таълимотининг бугунги кундаги ақидавий муаммоларни бартараф этишдаги аҳамияти” мавзуида нутқ сўзлаган.
Он-лайн семинарда олим “Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асарини тасниф этишдаги услуби” мавзуида маъруза қилди.
Аҳмад Даманҳурий мазкур буюк асарнинг юзага келиш тарихи, алломанинг ўзига хос услуби, фикрларини кўпчиликка тушунарли бўлиши учун содда ва равон баён этгани ҳақида сўзлар экан, Имом Мотуридий айнан шу асар учун алоҳида мажлислар ташкил қилгани ва “Таъвилот ал-Қуръон”нинг китоб сифатида майдонга чиқишида ана шу мажлислар ва шогирдларнинг хизмати ва ўрни ҳам борлигини таъкидлади.
Олим қайд этганидек, “Таъвилот ал-Қуръон” фақат таълимотга доир асар бўлиб қолмай, унда фиқҳ ва ақида баробарида ахлоқ масалаларига ҳам алоҳида эътибор берилган. Асар билан танишган инсон дин ва маданиятни осон ажратиб олади, диний ва анъанавий масалаларда чалғимайди.
Аҳмад Даманҳурий Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари тафсир илми ривожида беқиёс ўрин тутганини, ақидавий муаммоларни ҳал этишда қомусий қўлланма бўлганини таъкидлади. Шу мавзуларни ўрганиш чоғида тўпланган қимматли маълумотлар билан ўртоқлашди.
– Бугун мусулмонларни Имом Мотуридийнинг асарлари ёки аҳли сунна вал жамоа ақидасига тегишли бошқа манбалардан яхшироқ хабардор қилиш, айниқса, ёшлар билан бу борада кўпроқ ишлаш ҳар қачонгидан-да муҳим. Исломни ниқоб қилиб, қабиҳ ишларни амалга ошираётган гуруҳлар ҳамон мавжудлиги, муқаддас динимизни булғаб кўрсатиш йўлидаги хатти-ҳаракатлар ҳануз давом этаётган ҳозирги шароитда мана шу манбалар дастуриламал вазифасини ўтайди. Хусусан, Имом Мотуридий юксак билим ва тафаккур билан турли ёт оқимларга раддиялар берган, – деди туркиялик олим.
Ислом илмлари академияси раҳбари шу боис ақида асосчиси бўлган Имом Мотуридий йирик фалсафий олим ҳам ҳеисобланишини қайд этди. Таъкидланганидек, аллома ўз даврида Афлотундан кейинги иккинчи муаллим саналган.
– Бу ҳақиқат илмий доиралар, дунё зиёлилари томонидан тан олинган, – деди олим.
Аҳмад Даманҳурийнинг айтишича, дунё кутубхоналарида сақланаётган мотуридия таълимотига оид қўлёзмаларни жамлаш ва тадқиқ этиш, унинг кўпчиликка ҳали маълум бўлмаган жиҳатларини яқин ҳамкорликда ўрганиш лозим.
Семинарда олим тадқиқотчиларни қизиқтирган барча саволларга илмий далиллар билан атрофлича жавоб қайтарди.
Манба: bukhari.uz