islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

КЎЗ ҚАРОҒИНГИЗДАН АЖРАЛДИНГИЗМИ?

Аллоҳ сабр ато этсин, ўкинманг!

«Эй-воҳ, афсус, ҳомиланинг юраги урмаяпти..» Истар-истамас қулоғимга чалинаётган ушбу даҳшатли, аммо бу сўзлар миямни  ўқдек тешиб ўтди. Изтироб, қайғу, ҳасрат бутун вужудимга тарқалиб, томирларим орқали бутун танамга, ҳатто ҳужайраларимгача ёйилиб кетди. “Йўқ-йўқ! Бўлиши мумкин эмас!”  ҳайронман, ишонмайман, карахт аҳволга тушиб қолдим. Фақат йиғи, йиғи, йиғи… шунчалар ожизман-ки, йиғлашдан бошқа ҳеч иш келмайди қўлимдан. Турмуш ўртоғим билан қилган не-неларни орзу-умидларимиз, илк эркатойимизга қандай чиройли исмларни топиб қўйганимиз, кўзимиз кўрмаган кўз-қувончимиз учун қандай режалар тузганимизни эсга оламан, беихтиёр… бироқ яноқларимдан тинимсиз оқётган аччиқ кўзёшларимдан бошқа ҳеч нарса йўқ эди шу дам қўлимда…

Ваҳоланки, шу ондан эътиборан, мен инсон эканлигимни англай бошладим. Кимлигимни идрок этишга уриндим. Илк ўлароқ лойдан яратилган, кейин оддий бир бўлак гўшт бўлган ожиз бандасан-ку, ахир, дедим ўзимга ўзим. Ҳаётий ҳодисаларни бошқариш ёки ундан қочиш менинг қўлимда эмас. Бу – мени яратган Aллоҳнинг иродаси, Унинг пешанамга битган тақдири азали. Биз ўзимизча кўп режалар тузамиз, орзулар, ҳаваслар қиламиз. Бироқ Буюк ва Қудратли Парвардигор режалаштирувчиларнинг энг Яхшиси, энг Улуғидир. Бинобарин, охир-оқибат фақат Унинггина режа ва тақсимоти содир бўлгуси, амалга ошгуси. Бу ҳодиса мен ҳали онам қорнидалигимдаёқ Раҳмон ва Раҳим Ҳолиқимнинг тузган режаси эканлигини бутун вужудим ила яна бир бор ҳис қилдим, англаб етдим ва батамом таслим бўлдим. Эндиликда елкамни эзиб турган мусибатнинг, албатта, ҳар нарсани билгувчи Ҳаким бўлган Зот томонидан белгиланган бир ҳикмати борлигидан тўлиқ амин бўлдим. Роббим бундай синовга бардошим етишини олдиндан билгани боис, бошимга қўйганига яна бир бор амин бўлгач, анча енгил тортдим. Қуръони Азимда айнан шундай марҳамат қилинади:

«Aллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас.” (Бақара сураси, 286-ояти).

Буларнинг барчасини тушунгач, «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун, алҳамдулиллаҳи ала кулли ҳаал» – «Албатта биз Aллоҳникимиз ва албатта, Унга қайтувчимиз, ҳар қандай ҳолатда ҳам Aллоҳга ҳамдлар бўлсин!» деб астойдил дуо қила бошладим.

Ёрдам, тасалли илинжида интернетдан «ҳомила тушишидан кейинги ҳаёт» деган сўзларбилан қидирув бериб, дуч келган мақолаларни берилиб ўқишга киришиб кетдим. Ушбу мавзу бўйича кўплаб материалларни кўриб чиқиб, мен каби оғриқли ҳолатни бошдан кечирган барча мусулима аёллар ҳақида ўйлаб кетдим. Шу зайлда, ҳомиласи ёки боласидан айрилгандан кейин қандай қилиб нормал ҳаётга қайтиш мумкинлиги ҳақида улар билан ўз маслаҳатларимни баҳам кўришга қарор қилдим.

Нигора УСМОНОВА, Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси

Нилуфар Кабулова, репродуктолог, гинеколог, нутрицолог

462430cookie-checkКЎЗ ҚАРОҒИНГИЗДАН АЖРАЛДИНГИЗМИ?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: