islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ДИНИМИЗ АҲКОМЛАРИ – РИЗҚ ҲАҚИДА ЭЪТИҚОДИМИЗ (иккинчи мақола)

Сўфи Оллоҳёр бобомизнинг жойлари жаннатда бўлсин, ризқ ҳақида қандай эътиқодда бўлишни қисқа ва лўнда баён қилиб қўйган:

Қидирғон бирла ризқинг қатра тошмас,
Кетар қадринг, қадардин ҳаргиз ошмас.

Ризқ ҳақидаги масала “Ақоидун Насафий”да қуйидагича баён қилинган:
“Ҳаром ҳам ризқдир. Ҳамма ўз ризқини ҳалол бўлсин, ё ҳаром бўлсин, тўла-тўкис олади. Инсон ўз ризқини ея олмай қолиши ёки бошқа биров унинг ризқини еб қўйиши тасаввур ҳам қилинмайди”.

Яъни Аллоҳ таоло бирор кишига истеъмол қилишни тақдир қилиб қўйган нарсани бошқа биров устамонлик ёки айёрлик билан “илиб кетиши” мумкин эмас. Ҳар бир киши ўз ризқу насибасини, албатта, олади. Аммо ризқ мулк маъносида қўлланганда, уни бошқалар ҳам олиши мумкин:

“Улар ғайбий хабарларга (пайғамбарим Муҳаммад келтирган хабарларга) иймон келтирадиган, намозни баркамол ўқийдиган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан (садақа ва) эҳсон қиладиганлардир” (Бақара сураси, 3-оят).

Ушбу оятдаги ризқ қилиб берилган нарсалардан эҳсон қилишлари – уларга мулк қилиб берилган нарсалардан бошқаларга инфоқ-эҳсон қилишлари маъносини англатади.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Ҳикамул Атоия”да айтган сўзлари тўғри тафаккур юритган ҳар бир мўмин банданинг қалбини сурурга тўлдиради: “(Аллоҳ таолонинг) сенга етарлича ризқ бериб, ҳаддингдан ошиб кетишингга сабаб бўладиган (нарсалар)ни сендан тўсиб туриши, сенга неъматларни тўлиқ қилиб берганидир”.

Шарҳ: Аллоҳ таолонинг бандага етарлича жисмоний ва руҳий озуқаларни бериб, (банданинг нафси хоҳлаган) баъзи зоҳирий ва ботиний нарсаларни унга ато қилмаслиги аслида унга берилган тўлиқ неъмат ҳисобланади. Чунки тирикчилиги учун етарли нарсани топа олмаслик кишини бандалар олдида хорланишига сабаб бўлса, туғёнга кетказадиган нарсаларнинг ато қилиниши унинг дунёсини ҳам, охиратини ҳам бой беришига сабаб бўлади. Шунинг учун кимга тирикчилигига етарли нарсалар берилган ва туғёнга кетказадиган нарсалар берилмаган бўлса, унга неъматлар тўлиқ қилиб берилган бўлади.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим

140600cookie-checkДИНИМИЗ АҲКОМЛАРИ – РИЗҚ ҲАҚИДА ЭЪТИҚОДИМИЗ (иккинчи мақола)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: