Қуёш нурида исиб қолган сувни ишлатишнинг ҳукми тўғрисида қуйидаги қарашлар айтилган:
1. Мутлақо макруҳ эмас;
2. Иссиқ ўлкаларда барча оғзи очиқ идишларда бўлгани макруҳдир; Фақат баъзи уламолар улардан олтин ва кумуш идишларни иситисно қилганлар;
3. Агар қуёш нурида иситиш қасд қилинса, барча идишларда ва барча ўлкаларда ҳам макруҳ бўлади;
4. Қасд қилиш шарт эмас, қуёш нурида исидими мутлақо макруҳ бўлади;
5. Иккита табиб бу сув мохов касалига сабаб бўлади дейишса макруҳ бўлади, агар бундай дейишмаса макруҳ бўлмайди;
6. Фақат баданга ишлатиш макруҳ бўлади, кийимларга макруҳ бўлмайди.
Мазкур баҳсларни ушбу масаланинг шаръий жиҳатдан собит бўлгани ё шаръий жиҳатдан собит бўлмагани тўғрисидаги ихтилофлардан келиб чиққан дейиш мумкин.
Шу маънода қуёшда исиган сувни ишлатиш шаръий жиҳатдан макруҳ экани ёки шаръий жиҳатдан макруҳ эмаслиги тўғрисида икки хил қараш бор:
1. Шаръий жиҳатдандир. Яъни қуёшда исиган сувни ишлатиш гуноҳ бўлади, ният билан ундан тийилса савоб бўлади;
2. Шаръий жиҳатдан эмас. Яъни қуёшда исиган сувни ишлатиш гуноҳ бўлмайди, қасддан ишлатмаслик билан савоб ҳам ҳосил бўлмайди.
Биринчи қараш соҳиблари қуйидагича далил келтирадилар: Қуёшда исиган сувдан қайтариқ ҳадис билан собит бўлган. Имом Доро Қутний Оиша розияллоҳу анҳодан қуйидаги ҳадисни ривоят қилган:
عَنْ عَائِشَةَ قَالَتْ اِسْتَخَنْتُ مَاءً فِي الشَّمْسِ فَقَالَ النَّبِيُّ: « لَا تَفْعَلِي يَا حُمَيْرَاء فَإِنَّهُ يُورِثُ الْبَرَصَ».
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Сувни қуёшда иситдим. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Ҳумайро (ёноқлари қизил, анор юзли) бундай қилманг, чунки у мохов касалини пайдо қилади”, дедилар”.
Ушбу ҳадиснинг санади жуда заиф бўлса ҳам далил бўла олади. Чунки буни Умар розияллоҳу анҳудан собит бўлган қуйидаги ривоят ҳам қувватлайди:
«لَا تَغْتَسِلُوا باِلْمَاءِ الْمُشَمَّسِ فَإِنَّهُ يُورِثُ الْبَرَصَ».
“Қуёшда исиган сув билан ювинманглар, чунки у мохов касалини пайдо қилади”.
Бу ердаги қайтариқ макруҳликни ифодалайди. Шунинг учун қуёшда исиган сувни ишлатиш шаръий жиҳатдан макруҳ ҳисобланади.
Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим