Муаллиф: Шавкат Икромов – Яқин Шарқ давлатлари бўйича тадқиқотчи, Тошкент давлат шарқшунослик университетининг ўқитувчиси, Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказ докторанти.
Сўнгги йилларда, Марказий Осиёда “ким энг катта масжид қуриш” борасида беллашув кетаётганга ўхшайди. Бу беллашувни Қирғизистонда Туркия бошлаб берган эди. 2017 йилда Туркия ҳомийлигида қуриб битказилган Бишкек марказий масжиди ўша вақтда минтақадаги энг катта масжид мақомини олди. Қатар давлати эса Душанбе марказий масжидини қуриш учун 70 миллион АҚШ доллари ажратди ва эндиликда у минтақанинг энг катта масжиди мақомига эга бўлди. Ҳозирда беллашувга Қозоғистон қўшилган, у ҳам минтақадаги энг катта масжидни қуриш истагида.
Марказий Осиёдаги ушбу масжидлар “пойга”сининг эътиборли жиҳати шундаки, қурилаётган масжидлар минтақа республикаларининг иқтисодий имкониятларидан устун бўлиб, асосан ҳомийлик ёрдамлари ҳисобидан қуриб битказилмоқда. Бу ҳомийлар минтақада ўз таъсирини кенгайтириш истагида бўлган Саудия Арабистони, Туркия, Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари ва Қатар каби давлатлардир. Иқтисодий жиҳатдан ривожланган бу давлатлар дунёнинг беш қитъасидаги барча мамлакатларда масжидлар қуришга катта сармоя киритмоқда. Бундан мақсад – “юмшоқ куч” сиёсатининг воситалари орқали халқаро майдонда ўз таъсирини оширишдир. Халқаро экспертлар буни “масжидлар дипломатияси” номи билан аташмоқда[1].
Мазкур мақолада муаллиф “масжидлар дипломатияси”нинг Марказий Осиёдаги кўриниши, мазкур дипломатияни қўллаётган давлатлар мақсади ва бунинг геосиёсий аҳамияти ҳақида сўз юритади.
Ўтган асрнинг 80-йиллари охирида Марказий Осиёда исломнинг “қайта уйғониш” жараёнлари бошланди, Совет Иттифоқи парчалангандан сўнг, бу жараёнлар янада кучайди. Мазкур ҳолат аҳолиси асосан мусулмонлардан иборат бўлган минтақада масжидлар етишмовчилигига олиб келди. Ўша даврда иқтисодий жиҳатдан заиф бўлган ёш республикалар, аҳоли талабига мос масжидлар қуриш имкониятига эга бўлмаганлиги сабабли, муаммони ҳал қилишда ривожланган мусулмон давлатларнинг кўмагига суянди. 1989 йилда Совет Иттифоқи бўйича 300 та масжид фаолият олиб борган бўлса[2], 1993 йилга келиб ҳомийлар кўмагида биргина Ўзбекистоннинг ўзида уларнинг сони 6 мингдан ортиб кетди[3].
Минтақада масжид ва турли диний муассасаларни қуриш ишларига ҳомийлик қилувчи Саудия Арабистони, Туркия, Эрон ва бошқа бир қатор араб давлатлари минтақада таъсир доирасини кенгайтириш учун рақобатлашаётган давлатлар ҳисобланади. “Масжидлар дипломатияси” эса мазкур рақобатда қўшимча восита сифатида кўрилади. Минтақада “масжидлар дипломатияси”ни қўллаш бўйича, Саудия Арабистони бошқа мусулмон давлатларга нисбатан катта тажрибага эга. Саудиянинг бу сиёсати бўйича дастлабки натижалар ҳамда хулосалар шаклланиб бўлган.
Саудия Арабистони
Саудия Арабистони дунёнинг етакчи давлатлардан бири сифатида, турли қитъаларда ўз таъсир доирасини ошириш истагида “масжидлар дипломатияси”ни “юмшоқ куч” воситаларидан бири сифатида қўллаб келмоқда. Дунё бўйлаб масжид ва диний муассасалар барпо қилишдан мақсад, диний таълим даргоҳларида ваҳобийлик таълимотини тарғиб қилиш, шу йўналишда имом ҳамда воизлар тайёрлаш, дунё мусулмонларига араб тили ва асосий диний таълимотларни ўргатиш бўйича тезкор курсларни ташкил қилишдан иборат[4]. Унинг “масжидлар дипломатияси” Марказий Осиёни ҳам қамраб олган.
