Буюк ҳинд уламоларидан Анваршоҳ Кашмирий ёшликларида ота-онадан етим қолиб, Деҳлидаги Шоҳ Жаҳон қурдирган масжидда гадойлик қилган эканлар. Бир куни у кишининг олдиларига бир одам келиб сўрабди:
— Ўғлим, туришингдан жуда заковатли болага ўхшайсан. Илм ўқимадингми?
— Илм ўқитгани менинг ота-онам йўқ.
— Мен ҳамма харажатларингга кафил бўламан, илм ўқийсанми?
Ўша киши болакайни Маҳмуд Девбандий ҳузурига илм ўрганишга олиб борган экан…
* * *
Анваршоҳ Кашмирий айтадилар: «Мен 137000 китоб ўқидим. Фаразан, агар Девбанд кутубхонасини кимдир ёқиб, кул қилиб юборса ҳам заррача парво қилмайман. Чунки у ердаги китобларнинг ҳаммасини ёдлаб олганман».
* * *
Анваршоҳ Кашмирий Ҳажга борганларида бир кишида «Нурул изоҳ» китобига «Мароқул фалоҳ» ҳошиясини ёзган олимнинг ўз дастхати билан қолдирган нодир нусхани кўриб, эгасидан сўраган эканлар:
— Шу китобни менга бир йилга берсангиз. Кейинги йил Ҳажгача мен бу китобни Девбандда бостириб сизга қайтараман.
— Китобни беролмайман. Мусаннифнинг ўз дастхати билан қолган…
— У ҳолда бир кечага бериб туринг.
Ҳазрат бир кечага 500 саҳифалик ушбу китобни ўқиб, ёдлаб олган эканлар. Кейин уни Девбандда бостириб, кейинги йили Ҳажга олиб келиб солиштиришса, олдинги китобдаги хатоларни ҳам тузатилган ҳолда чоп қилинган экан…
* * *
Анваршоҳ Кашмирий айтадилар: «Аллоҳ таоло менга шунча зеҳн ато этди-ю, лекин Қуръони каримни ёдлашни насиб этмади. Ҳар йили Рамазонда 30 кун эътикоф ўтириб, Қуръони каримни каримни хатм қиламан, деб ният қиламан. 30 кун ичида 30 саҳифа Қуръон ўқий оламан холос. Бир оятни ўқишим билан Аллоҳ таоло менинг кўз ўнгимда чеки йўқ денгиз пайдо қилади. У ердаги дурларни тераман деб, шу даражада киришиб кетаманки, натижада яна хатм қилолмай қоламан. Шунинг учун ҳам мен Каломуллоҳни ёдлай олмадим».
* * *
Анваршоҳ Кашмирий «Саҳиҳи Бухорий»га «Файзул Борий» деган шарҳ ёзиб машҳур бўлиб кетган вақтларида дунёнинг энг машҳур уламолари (улар орасида Миср муфтийси Рашид Ризо ҳам бор эди) 300 нафар араб олимлари билан Деҳлидаги Шоҳ Жаҳон масжидига Анваршоҳ Кашмирийни зиёрат қилгани келган эканлар. 300 нафар олим билан сўрашиб чиққанларидан сўнг ҳазрат деворга суяниб, йиғлаган эканлар. Шунда Рашид Ризо йиғи сабабини сўраганда, у зот:
— Бир пайтлар мен шу ерда гадойлик қилардим. Бир неча марта калтак ҳам еганман. Бир пайтлар менга нон бермаган бу гўшада илм сабабидан бугун дунёнинг энг забардаст олимлари қўлимни ўпди…