islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ҲУДУДСИЗ МУҲАББАТ

У отаси ҳақида гапириб берди:

“Отам хонамга кирсалар хонамнинг чироғи ёниқ қолган бўлса ва мен ташқарида бўлсам менга танбиҳ берадилар:
– Нега чироғингни ёниқ қолдирдинг? Электрни исроф қилмаслик керак!
Агар ҳожатхонага кирганларида сув жумрагидан сув томиб турганини кўрсалар:
– Нега жумракни яхшилаб ёпмадинг. Сув исроф бўлаяпти ахир!- дейдилар.
Доимо мени танқид қиладилар. Салбий гаплар билан айблайдилар. Майда ва арзимас ишларда ҳам насиҳат қилиб тергайверадилар. Ҳатто бемор бўлсалар ҳам бу тўхтамайди…Ҳозир беморлар.
Бир куни анча интизорликдан сўнг янги иш топдим. Бугун катта бир ширкатнинг яхши лавозимига жойлашиш учун суҳбат бўлади. Шунга боришим лозим. Агар суҳбатдан ўтсам ва мени қабул қилишса шу уйдан ҳам, отамнинг ҳадеб тергайверишларидан ҳам қутуламан.
Эрталаб турдим. Энг чиройли кийимларимни кийдим. Хушбўй атирлар сепдим. Энди чиқаман деб турсам елкамга бир қўл тегди. Қарасам отам. Кўзлари бироз сўлғин. Касалликнинг белгилари юзларига урган. Аммо ним табассум қилиб менга озроқ пул бериб дедилар:
– Фақат ва фақат ийжобий(позитив) бўлишингни истайман. Ўзингга ишон. Саволлар олдида ҳаяжонланма. Ўзингни эркин тут!
Насиҳатларини истамасам ҳам эшитдим. Ичим “уфф” десада, сохта табассум қилиб турдим юзларига. Ҳатто шу лаҳзаларда ҳам насиҳат қиладилар-а! Ҳаётимдаги энг муҳим лаҳзаларда ҳам асабимни бузмоқчилар…
Уйдан тез чиқиб таксига ўтириб ширкат томон йўл олдим. Етиб бориб ширкат эшигига киришим билан таажжубландим. Эшик олдида қўриқчи ҳам , кутиб оладиган ходим ҳам йўқ эди. Фақатгина учрашув бўладиган йўналишни кўрсатадиган бир лавҳа осиғлиқ турибди.
Эшикдан киришим билан биринчи мулоҳаза қилганим эшикнинг тутқичи бузилгани бўлди. Агар унга кимдир урилиб кетса узилиб тушиши мумкин эди. Мен отамнинг “ийжобий бўлишингни истайман” деган насиҳатларини эслаб уни жойига ўрнатиб тузатиб қўйдим.
Сўнг лавҳада кўрсатилган йўналишдан юриб ширкатнинг боғчасига кириб қолдим. У ерда ҳовуз тўлиб сув тошиб кетаётган эди. Йўлакларни сув босган эди. Афтидан боғбон бирор ишга машғул бўлиб ҳовузга сув қўйганини унутган кўринади. Мен ҳовуздаги сув шлангини олиб ёнидаги бошқа ҳовузга ташлаб қўйдим ва бу ҳам боғбон келгунича тошиб кетмасин деб сув жумрагидан сувнинг келишини камайтириб қўйдим.
Сўнг йўналиш бўйича хонага кирдим. Ичкарида зинадан кўтарилишда йўлакда кўп чироқлар ёниқ турганини кўрдим. Кундузи эди. Беихтиёр отамнинг овозлари қулоғимда жаранглагандек бўлди. Чироқларни ўчириб чиқдим.
Юқорига чиқдим. Жуда кўп кишилар мен кўзлаган мансабга даъвогар экан. Мени ҳам рўйхатга олишди. Келганларнинг юзларига, кийимларига боқаман. Улар олдида мен ва кўринишим жуда ғариб бўлиб қолди. Баъзилар Америка олийгоҳларидан олган дипломлари билан фахрланар эди.
Аммо ҳар бир киши билан бўлаётган суҳбат икки дақиқадан кўп вақтни олмаётганини сездим. Ўзимча булар шунақа кўринишлари ва шунақа дипломлари билан қайтарилаяпти. Менга йўл бўлсин, деб улар узр айтишидан олдин бу ердан кетишим керак деган ўйда ўрнимдан туриб чиқиб кетмоқчи бўлдим. Шунда бир ходим исмимни айтиб, киришим кераклигини айтиб чақириб қолди. Мен “наилож, кириб кўрайчи нима гап”, деб суҳбатлашиш хонасига кирдим. Хонада уч киши ўтирибди. Улар менга табассум қилиб туриб дейишди:
– Ишни қачон қабул қилиб оласиз?
Олдинига ҳайрон бўлдим. Улар мени масхара қилишаяптими ёки бу учрашувнинг саволларидан бирими, деб ўйладим. Отамнинг насиҳатлари ёдимга тушди: “Саволлар олдида ҳаяжонланма. Ўзингни эркин тут!”.
Мен уларнинг саволларига дарҳол:
-Имтиҳондан иншааллоҳ муваффақиятли ўтганимдан сўнг, дея жавоб бердим.
Улардан бири:
-Сиз имтиҳондан ўтдингиз. Иш битди, деди.
Мен:
– Ахир мендан бирорта ҳам савол сўрамадингиз-ку!, дедим.
У деди:
– Биз шуни биламизки, бир неча савол билан инсонларнинг моҳиятига баҳо бериб бўлмайди. Шунинг учун биз кишиларга баҳо беришни амалий томондан белгилашга қарор қилдик. Биз бир нечта амалий имтиҳонлар жадвалини тузишга қарор қилдик. Улар бизга имтиҳон топширувчиларнинг иқтидорини белгилаб берар эди. Биз йўлда қўйиб қўйган камчиликларни фақат сиз тузатиб кирдингиз. Биз бу ишингизни кузатув камерасидан кўриб турган эдик.
Уларнинг бу гапларидан сўнг кўз олдимдаги барча суратлар йўқолиб фақат отамнинг суратлари пайдо бўлди. Отамнинг насиҳатлари зоҳири қаттиққўллик аммо ботини раҳмат, муҳаббат, шафқат, хотиржамлик бўлган катта бир эшик экан. Отамга нисбатан қаттиқ бир соғинчни ҳис қилиб оёқ-қўлларини ўпиш учун уйим томон шошилдим…
Аммо дарвозамиз олдида қўшнилар, қариндошлар жамланишганини кўрдим. Улар менга умидсиз ва шафқат билан қараб туришар эди. Ҳаммасини тушундим. Кечикибман…вақт ўтибди.
Отамнинг овозларини эшитишга муштоқ эдим. Насиҳатларига қулоқ тутишга тайёр эдим. Нега отамни олдинроқ англамадим?! Нега у кишини олдинроқ кўрмадим?!
Бадалсиз атоларини, ҳудудсиз муҳаббатларини нечук ҳис қилмадим?!
Отажоним!!!

https://t.me/Abdulqodir_Polvonov

135490cookie-checkҲУДУДСИЗ МУҲАББАТ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: