islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Дунёдаги энг нуфузли мусулмонлар рейтингида муфтий Усмонхон Алимов ҳам бор

Амман шаҳридаги Қироллик Исломий Стратегик тадқиқотлар маркази Жоржтаун шаҳридаги Мусулмон-насроний ўзаро англаш маркази кўмагида дунёдаги энг нуфузли 500 мусулмоннинг яна бир рўйхатини тайёрлади. Тадқиқот 2009 йилдан бери ҳар йили нашр этилади.
26 октябрь куни кетма-кет олтинчи марта эълон қилинган Muslim 500-2021 рейтингида Ўзбекистон Бош муфтийси Усмонхон Алимов номи ҳам келтирилган.
“Алимов 2006 йилдан буён Ўзбекистон бош муфтийси бўлиб ишлайди. У илгари муфти бўлган Самарқанд вилоятида экстремистларга қарши курашда мўътадил позицияси ва исботланган тажрибаси билан ҳурматга сазовор. Алимов Тошкентнинг 2007 йилда ISESCO Ислом маданияти пойтахтига айланишида муҳим роль ўйнаган”, дейилади Muslim 500-2021 рейтингида.
Бу йил дунёдаги энг нуфузли мусулмонлар рейтингини Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған бошқармоқда. Ундан кейин Саудия қироли Салмон ибн Абдулазиз ҳамда Эроннинг 1989 йилдан бери Олий диний раҳнамоси Оятуллоҳ Саид Али Хаменеи бор.
Дастлабки бешликни 1999 йилдан бери Иордания қироли, Қуддусдаги муқаддас қадамжолар қўриқчиси Абдулла II ибн Ҳусайн ал-Ҳошимий ҳамда етакчи ислом мутафаккири, ислом молияси асосчиларидан бири Шайх Муҳаммад Тақи Усмоний якунлайди.
Топ-50 таркибига Покистон Бош вазири Имрон Хон (15 ўрин), Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон (23 ўрин), Тожикистонда яшовчи дунёдаги исмоилийларнинг маънавий йўлбошчиси Шоҳ Карим ал-Ҳусайний (30 ўрин), мисрлик футболчи Муҳаммад Салоҳ (42 ўрин) ҳам киритилган.
Шунингдек, рейтингда президентлар Илҳом Алиев (Озарбайжон), Гурбангули Бердимуҳаммедов (Туркманистон), Эмомали Раҳмон (Тожикистон), Рамзан Қодиров (Чеченистон) ҳамда UFCнинг енгил вазн бўйича чемпиони Ҳабиб Нурмагомедов ва бошқалар ўрин эгаллаган.
ЎзА
179692cookie-checkДунёдаги энг нуфузли мусулмонлар рейтингида муфтий Усмонхон Алимов ҳам бор

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: