Нижний Новгород мусулмонлари диний идораси раиси Умар Идрисов 2020 йил 8 ноябрь, якшанба куни 67 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Нижний Новгород вилояти раҳбари Глеб Никитин ҳукумат веб-сайтида Идрисовнинг қариндошларига йўллаган таъзиясига таяниб ТАСС ахборот агентлиги хабар бермоқда.
“Умар Идрисов вилоят тарихида энг ёрқин диний раҳбар ва уламолардан бири сифатида абадий қолади. У жуда илмли инсон эди ва бошқаларга ҳам илм олишида йўл кўрсатувчи ва ёрдамчи бўлган, вилоятимизда йирик маърифий ишларга бошчилик қилган. У Нижний Новгород ва вилоятдаги мусулмонлар зиёратгоҳларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича улкан ишларни амалга оширди”- деди Никитин.
Умар Юсупович Идрисов 1954 йил 1 январь кунида Горький шаҳрида туғилган. Татар миллатига мансуб. Ўрта мактабни тамомлаб, шаҳар корхоналарида ишлайди, армияда йигитлик бурчини ўтаб қайтади. У 1980-1983 йилларда Мир Араб мадрасасида, 1983-1987 йилларда Тошкент ислом институтида таҳсил олган.
У “Бухоро хотиралари” китобида Ўзбекистон тупроғида ўтган талабалик йилларини шундай тасвирлаган эди: “Ўзбекистон – менинг қалбимда! Ўша даврнинг ажойиб онлари, қизиқарли воқеалари, юқори савиядаги таълим хотирамда абадий қолган. Ўзбек йигитлари, менинг курсдошларим, ҳаётдаги ҳақиқий Ислом маданияти қандай эканлигини менга кўрсатиб беришган. Улар каттага ҳурмат, кичикка иззат билан муомала қилишарди. Мана бу ҳақиқий мусулмончиликдир!
Ўзбекистонда 7 йил яшадим. Бу йилларда бир оғиз дағал сўз эшитмадим. Кечаларида Тошкент кўчаларида бемалол сайр қилиш мумкин эди: аэропортга борар эдим, ҳеч ким чертмади ҳам, безорилик ҳам қилмади.
Ўзбекистон мен учун Ислом маданиятининг бир намунасидир. Фақат назарий эмас, балки ҳаётий муомалаларда ҳам: ҳурмат, тартиб, одамгарчилик, бошқаларга қўлидан келган ёрдамини аямайдиган одамлар юрти сифатида таассурот қолдирган”.
Умар Идрисов Нижний Новгород жоме масжидини қурилиши ташаббускорларидан эди (1988 й.) 1991 йилдан бошлаб шу масжиднинг имом-хатиби, 1993 йилдан Нижний Новгород ва Нижегород вилоятидаги мусулмонлар диний идорасининг раиси бўлиб ишлади.
1994 йилдан унинг бошчилигида Моҳинур мадрасаси қуриб битказилади ва дастлабки талабалар қабул қилинади. Унинг ташаббуси билан 2001 йилда Тавба масжиди, 2005 йилда Ҳ.Фаизханов номидаги Нижегород ислом институти, 2006 йилда Ислом маданияти маркази очилган. У Имом Абу Ҳанифа фондининг президенти, Халқаро Славян Фанлар академиясининг профессори (1997 й.), Россиянинг Европа қисми ва Сибирь мусулмонлари диний идораси раисининг ўринбосари эди.
Тошкент ислом институти жамоаси ҳазрат Умар Идрисов вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло охират сафарига кузатилган олимнинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.
Ҳақ таоло марҳумнинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
ТИИ матбуот хизмати