islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Олий маъҳад талабаси Қуръони каримни ёддан 10 соат мобайнида тўлиқ ўқиб берди

Бугун, 9 ноябрь куни Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Ҳикматуллоҳ Рўзалиев ўттиз пора Қуръони каримни бир кунда, бир ўтиришда 10 соат мобайнида ёддан ўқиб берди.
Қуръони каримни ўқиш жараёнини «Таҳфизул Қуръон» кафедраси ўқитувчилари Жаҳонгир қори Неъматов, Исломхон қори Убайдуллаев, Аҳмадхон қори Рашидов, Зафар қори Маҳмудов, Жаҳонгир қори Рўзиев, Абдулбосит қори Қобулов, Адҳамжон қори Юсупов ва бошқа устоз ҳамда талабалар кузатиб бордилар.
Ҳикматуллоҳ қори Рўзалиев тонгги соат олтидан Қуръони каримни ўқиб беришни бошлаб, аср намозида якунлади. Шундан сўнг «Таҳфизул Қуръон» кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов ТИИда анъанага айланаётган ушбу тадбирнинг аҳамияти тўғрисида маълумот берди.

Ҳикматуллоҳ қори Тошкент ислом институтига ўқишга кирган 2017 йили Қуръоннинг 4 порасини ёд олган эди ва 1-курснинг ўзида 10 ой ичида Каломуллоҳни тўлиқ ёд олди. Шундан сўнг, ёд олган сураларини мустаҳкалаш учун ўтган икки ярим йил мобайнида устозлари Жаҳонгир қори Неъматов, Зафар қори Маҳмудов ва Жаҳонгир қори Рўзиевга Қуръонни ўқиб топшириб борди. Ушбу меҳнатларининг самараси ўлароқ бугун бир ўтиришда бутун Қуръони каримни устозлари гувоҳлигида ўқиб топширишга муваффақ бўлди. Ёддан ўқиб бериш вақтида 4 мартагина “луқма” олиб, қолган ўринларда бехато, адашмасдан Каломуллоҳни хатм қилди.
Ҳикматилла қори ва унинг устозларига Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуров ташаккурлар билдириб, мана шундай етук қориларни етиштириб чиқаришда омадлар тилади. ТИИ ректори Уйғун домла Ғафуров, проректор Умид домла Ходжаев, кафедра мудирлари Соатмурод домла Примов, Обид домла Тангиров, Фазлиддин домла Сувонов ва барча иштирокчилар, биргаликда Қуръони карим хатми дуоси баробарида қори устозлар ва Ҳикматуллоҳ қорининг ҳақига эзгу дуолар қилдилар, Аллоҳдан юртимизга хайр-барака ва офият сўрадилар. Ҳикматуллоҳ қорига институт фонди ҳисобидан ноутбук ва бошқа совғалар ҳадя қилинди.


«Таҳфизул Қуръон» кафедраси қори устозларининг тинимсиз меҳнатлари эвазига Тошкент Ислом институтида Қуръони каримни бир кунда тўлиқ ўқиб бериш анъанага айланмоқда. Эътиборлиси, ушбу амалиёт хориждаги Қуръон ёдлатишга мўлжалланган мадраса ва олийгоҳларда ҳам кам учрайдиган ҳолатдир.
Эслатиб ўтамиз, 2015 йилда Тошкент Ислом институти тарихида аёл-қизлар ўртасида илк бор Гулруҳ Кенжабек Қуръони каримни бир кунда, бир ўтиришда 16 соат мобайнида тўлиқ ўқиб берган эди. Гулруҳ Кенжабек 2014 йили ўтказилган Республика Қуръон мусобақасининг ҳифз йўналиши ғолибаси ҳисобланади. Шунингдек, Робия Нажмиддинова ва Фотима Абдуллаев ҳам Гулруҳ каби Аллоҳнинг каломини юқоридаги услубда ўқиб берган эди.
Йигитлардан эса, «Таҳфизул Қуръон» кафедраси талабалари Адҳам қори Отахонов ва Фатҳуллоҳ қори Дадаев ҳам муқаддам Қуръони каримни ёддан тўлиқ ўқиб, устозлар кўригидан ўтказиб олган эди.

Маълумот: Қуръони каримда 114 та сура, 6236 та оят ва тахминан 1015030 нуқта, белги, 323670 ҳарф ва 77934 та сўз бор. Қуръон саҳифаланишига кўра 30 пора (жуз, қисм)дан иборат бўлиб, мусҳафнинг ҳар 10 вароғи бир пора ҳисобланади.

«Таҳфизул Қуръон» кафедраси

ўқитувчи Зафар қори Маҳмудов

180890cookie-checkОлий маъҳад талабаси Қуръони каримни ёддан 10 соат мобайнида тўлиқ ўқиб берди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: