islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари-12

Муҳаддислар наздида мустафиз, азиз ва ғариб ҳадислар

Мустафиз

Мустафизнинг таърифи: Луғатдаاِسْتَفَاضَ [истафа́зо] феълининг исми фоили бўлиб, اِسْتَفَاضَ [истафа́зо]нинг ўзи эса فَاضَ الْمَاءُ [фа́зол ма’у] – сув тошди сўзидан олинган. Бундай номланишига сабаб, хабарларнинг кенг ёйилгалиги учундир.

Истеълоҳда унинг таърифи борасида уч хил гап айтилган.

1. Мустафиз машҳур билан синоним.

2. Машҳурдан кўра хосроқ. Чунки мустафизда исноднинг икки тарафи тенг бўлиши лозим. (тарж: яъни, санаднинг боши ва охири. Масалан, саҳоба ва охиридаги ривоят қилинган тараф ададда тенг бўлиши керак.) Машҳур эса ундай эмас.

3. Мустафиз машҳурдан кўра умумийроқ. Яъни юқоридаги иккинчи гапнинг аксидир.

Мустафизнинг ҳукми. Истеълоҳдаги машҳур ва бошқа хабарлар, даставвал саҳиҳ ёки саҳиҳ эмас деб сифатланмайди. Лекин тадқиқ қилиб, ўрганиб чиқилгандан сўнг, унинг саҳиҳ, ҳасан, заиф ёки мавзуъ экани ойдинлашади. Бироқ истеълоҳдаги машҳур саҳиҳ бўлса, бундай ҳолатда унинг азиз ва ғарибдан кўра устунлик жиҳати бўлади.

Азиз хабар

Азизнинг таърифи: Луғатда عَزَّ ، يَعِزُّ [ъазза, яъиззу] – оз бўлди, камёб бўлди феълидан олинган сифати мушаббаҳадир. Ёки у عَزَّ ، يَعَزُّ [ъазза, яъаззу] – қувватли бўлди, кучайиб кетди феълидан ясалган сифати мушаббаҳадир. Унинг бундай номланишига сабаб, бу хабарни учратиш оз ва камдан-кам бўлганлигидир. Ёки бу хабарнинг яна бошқа бир санад билан келиб қувватлангани учундир.

Истеълоҳда ушбу хабарнинг ровийлари ҳар бир табақада иккитадан кам бўлмаган хабардир.

Мисоли: Икки шайх Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ва имом Бухорийнинг ўзи Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган қуйидаги ҳадис: عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، أَنَّ رَسُلَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : لَا يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى أَكُونَ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِنْ وَالِدِهِ ، وَوَلَدِهِ وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ – Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳеч бирингиз унга отасию боласидан ва барча одамлардан севимли бўлмагунимча мўмин бўла олмас”, дедилар” .

Татбиқи: Анас розияллоҳу анҳудан 1. Қатода; 2. Абдулазиз ибн Суҳайблар ривоят қилганлар.

Қатодадан 1. Шуъба; 2. Саъийдлар ривоят қилганлар.

Абдулазиз ибн Суҳайбдан 1. Исмоил ибн Улайя; 2. Абдулворислар ривоят қилганлар.

Уларнинг ҳар биридан жамоа-жамоа одамлар ривоят қилганлар.

Ғариб хабар

Ғарибнинг таърифи: Луғатда ёлғиз ёки яқинларидан узоқда маъносидаги сифати мушаббаҳа бўлиб, غَرِيبٌ – فَعِيلٌ вазнидадир. Истеълоҳда эса уни ёлғиз бир киши ривоят қилган хабардир. (яъни, санаднинг қолган жойларида кўпчилик ривоят қилган бўлса ҳам қайсидир бир жойида биттагина ровий ривоят қилган бўлади.)

Номланиш сабаби: Кўпчилик уламолар ғарибга бошқа ном қўллайдилар. У ҳам бўлса “фард” номидир. Чунки, иккиси синоним сўзлардир. Баъзи уламолар эса булар орасини фарқлайдилар ва алоҳида тур, дейдилар. Лекин Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: “Фард ва ғариб луғатда ҳам, истелоҳда ҳам синонимдир”, дейди. Бироқ у киши зикр қилиб айтадики: “Мусталаҳ илми аҳли бу иккисининг орасини кўп ва кам истеъмол қилиниши жиҳатидан фарқлашади. Масалан, фардни, кўпинча, фарди мутлаққа нисбатан қўллашади, ғарибни эса фарди нисбийга нисбатан ишлатишади” .

Ғарибнинг қисмлари: Ғариб ёлғизлик жойлашган ўрнига нисбатан иккига бўлинади, мутлақ ғариб ва нисбий ғариб.

Мутлақ ғариб ёки мутлақ фард – ёлғизлик санадининг негизида бўлган хабардир. Яъни ушбу хабарнинг негизида бир шахс (бир саҳоба) ривоят қилган бўлади.

Мисоли: قال عمر بن الخطاب رضي الله عنه عن النبي صلى الله عليه وسلم :إنَّما الأعْمالُ بالنِّيّاتِ – Умар розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиб айтади: “Дарҳақиқат, амаллари ният биландир” .

Татбиқи: Бу ҳадисни санаднинг негизидаги саҳоба Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ёлғиз ўзлари ривоят қилган. Баъзан бу ёлғизлик санаднинг охиригача давом этади. Баъзан эса, бу ёлғиз кишидан бир нечта ровийлар ривоят қилади.

Нисбий ғариб ёки нисбий фард – у ёлғизлик санаднинг асносида бўлган хабардир. Уни санаднинг негизида бир ровийдан кўпроғи ривоят қилиб, кейин улардан ривоят қилган ровий битта бўлиб қолади.

Мисоли: Моликнинг Зуҳрийдан, у Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси:أنّ النبي صلى الله عليه وسلم دخل مكة يوم الفتح وعلى رأسه المغفار – “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага кирганларида бошларида дубулға бор эди” .

Татбиқи: Имом Молик Зуҳрийдан қилган ривоятида ёлғизланиб қолган.

Номланиш сабаби: Бу қисм “Нисбий ғариб“ деб номланишига сабаб, чунки ёлғизлик бу қисмда муайян шахсга нисбатан воқеъ бўлди. (Санаднинг бошида эмас, ўртасида қайсидир табақага нисбатан ўша табақада битта ровий, муайян шахс ёлғизланиб қолган бўлади.)

Таржимон: Тошкент ислом институти ўқитувчиси А.Ғиёсов

173520cookie-checkҲанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари-12

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: