islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Луқмам энди ҳаромми?

❓Cавол: Бир вақтлар Россия ўрмонларида ишлаганимда чўчқа гўштини ейишга мажбур бўлганман. Билиб туриб еганим учун ҳалигача кўнглим ғаш бўлаверади, лекин бошқа иложим йўқ эди. Совуқда касалланмаслик, бошқа гўшт бўлмагани туфайли йиғлаб еганман. Аммо онам мени “луқмангга ҳаром аралашган, чўчқа гўштини еганинг сабаб аҳли оилангни қизғанмайдиган инсонга аниқ айланиб қолгансан” дея қийнайверади. Шу гап ўринлими?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ўтган ишга тавба тазарру қилиб, истиғфор айтинг. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: «Сизларга ўлимтик, қон ва чўчқа гўшти ҳаром қилинди» (Моида сураси, 3-оят).
Энди бундай ҳаром таомларни ҳеч ҳам еманг. Иложи борича ишга жойлашишдан аввал шарт шароитларни ўрганинг, Аллоҳ таолодан ёрдам сўраб, ҳамма ишда ҳалоллик ва покликни қаттиқ қасд қилинг. Ана ўшанда ниятингизга яраша ҳалоллик ва покликка эришасиз, иншааллоҳ. Чин тавба қилган киши гуноҳи йўқ киши кабидир. Бир икки марта билиб билмай ҳаром таом еган киши бир умр оиласини қизғанмай қолади, аниқ даюс бўлади, деган гап йўқ. Инсон тавба қилиб ўзини ўнгласа, ҳамма нарса изига тушади.
Ҳайвоншунос олимлар чўчқанинг энг ифлос ҳайвонлардан бири экани, у ҳашаротлар, тезаклар ҳатто ўз нажосатини ҳам ейишини, уни ўта озода жойда ва энг яхши емлар билан боқилса ҳам, ўзининг ифлос табиатидан воз кечмаслигини таъкидлайдилар. Шариат ва тиббиёт нуқтаи назаридан озиқ турлари ва ҳайвонларга кўп аралашиб юриш, инсоннинг табиати ва аҳлоқига таъсир қилиши маълумдир. Бу ҳақда Абу Саид разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Кибр ва фахрланиш от ва туя боққанларда, хотиржамлик эса қўй боққанларда мавжуддир” деб айтган ҳадисларини ривоят қилган (Имом Аҳмад ривояти).
Ибн Халдун раҳимаҳуллоҳ: “Саҳройилар туя гўштини егач қўполликни, туркийлар отнинг гўштини егач довюракликни, фаранглар эса чўчқа гўштини еб даюсликни касб этдилар” – деганлар. Ҳозирда ҳам доимий тўнғиз гўштини ейдиган кишиларда, онангиз айтганларидек, ҳамиятсизлик пайдо бўлиши ҳақида илмий тажрибалар мавжуд. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати. @diniysavollar

180630cookie-checkЛуқмам энди ҳаромми?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: