Султон Сулаймон Қонуний айтган экан: “Агар ўлсам қўлимни тобутдан чиқариб қўйинглар. Кишилар билсинки, ҳатто султон ҳам дунёдан қўли қуруқ кетаяпти!”.
Сулаймон Қонуний Усмоний султонлар ичида энг буюкларидан биридир. Ўйлашимча, Муҳаммад Фотиҳдан ўзга бирор-бир султон ундан ўзиб кетмаган.
У Усмонийлар ичида энг узоқ вақт ҳукм сурган. Унинг султонлиги 46 йил давом этган. У урушларда қўшинни ўзи бошқарар эди. У тарихда ғарб ва шарқ пойтахтларини бошқарган аввалги султондир. У Афинадан Софиягача, Будапештдан Белградгача, Қуддус, Димашқ, Бағдод, Қоҳира, Табризни бошқарган. Рўйхат жуда узун…
У Қуръони каримни ва “Саҳиҳи Бухорий” ни ёд билар эди. У турк, араб, форс ва серб тилида гаплаша олар эди. У қозиликни ислоҳ қилгани ва давлат ишларида туб ислоҳотлар олиб боргани учун Қонуний лақабини олган.
Агар фақир киши зоҳидликдан гапирса “мажбурликдан гапираяпти” дейишинг мумкин. Аммо ер юзининг ярмида ҳукмронлик қилиб турган султон зоҳидликдан гапирса ҳайратланмай иложинг йўқ.
У ҳаётлик даврида ваъз қилганидек ўлганидан кейин ҳам ваъз қилишни хоҳлади. Қандай келган бўлсак шундай кетамиз демоқчи бўлди.
Мен ҳеч қачон “мол жамламанглар. Мол ёмон нарса. У дунёнинг кирлигидир”, демайман. Билъакс, тақводор инсон бой бўлса қандай яхши!
Мол ҳаёт ғилдирагидир. Олдин ҳам шундай бўлган, биздан кейин ҳам шундай бўлади. Аммо шуни унутмаслигимиз лозимки, у ҳаёт ғилдирагидир, ҳаёт эмас! У доим васила ўлароқ талаб қилинади. Уни ғоя қилиб олинмайди. Агар ғоя қилиб олинса инсон ўз болаларига мардикор бўлиб қолади.
Мол жамланг. У ҳаётингизнинг енгиллаштиради. Инсон ўз фарзандларини тиланиб юрадиган фақир қилиб қолдирганидан кўра бой қилиб қолдиргани афзалдир. Аммо унутмангки, сиз уни яшаш учун жамлаяпсиз. Бу дунёдаги энг қимматбаҳо нарсалар баҳосиз нарсалардир.
Сени соғинадиган она ҳақиқий бойликдир. Севадиган аёлинг ҳақиқий бойликдир. Намозининг ортидан сенинг ҳақингда дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанд энг катта бойликдир. Сенга шабада тегишидан ҳам хавотирда турадиган инсоннинг қалбига молик бўлсанг демак ана шу энг катта бойликдир!
Соғлигидан маҳрум бойлардан бойлик ҳақида сўранг!
Фарзанди йўқ бойдан бойлик ҳақида сўранг!
Нарсаларнинг нархини эмас, қийматини билсак ана шунда боймиз.
Бу дунёдаги беш миллиард одам дўзахга киришга маҳкум бўлиб турганида сенинг мусулмон бўлиб туғилишинг Қоруннинг мулкидан ҳам, Фиръавннинг подшоҳлигидан ҳам, Намруднинг салтанатидан ҳам афзалдир!
Пулга дори сотиб олса бўлади, шифо эмас!
Пулга тўшак сотиб олса бўлади, уйқу эмас!
Пулга кулгули китоблар сотиб олса бўлади, аммо кулгуни эмас!
Биз бу маърифатимизни сулук ва туйғуга айлантиришимиз лозим.
Мен қасам ичиб айтаманки, биз кўриб турган қасрлар ичида тириклайин кўмилган инсонлар бор.
Муҳаббат таъмини билмаган кўп аёлларнинг бўйнидаги тилла занжирлар, қўлидаги билакузуклар оддий темир-терсакдан фарқ қилмайди.
Дунёга машҳур брендлардан бири “Ролекс” соатлари ширкати йилида тўрт миллиард доллар даромад қилар экан. Бу даромад ҳеч кимга кетмас экан. Уни аввало ширкатни ривожи ва ишчилар шароити ҳамда таълим, соғлиқни сақлаш, уйсизларга уй қуриб бериш, қариялар уйига ёрдам бериш, фақир давлатларга ёрдам бериш каби хайрия лойиҳаларига сарфлашар экан. Афсуски, охиратда мусулмон бўлмаганларга насиба йўқ.
Биз мусулмонларда қадимда турли вақфлар бўлган. Ролекснинг қиладиган хайриялари уларнинг олдида ҳолва бўлган.
Майли, мол жамланг, аммо тобутга солиб олиб кетадиганидан жамланг!
Абдулқодир Полвонов