Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тасдиқланган “8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллигига бағишлаб ўтказиладиган тадбирлар режаси” 2-банди ижроси юзасидан Тошкент ислом институтида “Конфессиялараро мулоқот ва диний бағрикенглик – жамият барқарорлиги гарови” мавзусида анжуман бўлиб ўтди.
Мазкур анжуманда Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходимлари ҳамда Тошкент ислом университети ва Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган диний таълим муассасалари – Тошкент ислом институти, “Кўкалдош” ва “Хадичаи Кубро” ўрта махсус ислом билим юртлари, Тошкент православ диний семинарияси, Тошкент христиан семинарияси ўқитувчи ва талабалари иштирок этдилар.
Анжуман ДИҚ диний таълим бўлими бошлиғи М.Муҳаммадсиддиқов, ЎМИ таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Ж.Нуриддиновнинг тадбир иштирокчиларига табрик сўзи билан очилди.
Анжуманда Тошкент ислом университети “Диншунослик ва жаҳон динларини қиёсий ўрганиш ЮНЕСКО” кафедраси катта ўқитувчиси Саидафзал Сайиджалоловнинг “Ҳаёт қомуси – ҳидоят йўли”, Тошкент православ диний семинарияси талабаси Тимафей Ибрагимовнинг “День конституции Узбекистана”, Тошкент христиан семинариясининг диний масалалар бўйича директори Сергей Терновойнинг “Конституция и толерантность”, ТИИ ректори Уйғун Ғафуровнинг “Давлат ва дин муносабатларининг ҳуқуқий асослари” мавзусидаги маърузалари эшитилди.
Маърузачилар мамлакатимизда ҳар қандай дин ёки миллат вакилининг ҳуқуқ ва эркинликлари тўлиқ кафолатланиши, диний ибодат ва маросимларни амалга ошириш учун барча шароитлар яратилиши заминида Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгилаб қўйилган тамойиллар ётгани, турли дин ва миллат вакиллари ўзаро иноқ ва тотув ҳаёт кечираётгани, юртимиз тинчлигига таҳдид соладиган дин ниқобидаги экстремистик ва радикал кучларга қарши турли конфессия вакиллари биргаликда курашиши зарурлигини таъкидладилар.
Анжуман самимий, ўзаро ҳурмат ва эҳтиром кайфиятида ўтди.
ТИИ Маънавият-маърифат ва иқтидорли
талабалар билан ишлаш бўлими