Маълумки, Саудия Арабистони Марказий Осиёда таъсир доираси учун курашаётган геосиёсий иштирокчилардан бири ҳисобланади. Бу минтақа Саудия Арабистони учун ўзи раҳбарлик қилиши керак бўлган, ислом умматининг ажралмас бир қисми. Шу боис ҳам қироллик минтақада ўз таъсирини кенгайтиришга ҳаракат қилиб келмоқда. Шунингдек, у бутун дунёда бўлгани сингари Марказий Осиёда ҳам ортодоксал ислом ғояларининг ёйилиши тарафдори.
Шу мақсадда, Саудия Арабистони 1993 йилдан 1997 йилгач бўлган вақт оралиғида минтақанинг 110 та масжидини қайта қурилиши ва таъмирланишига ҳомийлик қилди. Бу қурилиш ишлари, асосан Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон республикаларини қамраб олди.
Саудия Арабистони Марказий Осиёдаги масжидларни қуриш ишларида тўғридан–тўғри эмас, балки турли ташкилотларни молиявий қўллаб қувватлаш орқали иштирок этади. Унинг минтақадаги масжидлар учун ҳадяларини уч йўналишда кўриш мумкин.
Биринчидан, турли нодавлат хайрия ташкилотларини молиялаштириш орқали. Мисол учун, Саудия Арабистони молиялаштирадиган Бутун жаҳон мусулмон ёшлар ассамблеяси (WAMY) 2017 йил ҳолатига кўра, Қирғизистонда 200 та масжид қурган[5]. Маълумотларга кўра, Қирғизистонда рўйхатдан ўтказилган мазкур ташкилот мамлакатдаги 70 фоизга яқин масжидлар қурилишини маблағ билан таъминлаган. Хусусан, 2012 йил Ўш шаҳрида WAMY ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳадялари ҳисобидан, ўз даврида мамлакатдаги энг катта масжид деб тан олинган Сулайман Тоо масжиди қуриб битказилган[6].
Иккинчидан, 90-йилларда Саудия Арабистони мамлакатда яшаб турган ўрта осиёликлар диаспораси – бухорийларларни ҳам ҳомийлик ишларига жалб қилган. Уларга тегишли бўлган вақф жамғармалари орқали минтақадаги диний муассасалар қурилишини рағбатлантирган. Тошкент шаҳридаги, 6000 намозхонга мўлжалланган Шайх Зайниддин жоме масжиди ана шундай масжидлардан бири бўлиб, унинг қурилиши Маккадаги ўзбек ватандошларнинг ҳадя маблағлари ҳисобидан амалга оширилган[7].
Яна бир йўналиш маҳаллий ишбилармонларни қўллаб қувватлаш, улар билан яқин алоқалар ўрнатиб, уларни диний муассасалар ташкил қилишга рағбатлантиришдир. Бу ҳолатни Қозоғистон ва Қирғизистонда кўпроқ кузатиш мумкин. Бу ҳомийликни ўзига хослиги шундаки, бугунги кунда Қозоғистон ишбилармонлари орасида салафийларнинг кўпайиб бораётганлиги хавотир билан айтилмоқда. Одатда, сохта салафийликка алоқадор тадбиркорлар масжидлар қуриш ишларига ҳам ҳомийлик қилиш орқали мамлакат мусулмонлари орасида маҳаллий умум қабул қилинмаган исломий ғояларни кенгайиб боришига ҳисса қўшмоқда.
Саудия Арабистони масжидлар дипломатиясининг эришаётган дастлабки натижалари ҳақида гапирганда, айтиш мумкинки, бу сиёсат минтақадаги диний вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омиллардан биридир. Тўғри, мусулмонлар кўпчиликни ташкил қилувчи минтақада масжидлар қурилишига ҳомийлик қилиш ижобий аҳамият касб этади. Бироқ, Саудия ва яна баъзи мусулмон давлатларининг бу ҳомийлиги ортида геосиёсий мақсадлар турган бўлса, улар минтақадаги мўътадил ва мослашувчан ислом меъёрларини инкор қилса, сиёсий жараёнларда фаол иштирок этувчи исломни тарғиб қилса ва энг муҳими, ёшлар орасида радикал кайфиятдаги мусулмонларнинг ортиб боришига олиб келса, бу сиёсатни шунчаки, ҳомийлик сифатида баҳолаб бўлмайди. Марказий Осиёга туташ бўлган Покистон ва унинг қўшниси Бангладеш давлатларида ҳам ўтган асрнинг 90-йилларида шунга ўхшаш жараёнлар содир бўлган эди, Саудия Арабистони ва бошқа мусулмон давлатлар, бу икки мусулмон мамлакатида шу даражада кўп масжидлар қуриб, исломнинг турли оқимларини тарғиб қилиш натижасида ҳар икки мамлакатда ҳам маҳаллий қабул қилинган ислом нормалари трансформацияга учраб, диний вазият кескинлашиб, барқарорлик масалалари ўта мураккаб бўлиб қолмоқда.
Бироқ, халқаро кузатувчиларнинг фикрларига кўра, Саудиянинг “масжидлар дипломатияси” Марказий Осиёда ўзи истаган натижага эришиши мураккаб масала. Бунда асосий омил сифатида диний қарашлардаги фарқларни айтиш мумкин. Марказий Осиё республикалари раҳбарияти минтақада сохта салафийлик[8] ва диннинг сиёсий жараёнларда фаол иштирок этишига қарши. (Қирғизистон мисолида, балки бу фикр нотўғридир) Минтақа республикалари ўз тажрибасида бу билан боғлиқ бўлган аччиқ сабоқларни олиб бўлган. Шундан келиб чиқган ҳолда айтиш мумкинки, Саудия Арабистонининг Марказий Осиёдаги “масжидлар дипломатияси” катта имкониятларга эга эмас, унинг рақиби бўлган Туркия эса бу борада устунликка эгадек кўринади, бироқ унинг олдида ҳам айрим тўсиқлар мавжуд.
Туркия
Минтақавий етакчилардан бир бўлган Туркия ҳам, дунё бўйлаб энг кўп масжидлар қураётган мамлакат сифатида эътироф этилади. У Африка, Европа ва Америкада ўнлаб масжидлар барпо қилмоқда. Хусусан, 2016 йил Қўшма Штатларда Туркия ҳомийлигида, шимолий ярим шардаги энг катта ислом маркази сифатида танилган масжид қуриб битказилди.
Туркия “масжидлар дипломатияси”нинг Марказий Осиё йўналиши Эрдўғон ташқи сиёсатида алоҳида аҳамиятга эга. 2018 йил 2 сентябрь куни Бишкекда Марказий Осиёдаги энг йирик масжидлардан бири очилди. Очилиш маросимида Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков ва Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон иштирок этди. Масжид Туркия томони кўмаги билан қурилган[9]. Усмонли меъморчилик анъаналари кўринишини олган мазкур жомеъ ҳозирга қадар минтақада фаолият юритаётган масжидларнинг энг каттаси ҳисобланади.
Ал-Жазира тадқиқотлар маркази экспертларига кўра, агар Марказий Осиё минтақасида “масжидлар дипломатияси” бўйича рақобат бор деб ҳисобланса, унда Туркиянинг имкониятлари нисбатан кенгроқ. Чунки, масжидлар ва диний муассасалар фаолияти бўйича Туркия тақдим қилаётган вариант Саудиянинг ваҳобийлик таълимотидан кўра афзалроқ ҳамда минтақа давлатлари раҳбариятига кўпроқ мос келади. Ваҳобийликнинг асосини ташкил қилувчи консерватив Ҳанбалий мактабидан фарқли ўлароқ, Марказий Осиё ва Туркияда кенг тарқалган Ҳанафий мактаби нисбатан либерал бўлиб, диний қонунларни талқин қилиш учун кўпроқ эркинлик беради[10]. Аммо бу ерда Туркиянинг “масжидлар дипломатияси” ва унинг ортидаги сиёсатига тўсқинлик қилувчи бошқа бир омилни ҳам унутмаслик керак. Туркияда сўнгги йилларда миллатчилик сиёсати ривожланиб бормоқда. У келажакда дунёдаги барча туркий халқларни ўзининг атрофида бирлаштирмоқчи, бу сиёсат, аҳолисининг асосий қисмини туркий халқлар ташкил қилувчи Марказий Осиё давлатларига маъқул эмас. Шу нуқтаи назардан айтиш мумкинки, “юмшоқ куч” воситаси сифатида масжидлардан фойдаланиш Туркия учун ҳам Марказий Осиё минтақасида ўз таъсирини кенгайтиришида муҳим восита бўла олмайди.
Қатар
Қатар Марказий Осиё минтақасида ташқи сиёсат олиб бориш бўйича фаол бўлмасада, аммо унинг минтақадаги “масжидлар дипломатияси” кўзга кўринарли натижаларга эга. Қатар давлати минтақадаги бир нечта йирик масжидлар қурилишига ҳомийлик қилган. Жумладан, Тожикистонда МДҲ давлатларидаги масжидларнинг энг каттаси бўлиши айтилаётган, масжиднинг қурилиши учун 70 млн АҚШ доллар маблағ ажратган. Умумий қиймати 100 млн. долларни ташкил қилувчи ушбу масжид, бир вақтнинг ўзида 115 минг намозхонларга хизмат кўрсатади. Унинг қурилиши 2009-2019 йилларда давом этди ва яқин орада намозхонлар учун очилиши режалаштирилган.
Қозоғистондаги “Нур Астана” ислом маданияти маркази қурилишига ҳам Қатар ҳукумати маблағ ажратган. У 5 минг номозхонга мўлжалланган “Нур Астана” масжиди, ислом тадқиқотлар маркази ва диний таълим муассасасидан иборат[11]. Сўнгги йилларда Қатар ҳукумати Қирғизистонда ҳам 30дан ортиқ масжид ва диний таълим марказларининг қурилишига ҳомийлик қилди.
Қатарнинг минтақадаги масжид ва бошқа диний муассасаларни қуриш ишларига ҳомийлик қилиши Туркия ёки Саудия Арабистонининг бу борадаги сиёсатидан фарқланади, деб айтиш мумкин. Юқорида айтилганидек, у минтақадаги геосиёсий жараёнларда фаол иштирокчи эмас, унинг минтақа бозорларига киритган катта сармоялари ҳам мавжуд эмас. Масалан, у Душанбедаги масжиднинг қурилиши учун 2009 йилда 70 миллион АҚШ доллари ажратган, ваҳоланки бу даврда, ҳар икки давлат ўртасидаги умумий савдо айланмасининг ҳажми 70 миллионга ҳам етмас эди. Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг хабарига кўра, 2014 йилда икки давлат ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси 60 минг АҚШ долларга ҳам етмаган[12]. (Бу ўзаро муносабатлар ривожланиб бораётган даврдаги кўрсаткич). Ҳозирги кунда ҳам Тожикистон учун Қатар асосий савдо ҳамкори эмас, ўз ўрнида, Қатар учун ҳам Тожикистон муҳим стратегик аҳамият касб этмайди. Қозоғистон билан эса вазият бироз бошқачароқ, Қатар тадбиркорлари Қозоғистондаги энергетика ва турли иқтисодий лойиҳаларда иштирок этишдан манфаатдор, шунинг учун ҳам у турли хайрия тадбирлари ва лойиҳаларини молиялаштиришда қатнашади.
Қирғизистон билан вазият янада мураккаброқ, деб айтиш мумкин. Бугунги кунда республика ҳукумати Форс кўрфазидаги араб давлатларининг барчаси билан, шу жумладан Қатар билан ҳам, яқин муносабатларни ўрнатмоқда. Қирғизистонлик таҳлилчилардан бири Е.Г.Гарбузарованинг фикрига кўра “Қатар ва Саудия Арабистонининг Қирғизистонга сахийларча киритаётган сармоялари хавотирли. Зеро, ҳар икки давлат ҳам сўнгги йилларда ўзининг геосиёсий мақсадларига эришиш учун радикал ислом гуруҳларини қўллаб қувватлаётганлиги ҳаммага маълум. Ушбу мамлакатлар Жанубий Қирғизистондаги масжидларнинг қурилиши учун маблағ ажратиб келмоқда”[13].
Марказий Осиё Қатарнинг асосий савдо бозори бўлмаса, муҳим стратегик аҳамият ҳам касб этмаса, унда масжидлар қуришдан мақсади нима деган савол туғилади. Биринчидан, умуман олганда, ўта мослашувчан диний дипломатия ва бошқа турли самарали усуллар туфайли ушбу мамлакат, охирги ўн йил ичида халқаро майдонда ўз ўрнини белгилаб олди ва кичик бир давлатдан минтақавий ҳамда халқаро даражадаги тартиботга таъсир кўрсата олувчи кучга айланди[14]. У мумкин бўлган барча жойда “юмшоқ куч” воситаларидан фойдаланиб, ўз тарафдорларини кўпайтирмоқда. Иккинчидан, у халқаро миқёсда радикал ислом гуруҳларини қўллаб қувватлашда айбланади, хусусан, “Мусулмон Биродарлар”, “Ал-Қаида” ва “Ислом давлати” сингари халқаро террорчи ташкилотлар билан алоқалари борлиги айтилади. Мазкур террорчи ташкилотлар эса минтақанинг хавфсизлиги учун асосий хатар ҳисобланади. Масжидлар ибодат манзили эканлиги билан бирга турли диний оқимларнинг тарғиботи учун ҳам қулай манзил эканлиги ҳисобга олинса, Қатар томонидан қуриб берилаётган масжидлар қандай мақсадда хизмат қилишини тушуниб олиш мумкин.
Бирлашган Араб Амирликлари
Минтақа республикалари иқтисодиётига сармоя киритаётган мусулмон давлатлари орасида Бирлашган Араб Амирликлари етакчи ҳисобланади, бироқ у масжид ва бошқа диний муассасалар қуриш ишларида фаол эмас. Лекин, шу билан бирга Амирликни Марказий Осиёдаги “масжидлар дипломатияси”да иштирок этмайди деб ҳам, бўлмайди. Мисол учун, Амирликнинг «Заид бен Султан Ол-Нахаян» жамғармаси, Жанубий Қозоғистон ҳудудидаги энг катта масжид ҳисобланадиган Чимкент жоме масжидининг қурилиши учун маблағ ажратган[15]. Шунингдек мазкур фонд Ўзбекистон “Вақф” фонди билан ҳам фаол ҳамкорликни йўлга қўйган[16]. Ўзбекистонда Амирликларнинг ушбу етакчи хайрия ташкилоти иштирокида турли йўналишларда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
БАА турли хайрия тадбирлари, фан, таълим ва технологияларни ривожлантириш учун маблағ ажратиш орқали, минтақада ўзининг имиджини мустаҳкамлаш ва шу орқали минтақа бозорларида катта таъсирга эга бўлиш истагида. У Марказий Осиёдаги диний вазиятга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган воситалардан фойдаланмоқчи эмас.
Хулоса қилиб айтганда, етакчи мусулмон давлатлар томонидан Марказий Осиёда қўлланилаётган “масжидлар дипломатияси” минтақадаги диний вазиятга таъсир кўрсатиш кучига эга. Зеро, масжидлар ибодат маскани бўлиши билан бирга маълум геосиёсий мақсадларнинг тарғибот манзилига айланишини эътибордан четда қолдирмаслик лозим. “Масжидлар дипломатияси” диннинг сиёсат билан аралашувига ва бунинг натижасида вужудга келиши мумкин бўлган хатарларга асос бўлиб қолиши мумкин.
_____________________________________
[1] Масжидлар дипломатияси тушунчасини Мисрнинг NoonPost нашриёти учун ёзган мақоласида таҳлилчи Аид Амира қўллаган https://www.noonpost.com/content/27709
[2] في بلاد المسلمين المنسيين بخارى وما وراء النهر محمد بن ناصر العبودي 1991. 62–бет.
[3] https://www.fergananews.com/articles/9618
[4] https://www.noonpost.com/content/27709
[5] http://asiatv.kg/2017/08/06/
[6] https://www.fergananews.com/news.php?id=18853&mode=snews
[7] https://masjid.uz/toshkent-v/toshkent-sh/shayhontohur-tumani/235-shayx-zayniddin.html
[8] Сохта салафийлик – ушбу тушунча Ж.Каримовнинг “САЛАФИЙЛАР” ёхуд Ислом ниқоби остидаги динбузарлар мақоласидан олинган. Кўпроқ маълумот учун https://religions.uz/news/detail?id=1203
[9] https://centrasia.org/newsA.php?st=1535922240
[10] https://www.aljazeera.net/midan/reality/politics/2019/1/24 دبلوماسية المساجد.. هكذا انتصرت تركيا في معركة الزعامة الإسلاميّة
[11] http://www.akorda.kz/ru/special/events/prezident-kazahstana-nursultan-nazarbaev-i-emir-gosudarstva-katar-sheih-hamad-ben-halifa-al-tani-posetili-islamskii-kulturnyi-centr-nur-astana
[12] https://caa-network.org/archives/8349
[13] Гарбузарова Е.Г. Геополитическое влияние нерегиональных акторов на религиозную безопасность
Кыргызстана // Исламоведение. 2017. Т. 8. № 4. С. 5–16
[14] https://www.noonpost.com/content/27709 دبلوماسية المساجد: بناء الجوامع خدمةً للسياسة
[15] http://www.dailynews.kz/society/v-shymkente-otkryta-samaya-bolshaya-v-yuzhnom-kazaxstane-mechet